Тиббиёт 06.08.2019 189

КЎЗ КАСАЛЛИКЛАРИНИ ДАВОЛАШ ТУБДАН ЯХШИЛАНАДИ

Тиббиёт ва ислоҳот

Вилоят кўз касалликлари шифохонасида илк бор беморлар асосланган томографик кўрикдан ўтказила бошланди.

Вилоят ҳокими ташаббуси билан шифохона моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 1 миллиард 100 миллион сўм ажратилиб, компьютер томография, факоэмульсификатор ва лазер аппаратлари сотиб олиш режалаштирилган эди. Куни кеча 403 миллион 200 минг сўмга кўз касалликларини даволашда фойдаланиладиган томография аппарати олиб келиниб, ҳиндистонлик ҳамкорлар томонидан ўрнатилди.

- Беморларга тўғри ташхис қўйиш мақсадида томографик кўрикдан ўтиш учун уларни Самарқанддаги хусусий клиникаларга юборардик, - дейди шифохона бош шифокори Баҳриддин Эшдавлатов. - Энди беморларга ўзимизда аниқ ташхис қўйилади. Бу ҳиндистонлик малакали мутахассислар иштирокида вилоятимиз офтальмологлари томонидан амалга оширилди. Ушбу аппарат билан ишлашда шифокорларимиз малакасини ошириш учун мутахассисларимизни республика кўз касалликлари шифохонасига бир ҳафталик амалиётга юбораяпмиз. Ўйлайманки, факоэмульсификатор ва лазер аппаратлари олиб келингандан сўнг беморлар ташхис ва даво учун Тошкент шаҳрига ёки хорижга боришларига ҳожат қолмайди. Барча зарур жарроҳлик амалиётлари ўзимизда бажарилади.

Давлат тиббиёт муассасалари ичида мазкур томография аппарати фақат Тошкент шаҳрида ва вилоятимизда мавжуд бўлиб, беморларни тўлиқ текширувдан ўтказиш ва асосли ташхислаш, айниқса, кўз касалликлари бўйича ногиронлик гуруҳларини аниқлашда асқатади.

Шоҳиста БОЗОРОВА