Жамият 02.07.2019 203

КЎЗИНГ ҚАЕРДА ЭДИ, ИСТЕЪМОЛЧИ?

Муносабатга муносабат

КЎЗИНГ ҚАЕРДА ЭДИ, ИСТЕЪМОЛЧИ?

Ёхуд муаммога фақат бир ёқлама қарайдиган "Ўзтрансгаз" жавоби хусусида

Хабарингиз бор, бироз аввал газетамизнинг 4 июнь сонида, ЎзА расмий сайтида "Туя гўшти еган пеня ёхуд Қаршида табиий газ истеъмолчиларини нима саросимага солаяпти?" сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда шу кунларда аксарият абонентларга кечиккан қарздорлик бўйича ёппасига пеня ҳисобланаётгани, 4-5 йиллиги кўтарилгани боис айримларга ҳатто 1-2 миллион сўмгача жарима солингани ҳақида айтилганди. Аҳамиятлиси, ушбу мақолага "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамияти ахборот хизмати муносабат билдирди. Жамият расмий веб-сайтида ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида мазкур танқидга жавоб берилди.

Унда жумладан шундай дейилади: "Истеъмолчи билан таъминотчи ташкилот ўртасида тузилган шартномада кўрсатилганидек, газ истеъмолчига белгиланган муддатларда узлуксиз ҳолда (айрим техник носозлик рўй берган ҳолатлар бундан мустасно) етказиб берилади.

Истеъмолчилар билан тузилган типовой шартномада, ҳар ойнинг биринчи ўн кунлигида, яъни 10-санасигача аввалги ойда сарфланган газ ҳақини тўлаш мажбурийлиги қатъий белгиланган. Бинобарин, ойнинг 11-санасидан бошлаб, муддатида тўланмаган ҳақ учун кунига 0,1 коэффицент миқдорида автоматик равишда пеня ҳисоблаш жараёни бошланади. Шартномада, шунингдек, 50 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда пеня ҳисобланиши, 50 фоиздан ошган ҳолатда, истеъмолчи тўловни амалга оширмагунга қадар, газдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмаслиги белгилаб қўйилган.

Аниқланишича, мақолада номлари кўрсатилган Қарши шаҳар Чақар маҳалласида яшовчи фуқаро Г.Х.нинг хонадони 2008 йил 1 январида "Қаршишаҳаргаз" филиалида абонент сифатида рўйхатга олинган. Ушбу хонадон, шунингдек, "Биллингаз" дастурида ҳам 2011 йил 1 январда "Қаршишаҳаргаз" филиалида абонент сифатида рўйхатдан ўтган.

Хонадоннинг абонент картаси ўрганиб чиқилганда, мулкдорга газ истеъмоли учун 2019 йил апрель ҳолатида пулни кечиктириб тўлаганлиги натижасида  1 миллион 857 минг 801 сўм пеня ҳисобланган.

Жорий йилнинг май ойида пеня қарздорлиги учун 150 минг сўм миқдорида тўловни амалга оширган бўлса-да, фуқаро Г.Х. юзага келган қарздорликка ва пеня миқдорига қонунда белгилаб қўйилган тартибда эътироз билдирмаган.

Шу ўринда, бу фуқаро қарздорликни ва юзага келган пеня миқдорини қайта ҳисоблаш, камайтириш, олиб ташлаш каби масалаларда ҳудудий газ таъминоти филиалига мурожаат қилиши, мурожаатга берилган жавобдан қониқмаган тақдирда, ўз манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлигини тушунтириш лозим.

Шунингдек, мақолада номлари зикр этилган бошқа фуқаролар ҳам ўзларининг ҳуқуқлари билан бирга бурчлари нимадан иборатлигини   билиб қўйсалар, нур устига аъло нур бўлар эди. Зеро, газ, сув, электр манбалари - халқ бойлигидир.

Умуман олганда, қонунчиликда кенг имконият яратилганига қарамасдан, ҳеч бир сабабсиз тўловни вақтида амалга оширмаган, қарздорликка кўз юмган, жаримадан қочган фуқаро борки, қонун олдида жавоб беради. Шундан келиб чиқиб, истеъмолчиларнинг  фойдаланилган табиий газ тўловларини ўз вақтида амалга оширмаганлиги оқибатида келиб чиққан қарздорлик ва пеня ундириш хусусида судларга даъво аризалари киритилиб, тегишли  фуқароларга нисбатан суд қарорлари чиқарилаётгани, улардан қарз ва пенядан ташқари давлат божи билан бирга суд харажатлари ҳам ундирилаётганини таъкидламасдан иложимиз йўқ.

Шу ўринда Қашқадарё вилояти ҳудудий газ таъминоти филиалининг фаолияти юзасидан муаллифнинг журналистик суриштируви, ҳолатни ўрганишда холисликка таянмаганлиги, ҳавола қилинган фактларда ноаниқликлар мавжудлигини ҳам таъкидлаш лозим. Жумладан, мақолада номлари келтирилган Қарши шаҳар Гулшан маҳалласида яшовчи фуқаро Н.Ҳамидова ҳамда Қарши туманида яшовчи фуқаро А.Худойқулов "Биллингаз" дастуридаги рўйхатда мутлақо йўқлиги, бундай фуқаролар ҳақидаги маълумотларнинг ўзи мавжуд эмаслиги ҳам фикримизнинг тасдиғидир.

Кези келганда тан олишни ҳам билиш керак... Мақолада тилга олинган Қарши шаҳар газ участкасида 2 нафар "Ўзтрансгаз" АЖ оператори штати мавжуд бўлиб, улардан бири улгуржи истеъмолчиларнинг ҳисоб-китоби билан шуғулланади, бири эса аҳоли истеъмолчиларининг ҳисоб-китоб ишларини юритади. Муаллиф тўғри таъкидлаганидек, "Қаршишаҳаргаз" участкасида тўловнинг бу ҳолатда амалга оширилиши тирбандликларни келтириб чиқариб, фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлаяпти. Бу ерда бир кунда тахминан 300 дан зиёд фуқаро табиий газ тўловини амалга оширишни ният қилиб келади. Афсуски, операторлар штати камлиги туфайли, уларнинг 50-60 нафаригина пеня қарздорлигини тўлай олаяпти, холос. Айни пайтда тизимда мазкур камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалий ишлар бошланганини маълум қиламиз..."

*  *  *

Мазкур жавобдан шундай шаъмани тушуниш мумкин: 4-5 йиллиги бўладими, пеня аҳолига тўғри ҳисобланган, ҳаммасига истеъмолчининг ўзи айбдор. Эътиборсизлик қилган, вақтида қарзини тўламаган. Бу ерда газ таъминоти корхонаси ҳақ. Бошқа чорангиз йўқ, тўламай қаерга ҳам борасиз.

Хуллас, шундай дейишмоқчи мутасаддилар. Муносабатдан ҳам барчаси билиниб турибди. Ҳар ҳолда ёндашув истеъмолчи манфаатини кўзлаб қилинмагани очиқ кўриниб қолди. "Ўзтрансгаз" АЖ ахборот хизмати бунинг учун талай важларни ҳам қалаб ташлаган, ахир. Гўёки шу билан муаммо ҳал бўлгандек, танқидга жавоб берилгандек.

Хўш, аслида бу важларнинг қанчаси асосли? Ростдан ҳам  танқид ўринсизмиди? Барча айбни фақат истеъмолчига ағдариш қай даражада тўғри?

Энди шу хусусда сўз юритсак. Мутасаддилар ўз муносабатининг аввалидаёқ "типовой" шартномани дастак қилишган, абонент мажбуриятларини эслатишган. Ҳақиқатан ҳам шундай, шартнома - барчаси белгилаб қўйиладиган ҳужжат. Аммо шартнома умуман бўлмаса-чи? Муаммо шунда. Ҳудудий таъминот корхонаси бугунги кунда қанча истеъмолчи билан шартномавий муносабат юритаяпти ўзи? Мижозларнинг қанчасига расмий "договор" берилган? Бу ҳақда лом-мим дейилмаган. Афсуски, амалиёт кўрсатишича, ҳозирда аксар ҳолларда шартнома тузмасдан, фақат абонент дафтарчаси юритиш билан кифояланишмоқда. Худдики бу асосий ҳужжат сифатида ўтадигандек. Мақолада шу жиҳатга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилганди. Қонуний шартнома бўлмагач, бировдан мажбурият талаб қилиш мантиқданми?

Иккинчи ҳолат "Ўзтрансгаз" АЖ мутасаддиларининг муаммони ўрганиши билан боғлиқ. Қизиғи, мақолада номлари айтилган истеъмолчиларгина уларнинг ўрганиши нишонига айланган. Бироқ пенядан жабр кўрган фақат булар эмас-ку? Суриштирув ўтказилаётган куни айни масалада 50 нафардан зиёд киши эътироз билдирганди. Бошоғриқ кўпайтиришни истамаганлари эса тўлаб қутулишни маъқул кўраётганди (Қашқадарё бўйича ҳудудий газ таъминоти филиали маъмурияти эса ўша пайтда қанча фуқарога пеня ҳисоблангани ҳақида расмий маълумот тақдим этишдан бош тортганди - таҳририят). Ахир мақолада ҳамма норози истеъмолчидан интервью келтириш имконсиз. Борлари ҳам мисол тариқасида эди.

Мутасаддилар эса осон йўлдан боришибди. Журналистга интервью берган бир-икки истеъмолчи билан жойига чиқиб учрашиб, гўёки муаммони "босди-босди" қилишибди-қўйишибди. Лекин шуни унутишибдики, бу масала кўпчиликни қийнаяпти. Шунинг ўзиёқ газ идорасидагиларнинг иш услуби қандай эканини кўрсатмайдими?!

Бошқа бир ўринда мақола муаллифини "нохолислигидан" ёзғиришибди. Мухбирга дардиҳол қилган икки истеъмолчи газ таъминоти корхонаси дастурида йўқ эмиш, ўйлаб топилган, дейишмоқчи. Ваҳоланки, пеня масаласида шикоят қилган ўқитувчи яшаб турган хонадони турмуш ўртоғи номида эканини билдирганди. Кейинги абонент билан боғлиқ вазият ҳам шунга ўхшаш. Нега энди улардан табиий газ истеъмолчиси сифатида фикр олиш  мумкин эмас? Ҳеч бир исботсиз, аниқламай туриб, кишини нотўғри маълумот тарқатганликда айблаш қанчалик тўғри? Чунки мақоладаги барча фактлар ўрганилиб текширилгач, кейин  нашрга берилган.

Хўп, энди ўзингиз айтинг, ким бу ерда нохолис? Муаммо кенг қамровли бўлгани ҳолда фақат бир-икки истеъмолчини "тинчлантириш" пайига тушган "Ўзтрансгаз" АЖ мутасаддилари шу саволни ўзларига беришса яхшироқ бўларди.

Муносабатда тўлов интизоми, истеъмолчи бурчи ҳақида ҳам фикр билдирилибди. Майли, абонентлар мавжуд қонун-қоидани писанд қилмаяпти, дейлик.  Газ идораси-чи, ўз мажбуриятини адо этмоқдами? Мақолада ҳам Вазирлар Маҳкамасининг ўша 22-сонли  қарорида "маиший истеъмолчиларга табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш замонавий ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш, рўйхатдан ўтказиш, даврий давлат қиёслови ва пломбалаш тегишли равишда ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади", деган меъёр ижроси шу пайтгача қай даражада таъминланди, дея сўрагандик. Қонун устуворлигини пеш қилаётган "Ўзтрансгаз" АЖ ахборот хизмати негадир шунга келганда бирор сўз айтишга ожиз қолибди ё буни атай назардан  қочирган.

Бир жойда мард кетишибди: аҳолидан тўловни қабул қилишда тирбандлик бўлаётгани, бу эса "газчилардан  бошқа ҳеч ким кўрмаган" шартномада қайд этилгани каби тўловларни ойнинг 10-санасига қадар амалга оширишга имкон бермаётганини тан олишибди. Шу сабаб истеъмолчининг қарздорлиги кечикаётгани, фақат бунинг натижасида бу  "сийлов" сифатида уларга пеня солинаётганига рўйи-рост иқрор бўлишмабди, холос. Уларнинг мантиғига таянсак, шу жойда ҳам барибир абонент ноҳақ.

Аммо бу иқрорлардан ҳеч кимга наф йўқ. Қайтанга, шу вазиятни изга, тартибга    солишса, интизомли бўлишга ҳаракат қилаётган истеъмолчига енгиллик, қулайлик яратиб беришса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Танқидий мақолага расмийларнинг муносабати шу билан якун топган. Бироқ унда кўтарилган асосий саволлар очиқ қолган. Биринчидан, аҳоли эътирозининг бош сабаби - эски қарзларга ҳисобланган пеня нега энди долзарблик касб этди? Ўша 4-5 йил олдин қаерда эди шу гаплар? Ёки одамлар тусмол қилганидек, бунда бошқа бир қинғирлик борми? Шундай бўлса, нима учун жабри истеъмолчилар зиммасига тушиши керак?

Иккинчидан, майли, пеняси "туғиб" ётган экан, нега вақтида хабар берилмаган? На тўлов квитанциясида акс этган бу. Жаримаси бўлгани ҳолда кўпчиликка "табиий газдан қарзи йўқ" деган маълумотнома берилганини қандай тушуниш керак? "Ўзтрансгаз" АЖ сайтида ҳам пеня қарз сифатида кўрилиши билдирилган. Маълум бўлишича, мақола кенг омма эътиборига ҳавола этилгач, Қарши шаҳар газ участкаси дарҳол этагини ёпишга тушибди.  Пенядан сўз очган истеъмолчиларнинг оғзига санаси кечиктирилган огоҳлантириш хатлари билан ураётган эмиш. "Бир балоси бўлмаса...", дермиди?

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган даъво муддати уч йил деб белгиланган. Асослантирувчи ҳужжатларни сақлаш, исбот-далил келтиришнинг қийинлиги эътиборга олиниб шундай қилинган.

Хўш, газ идораси қай асосга кўра 4-5 йиллик пеняни кўтараяпти? Яна бир гап. Охирги 2-3 йилда тўлов интизоми бир қадар яхшиланиб, аҳоли фойдаланган газ, электр энергияси учун тўловни кечиктириш ўз зарарига ишлашини тушуниб улгурган. 10-20 кун фарқ қилиши мумкин, бироқ тўловни бир ойдан ўтказиб юбораётган киши кам ҳозир. Чунки мажбурий ижро бюроси отлиқ идора бор эътиборини шунга қаратган, жазо қаттиқ. Тармоқдан шартта узиб қўйишади. 100 минг сўм қарздорликка арзимаган 100 сўм пеня ҳисобланишини, бу борада кодекс асосида иш юритиш зарурлигини эътиборга олсак, деярли ҳеч кимга 1 миллион сўмгача пеня чиқмасди. Боиси, пайсалга солинган қарздорликларнинг асосий қисми 4-5 йил илгари шаклланган. Мана нега катта давр олинган? Газ идораларида ҳам ҳисоб-китобни яхши биладиган кишилар ишлайди ахир.

Индаллоси, "Ўзтрансгаз" АЖ муаммога фақат бир томонлама қараганига шубҳа йўқ. Акс ҳолда, масалани кенгроқ кўра олишган, муаммога жавобни узоқдан эмас, балки яқиндан, тизим ичидан ахтаришган бўларди. Шунда ҳамма айбни аҳолига тўнкашга ҳожат қолмасди. Аммо "Кўзинг қаерда эди, истеъмолчи?" дейишдан нарига ўта олишмаяпти. Бу огоҳлантириш ҳам тўғридек назаримизда. Фуқаролар ҳам кўзини очсин-да энди. Ахир бу биринчи марта эмаску. Камомад чиқиб қолса, таъминот корхонаси абонентларга, ҳатто марҳумга нореал қарздорлик ёзиб, ҳунар кўрсатгани ҳали унут бўлгани йўқ. Шу тахлит ишлайдиган ташкилотдан эса эҳтиёт-шарт ҳар нарса кутиш мумкин.

ТАҲРИРИЯТ