Тиббиёт 10.09.2019 109

КАЛОРИЯСИ КАМ, АММО ЖУДА ШИФОБАХШ

Табиат дорихонаси

Инсон истеъмол қиладиган меваю сабзавотларнинг деярли барчасида дориворлик хусусияти мавжуд. Бироқ қайси табиат неъматини қандай, қай миқдорда, қачон тановул қилиш қайси организм фаолиятига наф келтириши борасида ҳамма ҳам етарли маълумотга эга эмас. Шундан келиб чиқиб, қуйида бозорларимиздан исталган пайтда топиш мумкин бўлган сабзавот - бодрингнинг саломатлик учун фойдали хусусиятлари ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Одатда бодрингни эрта баҳор ва кеч кузда кўпроқ истеъмол қиламиз. Бошқа мева-чевалар кўп бўлган айни ёз фаслида эса унга кўп ҳам эътибор қаратилмайди. Ваҳоланки, бодринг ширин бўлмаса-да, таркибида учрайдиган ноёб элементлари, кимёвий моддалари билан инсон саломатлиги учун муҳим.

Ушбу сабзавот ўзида C, А, В1, В2, В3, В6 дармондориларнинг бутун бир мажмуи, шунингдек, кальций, темир, магний, рух ва яна кўплаб минерал моддаларни сақлайди. У калорияcи энг кам неъмат бўлгани учун ортиқча тана вазнидан азият чекаётган ҳамда қандли диабетга чалинган кишиларга жуда асқатади.

Фанга маълумки, юқори калорияли озиқ-овқат маҳсулотлари (ширинликлар, оқ нон, ёғ, серёғ гўшт ва бошқалар) истеъмол қилинганда танамизда ички муҳит реакцияси (рН-кўрсаткич) кислоталилик томонга оғиб кетади. Бу танада умумий сувсизланиш, яллиғланиш, оксидланиш стресси (тўқималар емирилишига олиб келадиган эркин радикалларнинг кўпайиши) каби қатор салбий ҳолатларни келтириб чиқаради. Натижада кишида давр касалликлари (атеросклероз, юрак ишемик касалликлари, гипертония ва бошқалар) келиб чиқиши ва ривожланиши кузатилади. Ушбу ҳолат айниқса, кекса кишилар учун анча ташвишли бўлиб, қоннинг кислоталилиги остеопороз (суяклар ғоваклигининг кучайиши боис уларнинг тез синувчан бўлиб қолиши), саркопения (мускул тўқималарининг камайиб кетиши), инсульт, инфаркт ва бошқаларга олиб келади. Бодринг суви ана шу салбий ҳолатларга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга. Уни ҳар куни истеъмол қилиш юқоридаги касалликлардан ҳимояланишда дори-дармонларга қараганда кўпроқ фойда беради.

Бундан ташқари, бодринг таркибида галловой, қаҳва, пумарин ва малла киcлоталари каби ноёб моддалар мавжуд бўлиб, улар организмни нотўғри овқатланиш, нохуш экология, қуёшнинг ўткир нури ва кам ҳаракатлилик туфайли келиб чиқадиган окcидланиш зарбаcидан ҳимоя қилади. Шу боиc, ҳар бир таомни бодринг билан қўшиб иcтеъмол қилган яхши. Чунки унинг пўсти таркибида витамин К, антиоксидантлар (оксидланишга қарши курашувчи моддалар), флавоноидлар, тритерпенлар ҳамда лигнанлар бўлади. Булар саратон (хотин-қизларда учрайдиган кўкрак, тухумдон саратони, эркаклардаги простатит)га қарши энг кучли восита ҳам ҳисобланади. Ушбу моддалар кейинги йиллар тадқиқотларида аниқланган бўлиб, бодрингга бирмунча аччиқ таъм беради. 

Юқоридаги фикрларни умумлаштирган ҳолда бодрингнинг инсон организмига кўрсатадиган ижобий хусусиятларини санаб ўтамиз:

- қондаги холестерин миқдорини камайтиради;

- бўғимлардаги оғриқдан халос этади;

- пешобдаги кислота миқдорини камайтиради ва буйрак саломатлигини мустаҳкамлайди;

- қабзиятда яхши самара беради;

- саратон хавфини бартараф этади;

- овқат ҳазм қилиш тизими фаолиятига яхши самара кўрсатади ва ортиқча вазндан халос бўлишга кўмаклашади;

- қон босимини меъёрлаштиради;

- бош оғриғидан халос этади;

- нафас олишни енгиллаштиради;

- чанқоқни қондиради.

Яна шу нарса ҳам диққатга сазоворки, бу хусусиятлар фақатгина янги узилган бодрингга тегишли бўлиб, унинг тузламасида фойдали моддалар бўлмайди, шунингдек, улар жигар, буйрак, юрак-қон томир тизими касалликларига йўлиққан одамлар учун хавфли ҳисобланади.

ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР

Бодрингнинг ватани Ҳиндистон ва Хитой, янаям аниқроғи Ҳимолай тоғларидир. У ерларда ҳалигача ёввойи тарзда ўсадиган бодринг ўсимлигини учратиш мумкин.

* * *

Дунё бўйича етиштириладиган бодринг ҳосилининг  60 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади.

* * *

ХIV асрда бодринг бутун Европага, XVI асрда Шимолий Америкага тарқалган. Бугунги кунда эса у ҳамма жойда етиштирилади.

* * *

Тарихдаги илк иссиқхона айнан бодринг етиштириш учун қурилган. Рим императори Тиберийнинг ҳар куни бодринг ейишни исташи ана шундай иссиқхонани ўйлаб топиш ва барпо этишга сабаб бўлганди.

* * *

Бугунги кунда бодрингдан нафақат озиқ-овқат маҳсулоти, балки косметика саноати учун хом ашё манбаи сифатида ҳам кенг фойдаланилади.

* * *

Қадимги Миср маликаси Клеопатра гўзаллигининг сири биринчи навбатда бодрингда эканини айтиб чарчамаган. У ҳар куни албатта бодринг истеъмол қилган.

* * *

Қадимги Мисрда одамлар ўз фиръавнлари қабрига бошқа қимматбаҳо буюмлар билан бирга бодринг ҳам қўйишган.

* * *

Россиянинг Нежин шаҳрида бодринг учун ёдгорлик ўрнатилган.

* * *

Ҳар йили 27 июль куни дунё миқёсида Халқаро бодринглар куни нишонланади.

Шониёз ҚУРБОНОВ,

биология фанлари доктори, профессор