Иқтисодиёт 12.02.2019 265

КАНАДА ИШБИЛАРМОНЛАРИ ҚАШҚАДАРЁНИ ТАНЛАДИ

Хорижий сармоя

КАНАДА ИШБИЛАРМОНЛАРИ ҚАШҚАДАРЁНИ ТАНЛАДИ

Бугунги кунда блокчейн, яъни келажак технологиялари ишлаб чиқаришда дунёда етакчи саналган "Blockfusion Technologies Inc" компанияси мамлакатимиз иқтисодиётига салмоқли сармоя киритишга қарор қилган. Аҳамиятлиси, Канаданинг ушбу нуфузли фирмаси раҳбарияти Қашқадарё вилоятини инвестициявий фаолият юритиш учун мақбул ҳудуд сифатида танлаган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги котибияти мудири Улуғбек Эрназаров маълум қилди.

Қайд этилишича, компания делегацияси чет эллик сармоядорларга яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида ўтган ҳафта сўнгида воҳамизда бўлишган. Хорижлик меҳмонлар ҳудуд халқ хўжалиги ҳақида тўлароқ тасаввурга эга бўлиш учун Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилишган. Компания вакиллари узоқ муддатли келишув таклиф этгани ҳам Қашқадарёдаги ишбилармонлик муҳити, мавжуд шарт-шароит, потенциал бозор уларни ҳар томонлама қаноатлантирганидан далолат беради.

Ташриф давомида вилоят ҳокимлигида расмий учрашув ҳам ташкил этилган. Самарали музокаралардан сўнг  вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ва компания бош ижрочи директори Эмилиано ло Манто томонидан ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Ушбу ҳужжатда келтирилишича, келгусида вилоятимизда компания фаолияти аниқ бир тармоқ билан чекланмайди, аммо тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, эксперт маслаҳати бериш, қатор мутахассисликлар бўйича ўқитиш асосий йўналишлар бўлиб қолади. Шу мақсадда сунъий интеллект, виртуал воқелик, блокчейн технологиялари сингари электрон хизматлар маълумотларини қайта ишловчи замонавий марказ ташкил этилади. Рақамли инновацион марказда эса хусусий сектор вакиллари техник персонали ўқитилади. Бу ерда хизматлар соҳаси, савдо-сотиқ, экспорт фаолияти бўйича маслаҳатлар ҳам берилади.

Мутасаддининг сўзларига кўра, Канада компанияси жорий йилдаёқ мазкур истиқболли лойиҳани рўёбга чиқаришга киришади. Чет эллик инвесторлар дастлаб 5 миллион АҚШ доллари миқдорида капитал олиб киришни, 5 йил давомида эса ушбу сармояни 200 миллион долларга етказишни мақсад қилишган. Бу ташаббус вилоятимиз хусусий секторида рақамли иқтисодиёт ривожи жадал тус олиши, ҳозирда жаҳонда кенг қўлланаётган блокчейн технологиялари босқичма-босқич ўзлаштирилишига шароит яратиши кутилмоқда.

М.ШУҲРАТОВ