Жамият 01.10.2019 100

КЕКСАЛАРИ ЭНГ КЎП МАМЛАКАТ ҚАЙСИ?

Бугун - Халқаро қариялар куни

1990 йилнинг 14 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 45-сессиясида қабул қилинган махсус резолюцияга кўра 1 октябрь - Халқаро қариялар куни сифатида белгиланди. Мазкур санани байрам сифатида нишонлаш аввалига Европада, кейин Америкада оммалашган.

БМТ маълумотига кўра, энг кўп кексалар Японияда яшайди, аҳолининг 27 фоизини ёши улуғлар ташкил этади. Иккинчи ўринда Италия - аҳолисининг 23 фоизи кексалар. Учинчи ўринда Европа иттифоқи - 19,7 фоиз. Кейинги ўринларда АҚШ (15,4 фоиз), Россия (14,1 фоиз). Дунё бўйича эса аҳолининг 8,3 фоизини кекса ёшли кишилар ташкил қилади. 2050 йилга бориб, бу кўрсаткич 15,8 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда.

Халқаро ташкилотлар томонидан кекса ёшли кишиларга ҳурмат даражасини аниқлаш мақсадида 2018 йилда ўтказилган тадқиқотлар натижаси Ўзбекистон ва Венгрия қарияларни энг эъзозловчи мамлакатлар орасида етакчилик қилаётганини кўрсатди. Кейинги ўринларда Туркия, Руминия, Қозоғистон ва Покистон мамлакатлари қайд қилинган. Қарияларга бўлган ҳурмат даражаси бўйича энг паст кўрсаткичларни қайд этган давлатлар - Украина, Албания ва Япония.

Маълумотларга кўра, ёши 65 дан ошса-да, ишлашда давом этаётган фуқаролари сони энг кўп бўлган мамлакатлар ўртасида Ирландия биринчи. Ушбу давлатда  65 ёшдан 69 ёшгача бўлган аҳолининг 56,3 фоизи ишлашда давом этмоқда. Иккинчи ўринни Индонезия (50,6 фоиз) ва учинчи ўринни Жанубий Корея (45 фоиз) эгаллаган.

Япония (42,8 фоиз), Чили (39,9 фоиз), Исроил (39,3 фоиз), Мексика (38,6 фоиз), Хитой (36 фоиз) ва Ҳиндистон (35,8 фоиз) ҳам мазкур рўйхат ўнталигидан жой олган.

 Ишлайдиган кексалар сони энг кам мамлакатлар бешлигида эса етакчиликни Люксембург эгаллаб турибди. Маълумотларга кўра, бу мамлакатда 65 ёшдан кейин ҳеч ким ишламайди. Бу кўрсаткич Бельгияда 4,7 фоизни, Венгрияда 5,3 фоизни, Словенияда 5,2 фоизни, Словакияда 5,6 фоизни ташкил этмоқда.

Кексалик даврини қандай ўтказиш борасида ҳам дунё аҳолиси ўртасида хилма-хиллик кузатилади. Масалан, бизда ёши улуғлар вақтини тоат-ибодатда, оила, фарзанду набиралар қуршовида эъзозда ўтказиши кузатилса, япон пенсионерларининг асосий хоббиси дунё мамлакатлари бўйлаб ва диққатга сазовор жойларга саёҳат қилиш ҳисобланаркан. Шунингдек, ушбу мамлакатда нафақага чиққан қарияларнинг айримлари шаҳардаги уйини фарзандларига қолдириб, қишлоққа кўчиб кетишади ва асосан томорқада ўз эҳтиёжлари учун зарур мева ва сабзавотларни етиштириб, ҳаёт кечиришади.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда мамлакатимизда 60 ёшдан ошган фуқаролар сони 3 миллион нафарга яқин, 80 ёшдан ошганлар 200 мингдан ошади, 90 ёшдан ошганлар эса 45 минг нафар атрофида бўлса, 100 ёшдан ошганлар сони 8 минг нафардан зиёдни ташкил этади. 

Бир сўз билан айтганда улар бизнинг давлатимиз, дуогўйларимиз. Бинобарин, оилани ҳам, жамиятимизни ҳам бирлаштириб, унга файзу баракот киритадиган, хонадонларимизни меҳр-оқибат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам шу мўътабар қарияларимиз, нуроний отахону онахонларимиздир. Улар вақтида бизни эъзозлаб ўстирган, энди кексалик даврида улар  чандон эъзозга лойиқ.

Манбалар асосида Ш.БОЗОРОВА тайёрлади.