Сўнгги янгиликлар 07.10.2019 91

КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ – МУҚАДДАС БУРЧИМИЗ

 

Акция

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги "Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига  мувофиқ жорий йилдан бошлаб ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди.

 

Ушбу қарор ижроси доирасида кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун “Қарши” санаториясида  “Кексаларни эъзозлаш – муқаддас бурчимиз” номли ижтимоий акция ўтказилди. 

 

Тадбирда мамлакатимизда аҳоли, айниқса, кексалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-мурувват кўрсатиш ва муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.  

 

Дарҳақиқат, бугун юртимизда кексалар ва ногиронларнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишга эътибор юқори. Уларнинг пенсия таъминоти ва ижтимоий мадад тизими такомиллаштирилгани, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш ҳамда касалликларни даволашнинг замонавий усулларидан баҳраманд бўлиши учун шароит яратиб берилаётгани фикримиз исботидир.

 

- Санаториямизда кексалар, ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийларига бепул тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилади, - дейди бош шифокор Шавкат Мамадиев. – Муассасамиз стоматология, ультратовуш аппаратлари, 14 хил турдаги физиотерапевтик тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган. Бу ерда бир мартада 120 кишига махсус йўлланма асосида хизмат кўрсатилади. Шунингдек, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури асосида кекса авлод вакиллари учун тарихий шаҳар ва зиёратгоҳларга саёҳатлар уюштириб борилади.

 

Шу куни дам олувчилар акция доирасида Қарши туманидаги Абул Мўъийн ан-Насафий  зиёратгоҳида бўлдилар.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА