Таълим 05.04.2019 224

"КЕЛАЖАК ҚАЛДИРҒОЧЛАРИ"ДА 75 БОЛА ТАРБИЯЛАНАЯПТИ

Мактабгача таълим

Мутахассисларнинг таъкидлашича, боланинг ҳаётга, жамиятда яшашга мослашишида, қолаверса, комил инсон бўлиб вояга етишида боғчада олган тарбияси муҳим аҳамият касб этади. Зеро, фарзандларимиз айнан шу муассасада болаликда эгаллаши лозим бўлган бошланғич билимларнинг салмоқли қисмини ўзлаштиради. Эрта савод чиқаради, ёзиш-санашни ўрганади, интеллектуал савияси нисбатан тез ўсади. Бундан нафақат умумий ўрта таълим   муассасаси, балки ота-она ҳам ютади, боласи келажаги, рўзғори учун қайғуриш, меҳнат қилишга бемалол вақт топади.

Бугун юртимизда таълимнинг мазкур босқичини сифат жиҳатидан юксалтиришга катта эътибор берилаётгани боиси шундан. Бу турдаги муассасаларда тарбия сифатини ошириш, улар ўртасида рақобат муҳитини яратиш мақсадида хусусий ҳамда давлат билан шерикчилик асосида ташкил этилажак боғчалар фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаяпти. Уларда таълим беришнинг замонавий усулларини қўллаш асосий вазифа қилиб белгилаб олинган.

Ғузор тумани марказида яқиндан иш бошлаган "Келажак қалдирғочлари" хусусий-давлат шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим  муассасасида ҳам асосий эътибор шу масалага қаратилган. Айни пайтда 75 нафар болага сабоқ бериш имкониятига эга мазкур боғча зарур талабларга мувофиқ бунёд этилган.

- Бунинг учун катта маблағ сарф этилди, - дейди боғча мудираси Юлдуз Зарипова. - Лойиҳа рўёбига тижорат банкининг 450 миллион сўмлик кредити ва тадбиркорнинг салмоқли сармояси йўналтирилди. Фаолият кўрсатганимиздан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўринлар тўлиб қолди. Бу ҳудудда мактабгача таълим олишга эҳтиёж нечоғлик юқори эканлигини кўрсатади. Ҳозирда 3 гуруҳда иш олиб бораяпмиз. Болалар 3 ёшдан қабул қилинади. Ҳар бир гуруҳда белгиланган стандартлар асосида таълим-тарбия ишлари олиб борилмоқда.

Мудиранинг айтишича, муассасада таълим жараёнини хорижий тиллар, хусусан, рус тилида чуқурлаштириб ташкил этиш мақсад қилинган. Бу ишга малакали педагоглар жалб этилган. Болаларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш ва спортга ўргатиб бориш учун  гимнастика тўгараги фаолият кўрсатади. Ҳар куни 4 маҳал овқатланиш режими амал қиладиган боғчада тарбияланувчилар кўпроқ сутли маҳсулотлар, мева-сабзавотлар истеъмол қилишади. Муассаса ишга тушгач, 10 нафардан ошиқ кишининг бандлиги таъминланди.

МИРЖАҲОН

Суратларда: мактабгача таълим муассасаси фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.