Иқтисодиёт 01.10.2019 137

КЕНГ ИМКОНИЯТ ВА ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР НАМОЙИШИ

Қашқадарё ва дунё

27-28 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида Қашқадарё инвестиция форуми бўлиб ўтди.

 "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" Давлат дастури доирасида ташкил этилган форумда Буюк Британия, Германия, Россия, Италия, Туркия, Ҳиндистон каби қатор иқтисодий салоҳияти юқори давлатлардан 160 нафардан ортиқ турли компаниялар ҳамда молия-кредит институтлари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилиб, унда мутахассислар томонидан форумнинг аҳамияти, ундан кутилаётган натижалар ҳақида маълумот берилди.

Форумни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев очиб берди.

Шундан сўнг, маҳаллий тадбиркорлар, ҳокимликлар ва хорижий компаниялар вакиллари ўртасида В2В форматидаги музокаралар бўлиб ўтди. Музокаралар жараёнида бизнес ҳамкорлик, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, вилоятга тўғридан-тўғри хорижий сармояларни киритиш бўйича қатор шартнома ва меморандумлар имзоланди.

Жумладан, ҳиндистонлик ишбилармонлар иштирокида Чироқчи туманида қуёш энергияси ишлаб чиқариш, Косон туманида Эрон компанияси иштирокида логистика марказини қуриш, Деҳқонободда туркиялик тадбиркорлар билан ҳамкорликда чиқиндини қайта ишлаш қувватини ташкил этишни кўзда тутувчи лойиҳалар юзасидан ва қатор шу каби мақсадларга қаратилган меморандумлар имзоланди. Шунингдек, ҳамкорлар ўртасида хорижий инвесторлар иштирокидаги гугурт ишлаб чиқариш ва гўштни қайта ишлаш каби лойиҳаларни 2019-2020 йилларда амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.

- Қашқадарё вилоятида етиштирилган мевалар ўзининг бетакрор таъми ва сифати билан ажралиб туради, - дейди "Ханбэк" компанияси вакили Кан Чжэ Квон. - Уларни татиб кўрган киши ҳеч ўйламай шундай хулосага келиши табиий. Кореяда бундай меваларни севиб истеъмол қилишади. Шу боис бугунги форумда анор экспорти бўйича 10 миллион долларлик шартнома имзоладик. Лойиҳамизни амалиётга тўлиқ татбиқ этгандан кейин олча экспортини ҳам йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

Қолаверса, Шаҳрисабз ва Италиянинг Казерта шаҳарлари ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини йўлга қўйиш, турли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида меморандум имзоланди.

Форум иштирокчилари учун тайёрланган Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий масканларига саёҳат, миллий куй ва рақсларимизни ўзида мужассам этган концерт дастури ҳамда  моҳир дизайнерлар томонидан тайёрланган миллий либослар кўргазмаси ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Форум давомида жами 11 та ҳужжат имзоланиб, умумий қиймати 276 миллион долларлик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Ж.НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.