Жараён 12.02.2019 49

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИГА "COBALT" АВТОМОБИЛЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Фаолиятда қулайлик

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИГА "COBALT" АВТОМОБИЛЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги Халқ қабулхоналарига 15 та "Cobalt" русумли замонавий хизмат автомобиллари берилди.

Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, вилоят Халқ қабулхонаси мудири Абдуҳалим Холмаҳматов, вилоят прокурори Ботир Юсупов ва ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дилшод Турсунбаев хизмат автомобиллари калитини ўз эгаларига топширди.

Тадбир давомида Президентимизнинг жорий йил 17 январдаги "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан 2019 йил 1 февралдан Халқ қабулхоналари муаммоларни одатдаги тартибга қўшимча тарзда уйма-уй юриш орқали аниқлаши ва ҳал этиши белгилангани, соҳа ходимлари учун яратилаётган шароитлар фаолият самарадорлигини янада ошириши, айниқса, чекка қишлоқларга бориш ва у ерда истиқомат қилаётган юртдошларимиз муаммоларини ҳал этиш имкониятини кенгайтириши қайд этилди.

Таҳлилларга кўра, 2018 йил давомида вилоят Халқ қабулхонасига 20 минг 305 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 12 минг 282 таси қаноатлантирилган. Вилоят Халқ қабулхонаси масъул ходимлари иштирокида 503, сектор раҳбарлари билан биргаликда 1843 марта сайёр қабул ўтказилиб, 25 минг 220 та мурожаат қабул қилинган, 14 мингдан зиёди ижобий ҳал этилган.

- Мурожаатлар билан ишлашда камчиликларга йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича Халқ қабулхонаси томонидан берилган таклифлар асосида туманда 9 нафар шахс маъмурий, 35 нафари интизомий жавобгарликка тортилган бўлса, яна бири билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, - дейди Нишон тумани Халқ қабулхонаси мудири Фахриддин Жумаев. - Асосий мақсад халқни рози қилиш экан, давлат идораларининг ҳар бир вакили зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиши даркор. Биз учун яратилаётган қулай шароитлар эса мурожаатларни тўла қаноатлантириш имконини беради.

Н.ХЎЖАЕВ

Муродулла КОМИЛОВ олган сурат