Маданият 20.10.2018 135

ХАЛҚИМИЗ МАДАНИЙ МЕРОСИНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ

Таассурот

ХАЛҚИМИЗ МАДАНИЙ МЕРОСИНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ

Асрлар давомида кишилар руҳиятига сокинлик бахш этиб келган Шарқ халқларининг нодир санъат намунаси – мақом жозибаси 6–10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган 1-Халқаро мақом санъати анжуманида яна бир бор ёрқин намоён бўлди. Унда турли халқлар вакиллари ижросида  янграган мусиқа ва ижролар завқи ҳамон дилларни тўлқинлантириб турибди. Энг қувонарлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ушбу халқаро анжуман энди ҳар икки йилда бир марта қадим Кешда анъанавий тарзда ўтказилади.

– Бугун мақом санъати ҳақида гап кетса, албатта Шаҳрисабз, кўҳна Кеш ҳақида гап кетганда эса мақом санъати тилга олинади, – дейди миллий мақом санъати жонкуяри Элмурод Боймуродов. – Авваллари асосан ўрта ёшдан ошганлар, зиёли қатлам вакиллари ушбу йўналишдаги куй–қўшиқларни кўпроқ тинглаган бўлса, энди ҳар бир Ўзбекистонлик қалбида миллий мақомимизга ташналик пайдо бўлди, унга бўлган қизиқиш ортди. Шунга монанд, мазкур йўналишни танлаган янги–янги ёш ижрочилар кўпаймоқда.

Дарҳақиқат, замонавий ижодий анъаналар, асрлар давомида моҳир бастакорлар, ҳофиз ва созандаларнинг ижодий тафаккури билан сайқал топиб келаётган ноёб санъат намуналари ҳеч бир санъатга ошно қалбни бефарқ қолдирмайди. Бинобарин, халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати ўзининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда алоҳида муҳим ўрин эгаллайди.

“Бу ноёб бойликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ундан дунё аҳлини баҳраманд қилиш, келгуси наслларга безавол етказиш турли қитъа ва мамлакатлар вакилларини бу гўзал масканда мужассам этган анжуманимизнинг асосий мақсадидир”, дея таъкидлаган эди   Президентимиз 1-Халқаро мақом санъати анжумани очилиш маросимида.   Шунингдек, унинг доирасида ташкил этилган конференция, қизғин илмий мулоқотлар билан бир қаторда, бевосита Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Шахрисабзда очилган ва ўзида мақом санъатига оид ҳужжатлар, кино, фоно, фотоматериаллар ва турли қадимий топилма ашёларини тўплаган “Мақом музейи” ҳам халқимизнинг ушбу маданий мероси бардавомлигини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим манба бўлди.   

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 августдаги “Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида “Мақом музейи” фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан  шаҳар маданият бўлими ҳузуридаги Маданият ва аҳоли дам олиш маркази биносида жойлаштирилган муассасада, маълумотларга кўра, дастлаб юзга яқин   экспозиция намойишга қўйилган эди. Хусусан, унда 1937 йилда Сурхондарё вилоятининг Айритом мавзесида олиб борилган археологик қазишмалар чоғида топилган ва айни пайтда Санкт-Петербургдаги Эрмитаж давлат музейида сақланаётган қадимий фриз нусхасини учратиш мумкин. Ёдгорликда чанг ва уд мусиқа асбобларини чалаётган аёллар ҳайкалчалари акс этгани ўлкамизда мусиқа илми жуда кўп асрлар муқаддам шаклланганидан далолат беради.

- “Мақом музейи” муассасамиз филиали сифатида фаолият кўрсатаяпти, - дейди Амир Темур номидаги моддий-маданият тарихи музейи директори Наби Хушвақтов. – Мунтазам равишда ундаги экспонатлар таркибини бойитиб боришга ҳаракат қилаяпмиз. Ана шу саъй-ҳаракатларимиз эвазига ҳозирда ундан жой олган ашёлар сони 400 дан ошди. Турли мусиқа асбоблари, қатор этнографик материаллар ушбу музей фондини тўлдираяпти. Шунга монанд, бу муассасага келувчилар сони ҳам ортиб бормоқда. Ҳозир бир ойда ўртача минг нафарга яқин санъат ихлосмандлари “Мақом музейи”ни томоша қилаётган бўлса, шундан юз нафарга яқини хорижлик сайёҳлар эканини қайд этиш ўринли.

Мақом санъати, унинг тарихига оид халқимизнинг бой маданий мероси барчамизда ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтириши билан ҳам аҳамиятли. Айниқса, ёш авлодда миллий ва умуминсоний қадриятлар, бебаҳо тарихий ва маданий меросга ҳурмат, Ватанга садоқат туйғуларини тарбиялаш, миллий ўзликни англаш туйғуси, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтиришда унинг ўрни беқиёсдир. Шундан келиб чиқиб мулоҳаза этсак, Халқаро мақом санъати анжуманига анъанавий тус берилиши, унинг доирасида йўлга қўйилган илмий-амалий жараёнлар, “Мақом музейи” фаолияти маънавий-маданий соҳада эришган катта ютуғимиз бўлди.  

 

Гўзал ФАЙЗИЕВА,

 

Шаҳрисабз туманидаги 70-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси

 

Қалбинисо ҲУСАНОВА,

 

Яккабоғ туманидаги 75-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси