Жамият 30.08.2019 262

ХАЛҚИМИЗГА УЛУҒ САОДАТ АТО ЭТГАН АСРИЙ ОРЗУЛАР ТАРАННУМИ

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллиги тантанаси

Мустақиллик байрамининг бу гал "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" деган эзгу ғоя асосида нишонланиши замирида юртдошларимизнинг Ватанимизга бўлган юксак меҳри ва чексиз фахру ифтихори мужассам.

Айни жиҳат Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида жойлашган амфитеатрда ўтган вилоятнинг асосий байрам шодиёнасида ҳам ўз ифодасини топди.

Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев тантана иштирокчиларини, барча воҳадошларимизни муборакбод этаркан, мустақиллик, истиқлол деган улуғ саодат аввало халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни берган, инсоний шаънимиз, қадр-қимматимизни тиклаб, барчамизга ўзлигимизни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадрият ва урф-одатларимизни қайтарган, Ватанимиз тарихида ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган буюк неъмат эканини таъкидлади.

 Дарҳақиқат, истиқлол йилларида эришган ютуқларимизга таяниб, миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари дадил қадам қўймоқдамиз. Бунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" Давлат  дастури, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла", "Ҳар бир оила - тадбиркор", "Ёшлар - келажагимиз", "Беш ижобий ташаббус" каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини тубдан юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 Биргина вилоятимиз мисолида олиб кўрсак, "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида сўнгги 2 йил ичида шаҳар ва қишлоқларнинг янги, обод ва янада кўркам қиёфасини яратиш, халқимиз фаровонлигини ошириш мақсадида 69 та қишлоқ ва 10 та маҳаллада бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётир.

Аҳолининг замонавий уй-жойга бўлган талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида биргина жорий йилнинг ўзида 1673 оилага мўлжалланган 365 та якка тартибдаги 2 сотихли уй ва 44 та кўп қаватли турар жой биноси фойдаланишга топширилди. Ўтган 2 йилда кам таъминланган, ногиронлиги бўлган 127 фуқаро ва 215 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар уй-жой билан таъминланди.

 Инвестиция дастурига асосан жорий йилда 328,2 миллиард сўм миқдоридаги маблағни ўзлаштириш ҳисобига 145 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, 216,5 километр ички йўллар ва кўчалар таъмирланди, 90 та аҳоли пунктида ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 157,5 километр сув тармоқлари тортилди. 1909 та бўш турган объект ва ер майдонларининг 1006 таси ишлаб чиқаришга жалб этилиши натижасида 4 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, вилоятимизда 160 га яқин хорижий сармоя иштирокидаги   корхоналар фаолият кўрсатиб, уларда 2 мингга яқин иш ўринлари яратилиши билан бир қаторда вилоятнинг  экспорт салоҳияти ортишига эришилди.

 Тиббиёт соҳасида сўнгги икки ярим йилда жами 113 та даволаш-профилактика муассасаларида қурилиш, таъмирлаш ҳамда янгидан жиҳозлаш ишлари бажарилди.

- Шифохонамиз моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 1 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратилиб, компьютер томограф, факоэмульсификатор ва лазер аппаратлари келтириш режалаштирилган эди, - дейди вилоят кўз касалликлари шифохонаси микрохирургия бўлими шифокори Бахтиёр Тўраев. - Шунга биноан томография аппарати олиб келинди ва ҳиндистонлик ҳамкорлар томонидан ўрнатилди. Айни пайтда шифохонамизда 100 га яқин бемор даволанаяпти. Ўйлайманки, яқин орада беморларимиз Тошкентга ёки хорижга боришларига ҳожат қолмайди, барча жарроҳлик амалиётлари шу ерда бажарилади. Ўзим учун қувонарлиси эса, байрам арафасида II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан мукофотландим. Бу 47 йиллик меҳнат фаолиятимдаги илк мукофотлиги билан ҳам мен учун қадрли бўлиб қолади. Шунинг учун масъулият ва ғайратни янада оширамиз.

Бир эслаб кўринг, бундан 28 йил бурун Қашқадарёда катта-кичигини қўшиб ҳисобласа, атиги юзга яқин саноат корхоналари бўларди. Бугун эса уларнинг сони 3 мингдан ошиб кетди.

Деҳқон-фермерларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига бу йил давлатга 515 минг тоннадан ортиқ ғалла сотилди. Айни вақтда 381 минг тонналик пахта хирмонини яратиш устида астойдил меҳнат қилинмоқда.

Вилоятда бир ярим йил ичида мактабгача таълим ташкилотлари сони 3 баробардан кўпроққа ошгани ҳам эътиборга молик. Куни кеча Деҳқонободда янги боғча очилиши билан вилоятимизда қуриб битказилган, барча замонавий жиҳозлар билан таъминланган ва болаларни қабул қилишга ҳар жиҳатдан шай бўлган боғчалар сони мингинчи довондан ошди.

Биргина шу йилнинг ўзида спортчиларимиз томонидан Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида 468 та, халқаро мусобақаларда 18 та медаль қўлга киритилди.

Ўтган йили бор-йўғи 38 та китоб дўкони мавжуд бўлгани ҳолда, 5 муҳим ташаббус доирасида аҳоли, айниқса ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида шу йилнинг ўзида 100 дан ошиқ янги китоб дўконлари қуриб ишга туширилди.

- Истиқлол меҳнат фаолиятимга ҳам эркинлик эпкинларини олиб кирган, - дейди куни кеча Президент фармонига кўра "Шуҳрат" медали соҳибасига айланган, вилоят мусиқали драма театри артисти Ойнисо Бабаева. - Миллий руҳдаги куй-қўшиқларим билан Германия, Россия, Польша мамлакатларида ижодий гастроль сафарларида бўлиб, турли спектаклларда роллар ижро этганман. Англаганим шу бўлдики, нафақат инсон камолоти, санъат ривожи учун ҳам эркинлик, ҳур ва озодлик сув ва ҳаводай зарур экан. Истиқлолимиз абадий бўлсин!

Мустақиллик йилларида эришилган натижалар, кейинги йилларда турли соҳаларда юз бераётган ўзгаришлар байрам дастурида ҳам ўз ифодасини топди. Эл суйган санъаткорлар ижросидаги дилбар наволар барчага хуш кайфият, шодонлик улашди.

Амфитеатрда ҳукмрон байрам шукуҳи қалбларга кўчди. Энг улуғ, энг азиз айём тантаналари воҳамизнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: байрам тантаналаридан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.