Маънавият 01.02.2019 61

ХАТЛАР ВА ҲАЁТ

ХАТЛАР ВА ҲАЁТ

Таҳририятимизга мактублар келишда давом этар экан, уларда юртдошларимизни қизиқтирган мавзулар, эътиборини тортган масалалар, мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган воқеалар акс этган. Ҳаёт тақдим этган қувончли дамлар, оғир жудоликлар, одамлар ҳаётини ўзгартираётган янгиликлар ҳам қоғозга туширилган.

Қуйида муштарийларимиз йўллаган мактубларнинг айримларидан парчалар келтириб ўтамиз. 

Усти очиқ сардоба

Халқимизда "Сув келтирган - элда азиз" деган пурмаъно нақл бор. Бу гап қақраган чўлга сув чиқариб, ҳайвоноту наботот оламининг чанқоғини қондирганларга нисбатан айтилади.

Нафақат вилоятимизда, балки республикада ўз ўрнига эга бўлган Талимаржон сув омбори, унда ишлаётган заҳматкаш инсонлар ҳам ана шундай эътирофга лойиқ. Қарши бош канали Амударё сувини 157 метрга кўтариб берувчи, кетма-кет жойлашган насос станциялар каскадидан иборат. Насос станциялари аванкамералар, бино ва унда жойлашган асосий, ёрдамчи ускуналар, босимли сув ўтказувчи қувурлар,  сифон типидаги сув чиқарувчи иншоотларга эга.

Қарши магистраль канали, унинг насос станциялари, Талимаржон сув омборини қуриш, Амударёнинг қўшни Туркманистон ҳудудидан ўтган қисмидан Қарши чўлларига сув чиқаришда техника фанлари номзоди Рустам Очилов, меҳнат фахрийси Жума Алиев, Шукрулло Ибодов, Тоир Раҳматуллаев, Боймурод Бекмуродов каби ўз ишининг уста мутахассислари жонбозлик кўрсатишган.

Уларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига барпо бўлган, бепоён    кенгликларда кўм-кўк суви мавжланиб ётган Талимаржон сув омборини  усти очиқ сардоба деб атадик. Сабаб, қадимги сардобалар ҳам инсонларнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондирган. Ушбу сардоба эса нафақат инсонларнинг сувга бўлган эҳтиёжини, балки минглаб гектар ерда  деҳқончилик қилаётган пахтакору ғаллакорларни, воҳамизни боғу бўстонга айлантираётган боғбону соҳибкорларнинг жонига ора кирмоқда.

Худойберди Мейлиев,

Нишон тумани Талимаржон шаҳри

 Замонавийлик ортидаги залолат

Аёл саломатлиги авлодлар бардавомлигини таъминлайди. Бунинг замирида олам-олам қувонч ва ташвиш, изтироб яширин.

Шубҳасиз, бугунги қизларимиз эртанги оналардир. Уларнинг тарбияси, кийиниш маданияти, одоб-ахлоқи билан шуғулланиш эса умумжамият иши. Бироқ қизларимизнинг замонавийликка ўч бўлиб бораётгани, ўзини ғарбча тутиб, очиқ-сочиқ кийиниши, миллий урф-одатларимизни менсимаслиги эртанги кун учун муаммо туғдириши мумкин. Зеро,  бундай одатлар ўзбекчилигимизга тўғри келмаслиги билан бирга соғлиққа ҳам салбий таъсир қилмай қолмайди. Ёшликдан ўзини асрамаган қизлар орасида турли шамоллаш касалликлари авж олиши, кучли асоратлари оқибатида бепуштлик келиб чиқиши тиббиётда исботланган. Кўп ҳолларда ажрашишларга, турли низоларга сабаб бўлаётган бу ҳолатнинг вақтида олди олиниши фойдадан холи эмас. Қизларга одоб-ахлоқ ўргатиш, эстетик дидини ўстириш, анъаналаримизга ҳурмат билан қарашни шакллантиришда оиланинг, оналарнинг ўрни беқиёс.  

Шоҳиста УСМОНОВА,

Касби туманидаги 33-мактаб ўқитувчиси

Рўзғор тинчлиги қайнонага ҳам боғлиқ

Қайноналик - масъулиятли ва шарафли мақом. Унга ҳар бир аёл, энг аввало, ўзи тайёр бўлиши керак. Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёш оилаларнинг ҳаётда мустаҳкам илдиз отиши ва жамиятда ўз ўрнини топишида қайноналарнинг роли ниҳоятда катта.

Ўзим Қарши шаҳридан Косон туманидаги Мудин қишлоғига келин бўлиб тушганман. Янги оилага кўникишим, рўзғор юмушларини бажаришимда аям, яъни раҳматли қайнонам Гулнора Очилованинг ёрдами катта бўлган. Ҳеч эсимдан чиқмайди, янги келинлик пайтим турмуш ўртоғим мени койиб, қаттиқ гапирганларида қайнонам ўғилларини ёнларига чақириб, "Менга қара, ўғлим, бу келин шаҳардан қишлоғимизга мен учун келмаган. Сени деб келган. Агар хотинимга ёмон гапириб, онамга ёқаман, деб ўйласанг, қаттиқ адашасан. Қачонки сенинг рўзғоринг тинч бўлса, тотув яшасанггина, мен ўзимни бахтли ҳисоблайман. Келинларим - авлодимиз давомчилари, уларни уришиб, эрта бир кун фарзандларингда ёмон таассурот қолдирма", дегандилар. Шубҳасиз, қайнонамнинг бу фикрлари янги оила қурган ёшлар учун жуда ибратли.

Бугун фалончининг уйида жанжал чиқибди, пистончининг ўғли ажрашибди, деган гапларни эшитиб, ҳайрон қоламан. Ахир ушбу хонадонларда ҳам қайноналар бор-ку. Рўзғорни тинчитиш, болалар бахту камоли учун курашиш кўп ҳолларда уларга боғлиқ ахир.

Шоира АВЛИЁҚУЛОВА

Тилидан шукрона тушмайди

Деҳқонободнинг узоқ Довкамар қишлоғида пири бадавлат момо яшайди. Салкам бир асрни қоралаганига қарамасдан ҳали тетик ва бардам. Юзларидан нур ёғилиб туради. Кўзлари тийран. Ҳалиям газета-журналларни ўқиб боради, телевизор кўради, радио тинглайди. Дунёдаги воқеалардан хабардор бўлишга интилади.

Уйга ким келса, хонадон эшиги доим очиқ. Момонинг кўнгли пок, нияти холис. Қўли дуода. Барчага яхшилик, юрт тинчлиги ва ободлигини тилайди. Ёшларни шукурли бўлишга ундайди. Айниқса, невара-чеваралари, эваралари жамул-жам бўлишса, тўй бўлиб кетади. Маҳалла-кўй ҳам Улғўзи момонинг яхши гапларига, дуоларига илҳақ. Уй тўрида ўтирган момонинг хотиралари жонланади, ўзи кўрган қийинчиликларни сўзлаб беради.

Дарҳақиқат, Улғўзи момо Ҳасанованинг босиб ўтган ҳаёт йўли ҳаммага ўрнак бўларли даражада. У ўтган асрнинг йигирманчи йили бошида, айни қаҳратон қиш-қировли кунларда деҳқон оиласида туғилган. Болалиги Чўбин қишлоғида ўтган. Оилада беш қиз, икки ўғил эди. Айни қаҳатчилик, қишлоқда ҳеч ким қорни тўйиб овқат еёлмайди. Ҳамма қўл учида кун кўради. Бунинг устига нотинчлик. Кечасию кундузи хотиржамлик йўқ. Бугунгидек дориломон, осуда дамлар келиши ҳеч кимнинг тушигаям кирмаган. Фақатгина қариялар ўзлари ҳам ишонмайдиган бир тарзда "Яхши замонлар ҳам келармикан" дея илтижо қилишар, одамлар боши берк кўчага кириб қолишгандек эди...

Уруш даври воқеаларини айтаётган момо аччиқ кўз ёши тўкишдан ўзини тиёлмайди. Даҳшатли даврда халқ боласини ўқитишга маълумотли ўқитувчи йўқ. Салгина саводи борлар болаларга сабоқ беришади. Улғўзи момо ҳам икки йил Қарши педагогика билим юртида таҳсил кўрди. Муаллимлик ҳужжатини қўлга олиб, қишлоғидаги мактабда ўқувчиларга дарс бера бошлади. Уруш тугагач, Бакир Шафқаровга турмушга чиқади. Турмуш ўртоғи билан  5 ўғилни тарбиялаб, вояга етказди.  Бугун 35 невара, 61 чевара ва 3 эвараси ардоғида умргузаронлик қилаётган момонинг тилидан шукрона тушмайди...

                   Абдуқаюм БЕККАМОВ

Малака оширишнинг илғор шакл ва усуллари

Кейинги йилларда юртимизда халқ таълими тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кенг миқёсли ва кенг қамровли жараён амалга оширилиб, ўқув-тарбия жараёнига бошқарувнинг янги механизмлари ва сифат стандартларини жорий этиш, умумтаълим муассасаларининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш ва жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Айни пайтда тизимда кадрлар сиёсатини шакллантиришнинг замонавий тамойилларини жорий этиш, раҳбар ва педагог ходимларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини татбиқ этиш ҳам соҳадаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Юртимиздаги барча педагоглар каби мен ҳам ҳар беш йилда бир маротаба ўз малакамни ошириб, жаҳонда педагогика, психология ҳамда ўқув фаним - кимё ва биология бўйича эришилган энг янги ютуқларни чуқур ўрганиш, замонавий ахборот ва педагогик технологияларнинг имкониятларидан хабардор бўлишга ҳаракат қилаяпман. Шу кунларда Қарши давлат университети ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида тингловчи сифатида таҳсил олар эканман, бу ерда биз - педагогларнинг методик эҳтиёжларимизни тўлақонли қондириш мақсадида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг илғор шакл ва усуллари жорий этилаётгани, инновацион илмий ютуқлар, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари қўлланаётгани гувоҳи бўлаяпман. Шунингдек, ўқув-тарбия жараёнининг амалиёт билан ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун сайёр машғулотлар ўтказилиб, улар замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган таълим муассасаларида, ўз соҳасида катта натижаларга эришган ва кўплаб янгиликларни татбиқ этган педагоглар иштирокида ташкил қилинмоқда.

Бу сафарги малака ошириш курсларини аввалгилари билан таққослаб айтмоқчиманки, марказда нафақат таълим дастурлари такомиллаштирилиб, ўқитиш жараёни модернизация қилингани, балки тингловчиларнинг яшаши ва малака оширишлари учун анчагина қулай шароитлар яратилгани ҳам яққол сезилиб турибди. 240 ўринли тингловчилар турар жойи мукаммал таъмирдан чиқарилиб, замонавий мебель ва буюмлар билан жиҳозланган. Ичимлик суви таъминоти, иситиш ва ювиниш тизимлари билан боғлиқ муаммолар бартараф этилган. Замон талаблари асосида янгиланиб, барча зарур инвентарлар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган 240 ўринли ўқув биноси ҳам тез орада фойдаланишга топширилгач, тингловчилар учун бир сменада таҳсил олиш имконияти яратилади. Муассаса кутубхонасида 11 мингта китоб, 5 мингтадан зиёд электрон дарслик ҳамда кўплаб даврий  нашрлар мавжуд. Бутун марказ ҳудудида видеокузатув тизими ўрнатилиб, бинолар атрофлари кўкаламзорлаштирилган. Бундай шароитлар, шубҳасиз, биз - тингловчиларни ўқув-услубий жараёнда янада фаол иштирок этиб, ўзаро тажриба алмашиш, мустақил равишда таълим олишни кенгайтириш ва ўз касбий компетентлигимизни тобора ривожлантиришга ундайди.

Истам ҲАСАНОВ,

Шаҳрисабз туманидаги 15-сонли санатория типидаги мактаб-интернатнинг кимё ва биология фани ўқитувчиси

Мактублар - кўнгил ойнаси. Муштарийлардан келаётган мактублар  нашримизга бўлган эътибор ва ишончдан дарак.

Бу ишонч ва эътиборга муносиб жавоб бериш эса бизнинг  бурчимиздир.