Жараён 25.12.2018 310

ХАВФСИЗ ТУРИЗМ БИЛАН ИЖОБИЙ ИМИДЖ ҲАМ ОШАДИ

Ислоҳот ва натижа

ХАВФСИЗ ТУРИЗМ  БИЛАН ИЖОБИЙ ИМИДЖ ҲАМ ОШАДИ

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 11 ойида вилоятимизга жами 80 хорижий мамлакатдан 29 минг 982 нафар турист, 1 миллион 340 минг маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган. Албатта, сайёҳлар оқими кўпайишида ҳудуднинг туристик салоҳияти юқори экани асосий ўрин тутса, хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам бу борада алоҳида аҳамият касб этади.

Маълумки, бундан бир йил муқаддам, яъни Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги қарори билан юртимизнинг қатор тарихий шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш концепцияси тасдиқланганди. Ўтган вақт ичида қарор асосида хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича вазият марказлари фаолият бошлаб, улар хавфсиз туризм ҳолатини мониторинг қилиш, сайёҳларни бўлғуси хавф-хатарлар ҳақида реал вақт режимида огоҳлантириш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам бериш бўйича иш олиб бораётир.

Ўз навбатида вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилиб, шахсий таркиб танлов асосида, биринчи навбатда, чет тилларини биладиган ходимлар жумласидан шакллантирилди. Улар ихтиёрига 3 енгил автомашина, 4 та скутер ва яна шунча сегвей фойдаланишга берилди ва бу фаолиятни тезкор ҳамда қулай олиб боришда асқатаяпти.

Биламизки, қаердаки турист ўзини  бехатар ҳис қилса, ўша жойга одамлар оқими кўпаяди. Таҳлиллар жорий йилнинг 11 ойи давомида хорижий туристларга нисбатан ёки улар томонидан жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилмаганини кўрсатмоқда. Ўз навбатида хориж сайёҳлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса ҳам қайд этилмаган. Бунда намойиш объектлари ва уларга туташ ҳудудларда истиқомат қилувчи ёки меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар орасидан профилактик ҳисобда турадиган ёки ҳуқуқбузарлик содир этишга  мойил шахслар билан ўтказилган профилактик тадбирлар ҳам яхши самара берганини таъкидлаш ўринли.

Шу билан бирга, 387 нафар хорижлик турист хавфсиз туризмни таъминлаш  бошқармаси ходимларига тиббий ёрдам кўрсатиш, йўқотилган буюмларни топиб бериш, йўналиш кўрсатиш каби масалаларда мурожаат қилган ва сўровларнинг барчаси ижобий ҳал этилган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, вилоятда айни пайтда туристик инфратузилма объектларининг умумий сони 345 та бўлиб, музей, зиёратгоҳ, археология, архитектура, монументал санъат ёдгорликлари, диққатга сазовор жойларни ўз ичига олган маданий мерос манзиллари, туристик намойиш объектлари, эко-табиат қўриқхона фонди сайёҳлар эътиборига ҳавола этилган.

Тан олиш керак, фақат шулар билан хорижлик меҳмон эътиборини тортиб бўлмайди. Хизмат кўрсатиш тизими ҳам жуда юқори даражада бўлиши даркор. Айни пайтда сайёҳларга "Е-mehmon" электрон тизими йўлга қўйилган 49 меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ягона реестрига киритилган 16 та уй-меҳмонхона хизмат кўрсатмоқда.

"Е-mehmon" шундай тизимки, чет эл фуқароси юртимизга келгач, 30 дақиқа ичида веб-сайт, мобиль илова орқали рўйхатдан ўтади. Табиийки, ортиқча вақт сарфи, турли ташвишлардан холи бўлган сайёҳ Ўзбекистонда ўз уйида юргандек ҳис қилади ўзини. Қолаверса, бу тизим яшаш жойи хавфсизлигини таъминлаш, меҳмонхонага жойлашиш ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш соҳасида ҳар бир меҳмонхонада етиб келган сайёҳларнинг маълумотлар базасини шакллантириш имконини беради.

Сир эмас, шароит бўлмаган, хавфсизлиги таъминланмаган жойга сайёҳ қадамини ҳам босмайди. "Tourist-friendly" ("сайёҳларга дўстона") тизими эса туристик намойиш объектлари ҳамда инфратузилманинг санитария нормаларига, доимий равишда иссиқ сув, электр таъминоти резерв тизимлари, видеокузатув, хорижий тилларни эгаллаган ходимлар, турли тўлов тизимлари мавжуд бўлиши тўғрисидаги талабларга ва бошқа мезонларга мувофиқлигини тасдиқлайди. Аниқроқ айтсак, шароити бўлмаган жойга турист олиб борилмайди.

Тизим ичида юргандан кейин сайёҳлар нимани истаётгани аниқ-равшан кўринади. Шундан келиб чиқиб, Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлигига таклиф киритилди ва унга асосан намойиш объектларида 3 та ахборот шохобчалари ўрнатилиб, зарурий жиҳозлар билан таъминланди. Бундан ташқари, тегишли объектларга 132 та видеокузатув ва шахс қиёфасини идентификация қилишга мўлжалланган 4 та камера ўрнатилди.

Туристларнинг мулки йўқолиши ва талон-торож қилинишининг олдини олиш мақсадида Амир Темур хиёбони ҳудудидаги намойиш объектлари ҳамда улар атрофидаги савдо шохобчалари, умумий овқатланиш жойлари, пуллик хизмат кўрсатувчи электромобилларга бир нечта хорижий тилда "Шахсий буюмларингизга ҳушёр бўлинг, уларни қаровсиз ёки унутиб қолдирманг!" мазмунидаги ёзувлар жойлаштирилди. Сайёҳлар бўладиган ҳудудлар эгасиз ҳайвонлардан тозаланди.

Кўзда тутилган янгиликлардан яна бири шуки, мобиль илова орқали сайёҳлар мамлакатимизда бўлиш қоидалари, виза ва рўйхатга олиш жараёнлари, диққатга сазовор манзиллар ва йўналишлар, шунингдек, яқин ички ишлар органи таянч пунктлари ва тиббиёт муассасалари тўғрисида хабардор қилиб борилади. Унда сайёҳ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мушкул вазиятга тушиб қолганлик тўғрисида хабар юбориши ёки ўз мамлакатининг консуллик идорасига мурожаат ёзиши мумкин.

Жаҳон амалиётидан маълумки, хавфсиз туризмнинг таъминланиши сайёҳлар сони кўпайишига хизмат қилиши баробарида дунё нигоҳида ўша мамлакат ҳақида ижобий тасаввур уйғонишида ҳам муҳим омил бўлади.

Бахтиёр САЙФИЕВ,

вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходими, майор