Жараён 09.08.2019 132

ХИЗМАТ ИТЛАРИ ИШТИРОКИДА 76 ТА ЖИНОЯТ ОЧИЛГАН

Кўрик-танлов

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Намунали питомник" ҳамда "Кинология хизмати аълочиси" республика кўрик-танловлари кинология хизмати ходимларининг касбий маҳоратини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.

Мазкур танловларнинг бу йилги якуний босқичи Хоразм вилояти ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси базасида ўтказилди.

Унда вилоятимиздан ҳам ички ишлар органларининг тажрибали кинологлари иштирок этиб, танлов шартларига кўра турникда тортилиш, 100 ва 3000 метр масофаларга югуриш, қўл жанги усуллари, 50 метр масофага сувда сузиш, ўқ отиш, саф тайёргарлиги ҳамда хизмат итлари билан умумий курс машғулотлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди. Шунингдек, мусобақа қатнашчилари ИИВ меъёрий ҳужжатлари бўйича тест синовларини ҳам топширишди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов иштирокчиларининг ҳар бир шарт бўйича чиқишлари баҳолаб борилди.

Эътиборлиси, вилоят ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ҳузуридаги кинология хизмати питомниги ветеринария хизмати бошлиғи, сержант Озодбек Суюнов "Кинология хизмати аълочиси" кўрик-танловининг ўқ отиш тури бўйича 1-ўринни эгаллаган бўлса, инструктор кинолог, сафдор Аброр Хўжаназаров фаол иштироки учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

Бошқарма ҳузуридаги кинология хизмати хизмат итлари питомниги эса "Намунали питомник" кўрик-танловида  2-ўринга лойиқ кўрилиб, Ички ишлар вазирлигининг фахрий ёрлиғи ва компьютер жамланмаси билан тақдирланди.

Қайд этиш лозим, вилоят ички ишлар органлари кинология хизмати ходимлари томонидан шу йилнинг 7 ойи давомида хизмат итлари иштирокида ўғрилик билан боғлиқ 41 та, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ 22 та, қотилликка дохил 9 та, талончилик билан алоқадор 3 та ва бошқа ҳолатлар билан боғлиқ 1 та жиноят очилган.

Б.САЙФИЕВ