Жамият 17.09.2019 138

ХОМ-ХАТАЛА ТАФТИШ КЕЛТИРГАН ТАШВИШ

Инсон ва қонун

Хўжаабдужабборлик Сахиддин Ибоев ҳали 30 ёшга тўлмай Чироқчидаги касб-ҳунар коллежи директори вазифасига тайинланаркан, ўз олдига қатор мақсадлар қўйгани аниқ. Ушбу мақсадлари ўзгалар наздида ҳам ишончли туюлганки, уни халқ депутатлари туман кенгаши депутатлигига сайлашган.

Тўғри, ёш йигит учун юзлаб ўқувчи ва ўқитувчига бошчилик қилиш у қадар осон кечмаган, бироқ шу орада унга бюджет маблағларини талон-торож қилиш айби қўйилиб, иш судга оширилгани жамики ниятларнинг оёғини осмондан қилди.

Дастлабки тергов ҳам кўп куттирмади: уни коллеж ҳисобчиси билан тил бириктириб, икки қоровулга 253 минг сўм ошиқча иш ҳақи тўлаганликда айблашди. Шунингдек, дарс соатларини ўтмаган айрим ўқитувчиларга 313 минг сўм кўп иш ҳақи ёзилгани, ижтимоий-гуманитар фанлар ўқитувчиси З.Сабинованинг фарзанди ўқиши учун ўтказилган пул ўз вақтида ушланмагани натижасида 100 минг сўм ошиқча иш ҳақи тўлаб берилгани ҳам қоғозга тиркалди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 1 августдаги "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган низом талабларига амал қилмасдан, директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига 1 миллион 592 минг, ўқув ишлари бўйича ўринбосарига ҳам шунча, бир ўқитувчига икки марта 838 минг сўмдан, кутубхоначига 514 минг, хазиначига 354 минг, махсус комиссия йиғилишида кўриб чиқилмаган ва директорнинг буйруқлар китобида қайд этилмаган бўлса-да, ётоқхона коменданти, чилангар ва бошқа ўқитувчиларга йўқ жойдан пул берилиб, жами 9 миллион 335 минг сўм пул "ҳавога совуриб" юборилгани ҳам айблов ҳужжатларидан жой олди.

Бироқ судда директорнинг ўзи айтилганларнинг бирортасига қўшилмаслигини, чунки далолатномада дарс соатлари ўтилмаган деб кўрсатилган барча ҳолатлар бўйича ўқитувчилар томонидан ҳақиқатда дарс соатлари ўтилгани, текшириш вақтида бу бўйича ўқитувчилардан тушунтириш хатлари олинмагани, ўша пайтда (2015 йил назарда тутилмоқда) пахта мавсуми бўлгани боис ўтилган дарслар журналларга ёзилмай қолган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, далолатномада ошиқча тўланган деб кўрсатилган рағбатлантириш ва моддий ёрдам пуллари ҳам махсус комиссия йиғилишида кўриб чиқилиб, комиссия қарорига асосан алоҳида ўрнак кўрсатган ва маълум ютуқларга эришган ходимларга тайинлангани, буни комиссия аъзолари ҳамда ўқитувчи ва ходимлар тасдиқлаши мумкинлиги, аммо текшириш давомида уларнинг бирортасидан бу ҳақда сўралмагани ва тушунтиришлар олинмагани, айни пайтда, рағбат ва моддий ёрдам пулларидан манфаатдор бўлмаганини айтди.

Туман прокуратурасининг ҳужжатли тафтиш тайинлаш тўғрисидаги қарорига асосан коллежда тафтиш ўтказган, вилоят назорат-тафтиш бошқармаси ҳисобчи-тафтишчиси А.Нуралиев эса ошиқча иш ҳақи тўлаш ҳақидаги далолатномада кўрсатилган ҳолатларни тушунтириб бера олмаслигини, чунки ушбу ҳолат ўрганишга жалб қилинган туман халқ таълими бўлими ходимлари томонидан аниқлангани, улар буни ўзларининг далолатномасига кўчириб қўя қолганликларини билдирди.

 Қоровулларга тўланган иш ҳақидаги маълумотни эса молия бўлими ўрганган, тафтишчилар буни ҳам шунчаки кўчириб олган экан, холос.

Қизиғи, моддий ёрдам пуллари бўйича тегишли ҳужжатлар, яъни махсус комиссиянинг йиғилиш баёни ҳамда қарори тақдим этилмагани сабабли моддий ёрдам пуллари нотўғри тўланган, деб кўрсатилган.

Кўриниб турибдики, коллежда камчиликка йўл қўйилган, фақат бунга коллеждагилар эмас, тафтишчилар йўл қўйган. Ўзлари-ку текширишни кўнгилдагидай ўтказмай бошқаларни айбдор қилишга уринганлари қизиқ.

Яна бир эътиборга молик жиҳати, туман молия бўлими мутахассиси З.Хушмуродов икки қоровулнинг ишга келиб-кетганлиги ҳақидаги ҳужжатлар тақдим этилмагани сабабли уларга иш ҳақлари нотўғри тўланган деб кўрсатилгани, аммо бу ҳолатлар бўйича қоровуллардан тушунтириш хатлари олинмагани, чунки ўша  вақтда туман прокуратураси томонидан текшириш ҳужжатлари тезда сўраб олиб қўйилгани сабабли текшириш ўз якунига етмай қолгани ҳамда маълумотнома билан коллеж директори ва бошқа масъул ходимлари таништирилмагани, улар томонидан имзоланмасдан қолиб кетганини баён қилди.

Текшириш хом-хатала бўлгани унга жалб этилган халқ таълими бўлими мутахассиси иқрорларида ҳам ўз аксини топди.

Маълумки, Олий суд пленумининг 2004 йил 21 майдаги "Жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарорида такроран содир этилган талон-торожни квалификация қилишда барча эпизодлар бўйича аниқланган умумий талон-торож суммаси эмас, балки зарар миқдори энг кўп бўлган эпизод бўйича талон-торож суммаси асос қилиб олиниши кераклиги ҳақида тушунтириш берилган.

С.Ибоев томонидан такроран содир этилган талон-торож суммасининг энг кўп миқдори 2-айблов эпизоди бўйича 5 миллион 732 минг сўмни ташкил этади.

Жиноят кодекси 13-моддаси 2-қисмида қилмишнинг жиноийлигини бекор қиладиган, жазони енгиллаштирадиган ёки шахснинг аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган қонун орқага қайтиш кучига эга, яъни ушбу қонун кучга киргунга қадар тегишли жиноий қилмиш содир этган шахсларга, шу жумладан, жазони ўтаётган ёки ўтаб бўлган шахсларга нисбатан, агар улар ҳали судланган ҳисоблансалар, татбиқ этилади, деб кўрсатилган.

С.Ибоев томонидан такроран энг кўп миқдорда талон-торож қилинган деб ҳисобланган 5 миллион 732 минг сўмлик бюджет маблағлари аввалги энг кам ойлик иш ҳақи қиймати (202 минг 730 сўм)дан келиб чиққанда, энг кам ойлик иш ҳақининг 30 бараварини ташкил этмайди ва бугунги кунда жиноят таркибини бермайди.

Бундан ташқари, тергов органи томонидан С.Ибоев Жиноят кодекси 209-моддасида назарда тутилган мансаб сохтакорлиги жиноятини содир этганликда ҳам айбланган бўлса-да, бироқ унинг ушбу жиноятни қасддан, ҳисобчи билан тил бириктириб, ғараз ёки бошқа паст ниятларда содир этганини тасдиқловчи бирорта далил мавжуд эмас. Бу ҳолат судда сўралган гувоҳларнинг кўрсатувлари билан ҳам ўз тасдиғини топмади.

Бироқ, дастлабки тергов органи мазкур қонун талабига риоя этмасдан, ишга бир томонлама, фақатгина С.Ибоевни айблаш нуқтаи назаридан ёндашиб, етарлича далиллар мавжуд бўлмаса-да, шубҳа ва тахминларга асосланиб, хулосага келган.

Ваҳоланки, тергов органи коллеж директорига Жиноят кодекси 167-моддаси 2-қисми "б, в, г" бандлари ва 209-моддаси 2-қисми "а" банди билан айб эълон қилган бир ҳолатда, у билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб жиноят содир этганлиги кўрсатиб ўтилган коллеж ҳисобчисига нисбатан жиноят ишининг қисмини унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли тугатиш ва унга нисбатан маъмурий жавобгарликка доир иш қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Худди шунингдек, С.Ибоев айбланган эпизодлар бўйича коллеж махсус комиссия аъзоларининг ҳамда ортиқча тўлов амалга оширилган ўқитувчи ва ходимларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани сабабли ишнинг уларга оид қисми ҳам ҳаракатдан тугатилган.

Олий суд пленумининг 2014 йил 23 майдаги "Суд ҳукми тўғрисида"ги қарорида ишда тўпланган далилларнинг етарли эмаслиги, далиллар қонунга зид равишда олинганлиги сабабли улар далил ҳисобланмаслиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг тўлиқ айбдорлиги тўғрисидаги шубҳани бартараф қилишнинг имкони йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлади, дейилган.

Шунга кўра, жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судининг очиқ суд мажлисида коллеж директорининг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги боис у айбсиз деб топилди. Мазкур ишда маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса-да, давлат бюджетига етказилган зарарлар тўлиқ қоплангани ҳамда ушбу ҳуқуқбузарликлар содир этилганидан буён Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс  36-моддасида назарда тутилган бир йиллик жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли, маъмурий жавобгарликка доир иш қўзғатиш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисобланди.

Албатта, қорани оқлашдан кўра оқни қоралаш осон. Тафтишчию терговчилар ишнинг осонини кўришди, йўқ жойдан бир кишини қора қилиб қўяқолди. Кейинги ислоҳотлар самарасида янгиланишга юз бураётган суд эса адолатни тиклади, якка шахслар истаги, кайфиятию иш услубини эмас, қонун устуворлигини таъминлади. Демак, соҳада ўзгаришлар бор.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди материаллари асосида Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.