Жамият 21.06.2019 283

ХОНОБОДДАГИ ҲАРБИЙ ҚИСМНИНГ 70 ЙИЛЛИГИ НИШОНЛАНДИ

Ватанимга хизмат қиламан

Қарши тумани Хонобод қўрғонида Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ташкил этилганининг 70 йиллиги муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларда ватанпарварлик  руҳини кучайтириш, ҳарбий касбга нисбатан ғурур ва ифтихор ҳиссини уйғотиш, халқ ва армия якдиллигини таъминлаш устувор вазифалардан бирига айланган. Шунга кўра, ҳарбий қисмнинг 70 йиллиги ҳам кенг жамоатчилик иштирокида, кўтаринки руҳда нишонланди. Вилоятимиздаги маҳаллалар томонидан ташкил этилган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос маданий мероси, урф-одат ва анъаналарини акс эттирувчи бадиий чиқишлар, китоблар ярмаркаси йиғилганларга ўзгача кайфият бағишлади.

Тадбирнинг расмий қисми ҳарбий аэродром ҳудудида ташкил этилган очиқ осмон остидаги музейнинг очилиши билан бошланди. У ўтган йили Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мазкур ҳарбий қисмга ташрифи чоғида берган кўрсатма ва  топшириқларига асосан бунёд этилган бўлиб, бу ерда беш турдаги қирувчи самолётлар макетлари ҳамда ҳарбий учувчи ҳайкали ўрнатилган. 

Шундан сўнг асосий тантаналар давом этди. Маросимда Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўшинлари қўмондони генерал-майор Аҳмад Бурҳонов, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, Россия Федерациясидан келган меҳмон, ҳарбий қисмнинг собиқ ҳарбий хизматчиси, захирадаги полковник  Валерий Голдишев ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур ҳарбий қисмнинг мамлакатимиз мудофаа тизимида тутган ўрни, бу ерда етишиб чиққан кўплаб учувчиларнинг Қуролли Кучларимиз ривожига қўшаётган ҳиссаси ҳамда сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мазкур ҳарбий қисмда амалга оширилаётган ишлар, ҳарбийлар учун яратилаётган шарт-шароитлар хусусида сўз юритишди.

Шундан сўнг, ҳарбий қисмнинг тажрибали учувчилари "Миг-29", "Су-25" русумли қирувчи самолётларда самода ўзига хос "рақс"ни намойиш этишди.

Тадбир давомида Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда маҳаллий хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага хушнудлик улашди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.