Қишлоқ хўжалиги 08.11.2018 70

ХУШТАЪМ, ШИФОБАХШ ВА СЕРДАРОМАД

Боғдорчилик

ХУШТАЪМ, ШИФОБАХШ ВА СЕРДАРОМАД

ёхуд Варганза анорларининг сири нимада?

Қадимий афсоналарда кузнинг хушхўр неъмати - анор “мевалар шоҳи” дея эътироф этилган. У ҳукмронлик, куч-қудрат, меҳр ва садоқат рамзи саналади. Бу бежизга эмас, албатта. Анор нафақат хушхўр таъмга эга, балки бир неча шифобахш хусусиятларни ҳам ўзида мужассам этган. Қадим-қадимдан халқ табобатида турли хил касалликларни даволашда анор шарбати ва пўстлоғидан тайёрланган қайнатма кенг қўлланилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, нордон анор ва хусусан, унинг шарбати сафрони босади ва хилтларни ички аъзоларга оқишини тўхтатади. Унинг пўстлоғи айниқса, куйдирилгани жароҳатлар учун доридир. Шунингдек, тиш оғриғини босади ва   милклар шамоллаганда фойда қилади. Анор меваси таркибида жуда кўплаб фойдали элементлар, витаминлар мавжуд.

Хуллас, анор меваси ўзининг қатор доривор хусусиятлари, озиқлик қиймати билан ҳам ички, ҳам ташқи бозорда бирдек харидоргир маҳсулотлар сирасига киради. Аммо бир томони борки, анор буталари ҳамма жойда ҳам ўсавермайди, ўсса-да, ундан кутилган ҳосилни ололмайсиз. Мевалари кичик, кўримсиз, пўсти қаттиқ ва дағал, меваси нордон, сувсиз бўлиб қолаверади. Анор буталари қуруқ ва нами кам, шўрланмаган тупроқни, тоза ҳавони, зилол сувни ва салқин шабадани хуш кўради.

Вилоятимизнинг Китоб, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманлари тоғли ҳудудларининг иқлим-шароити ҳар жиҳатдан ана шу талабларга мос. Шу боис ҳам бу манзилларда етиштирилган анор меваларининг донғи дунёга кетган. Айниқса, Китоб туманининг Зарафшон тоғ тизмалари этагида жойлашган Варганза қишлоғи аҳолиси анорчилик борасида алоҳида мактаб яратган, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Қишлоқ ҳудудидаги Варганза, Шатри, Анорзор маҳаллаларида деҳқон ва фермер хўжаликлари билан бир қаторда, аҳоли ҳам ўз томорқаларида асосан анорчилик билан шуғулланади.

- Маҳалламиз ҳудудида 779 та хўжалик,  1 минг 60 та оила, 3 минг 923 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди Анорзор МФЙ   раиси Эътибор Ҳалимова. – Барча оилалар ўз томорқаларида асосан анор етиштиради. Асосий даромад манбаимиз ҳам шу юмуш ортидан. Кимдир анор етиштиради, кимдир уни сақлаш, кимдир сотиш билан шуғулланади. Қолаверса, анор меваларини териш, ташиш, совуқ кунлар бошланиши олдидан буталарини кўмиш, баҳорда очиш ҳам катта меҳнат талаб этади. Фақат қўл кучи билан амалга ошириладиган бу юмушларда деҳқон ва фермер хўжаликларига кўмаклашиб, яхшигина моддий даромад топадиганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Хуллас, анорчилик ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди.

Дарҳақиқат, бу қишлоқда ҳар бир киши анорчилик бобидан катта тажрибага эга. Варганзаликлар анор мевасига баҳо беришда унинг мазасидан тортиб, катта-кичиклиги, рангининг тиниқлиги, пўстининг қалин ёки юмшоқлигини ҳам эътибордан қочирмайди, кўчатчиликка, энг сара навларни кўпайтиришга ҳаракат қилади. 2011 йили Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг халқаро кўргазмасида китобликлар етиштирган анор ўзининг таъми, экологик тозалиги, сервитаминлиги каби жиҳатлари билан юксак баҳолангани ҳам ҳудуд боғбонларининг ишига берилган муносиб баҳодир.

Қишлоқ аҳолиси асосан анор буталарининг Бедона, Улфи, Туятиш, Шеробод, Қува каби  навларини парваришлар экан. Бу навларнинг ҳар бири ўзига хос таъми ва кўриниши билан ажралиб туради.

- Кўпчилик “Варганза анорларининг сири нимада?”, деб сўрашади, - дейди маҳалла фаолларидан бири Жаҳонгир Ражабов. – Албатта, бунинг энг асосий сири иқлим шароитимизнинг анорчилик учун қулайлиги, қолаверса, ҳудудда бу борада жуда катта тажриба тўпланганида. Чунки, сара анор етиштириш осон иш эмас. Бу жуда кўп меҳнат ва эътиборни талаб этади. Мисол учун, анор буталари заиф бўлади ва қишда совуқ тез таъсир қилади. Шунинг учун совуқдан омон сақлаш мақсадида ҳосил йиғиштириб олингач, буталарни кўмиш лозим.

Жаҳонгир Ражабовнинг таъкидлашича, ҳозир анор буталарини кўмиш учун энг қулай вақт. Чунки бу вақтда анор дарахти танасида сув бўлиб, яхши эгилади ва синмайди. Уни қанчалик сифатли кўмсангиз, буталар қиш бўйи шунчалик ишончли сақланади. Баҳор келиб, кунлар қизий бошлагач эса, у ўз вақтида очилиши шарт. Агар озгина кечиксангиз ҳам, бу бутанинг ривожига, гуллашига салбий таъсир ўтказади. Шунингдек, ерни ўз вақтида озиқлантириб, сувини берсангиз, бунинг натижаси олинажак ҳосилда намоён бўлади.

- 1996 йилда оила аъзоларимиз билан биргаликда уйимиз яқинидаги дарё қирғоғидан 10 сотих жойни текислаб, 80 туп атрофида анор кўчатларини ўтқазган эдик, - дейди шу ерлик томорқачилардан бири Илҳом Бобоев. – Айни пайтда ана шу ердан йилига қарийб 3 тоннага қадар ҳосил олмоқдамиз. Анор мевалари турли шикастланишларга чидамли бўлгани боис, уни қутиларга териб, уй шароитида ҳам узоқ вақт сақлаш мумкин. Етиштирилган ҳосилни то апрель, май ойларига қадар уй шароитида сақлаб, харидорларга етказиб берамиз.

Дарҳақиқат, анорчилик қишлоқ хўжалигидаги энг сердаромад соҳалардан биридир. Буни варганзаликлар ўз фаолиятлари мисолида аллақачон исботлаб бўлишган. Бугун бу ерда етиштирилган анорлар экспортга ҳам сотилмоқда. Аҳолининг таъкидлашича, ҳозирги    пайтда маҳсулотнинг асосий қисми ички бозорга йўналтирилса, бир қисми туманнинг ўзидан, яна бир қисми эса Самарқанд ва Тошкент бозорлари орқали Россия, Қозоғистон каби давлатларга олиб кетилмоқда. Агарда туманда етиштирилган анорлар тўлиқ шу ернинг ўзидан хориж бозорларига йўналтириладиган бўлса, бу ҳам туманнинг иқтисодий салоҳиятига, ҳам маҳсулотни етиштирувчиларнинг даромади ошишига омил бўларди. Ўйлаймизки, туман мутасаддилари бу жиҳатга ҳам эътибор қаратишади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.