Иқтисодиёт 04.10.2019 208

КИЧИК КОРХОНАДА ПАЙПОҚ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАЯПТИ

Ҳаракатда баракат

Тадбиркорлик четдан кузатганлар учун оддий иш кўриниши мумкин. Аммо бу фаолият кишидан илм, интилиш, изланиш ва энг асосийси, ташаббускорлик, ғайрат ва шижоат талаб этади. Ана шу фазилатларга эга бўлган, аниқ мақсад сари қатъий ҳаракат қилган кишигина соҳада маълум ютуқларга эришиши мумкин.

Чироқчилик Жўра Сафаров ҳам анча вақтдан буён йиғиб юрган сармоясига Хитойдан махсус технология харид қилиб, пайпоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди. Бугун у раҳбарлик қилаётган “Urbes” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилган пайпоқлар ички бозорда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бормоқда.

- Фаолиятимизни яқиндагина бошлаганимизга қарамай, бугун ишлаб чиқараётган пайпоқларимиз турини 10 хилга етказдик, - дейди тадбиркор. – Ҳозир бор эътиборимиз янги бозорлар топиш ва ишлаб чиқариш салмоғини оширишга қаратилган. Бу корхонамизнинг иқтисодий имкониятларини юксалтириш, қўшимча иш ўринлари яратишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, келгусида бошқа турдаги тирикотаж буюмлар ишлаб чиқариш, экспортга маҳсулот чиқаришни йўлга қўйиш ҳам асосий мақсадларимиздан бири.

Айни пайтда корхонада кунига ўртача 600 жуфт пайпоқ ишлаб чиқарилмоқда. 12 киши шу ерда иш билан банд.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.