Жамият 30.11.2018 160

КИМНИНГ ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН: КОРХОНАЛАРНИНГМИ ЁКИ НОГИРОНЛИГИ БОР ШАХСЛАРНИНГ?

3 декабрь - Халқаро ногиронларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш куни

КИМНИНГ ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН:

КОРХОНАЛАРНИНГМИ ЁКИ НОГИРОНЛИГИ БОР ШАХСЛАРНИНГ?

Қарши шаҳрилик Суннат Иноқов тақдир тақозоси билан ногиронлик аравачасига михланган. Бироқ бу унинг ҳаётга некбин қарашига тўсқинлик қилолмади.

- 15 ёшимда юролмай қолганман, - дейди у. - Дастлаб бу фожиага кўниколмай умидсизликка тушдим. Кейин ўзимни руҳан тайёрлаб бордим. Гулдек ҳунарим бўлса, уни бажарадиган қўлларим бутун-ку. Демак, яшасам, ишласам бўлади, дея ўзимга тасалли бердим. Аста-секин маиший техника воситаларини тузата бошладим. Уйда устахона очдим, мана бугун эл хизматидаман.

Бундай олиб қараса, у "қачон нафақамни олиб келишаркин", дея эшик пойлаши ҳам мумкин эди.  Бироқ у танбалликдан ор қилди, эртанги кунга умид билан яшади. Демакки, кам бўлгани ҳам йўқ. Хусусан, жорий йилда Президент совғаси - бир хонали уйга эга бўлди.

Ғузор туманининг Хумдон маҳалласида яшовчи Маҳлиё Йўлдошева ҳам имконияти чекланган бўлса-да, иродаси мустаҳкам, меҳнатга иштиёқи баланд.

- 20 ёшимда оёқларимда кучли оғриқ пайдо бўлиб юришга қийнала бошладим, - дейди Маҳлиё. - 25 ёшимда эса юролмай қолдим. Вақт олий ҳакам экан. Аста-секин кўникдим. Юролмасам нима бўлибди? Оёқларимга аталган жон қўлларимга ўтиб қолган, дедим ўзимга. Шунга ҳам олти йил бўлибди. Аввал уйда кичик цех очиб, қизларга тикувчилик ва тўқувчиликни ўргата бошладим. Совғабоп буюмлар, болалар ва катталар учун пайпоқ, жакетлар тўқидим. Аммо қадалиб ўтириб, чизмакашлик қилиш, кўйлак тикиш, тўқиш осон кечмади. Белларим оғриб, қўлларим толиқиб қоларди. Ҳеч қачон бошлаган ишимни тугатмасдан қўймасдим. Иродали бўлсанг, ҳамма қийинчиликни енгаркансан. Олти ойдан бери Ёшлар иттифоқи туман кенгаши қошида ташкил этилган тўгаракда машғулот ўтаяпман, 70 дан зиёд шогирдим бор.

Бир муддат аввал Маҳлиё "Шўртангазкимё мажмуаси" МЧЖ билан шартнома ҳам имзолаб, буюртма асосида кўрпа-кўрпача, ёстиқ, чойшаб тикиб бермоқда. Ойлик маоши ойма-ой  пластик карточкасига ўтказиб берилаяпти.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш керак, имконияти чекланганларнинг барчаси ҳам ҳаётда ўз ўрнини топа олаётгани йўқ. Мисол учун, юқорида айтганимиз - Суннат Иноқов балки давлат ишида ишласам, даромадим ошар, деган умидда бир қатор ташкилотларга мурожаат қилган. Аммо ҳар хил баҳоналар билан уни ишга олишмаган. 

Ваҳоланки, давлат раҳбарининг 2017 йил 1 декабрдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида имконияти чекланганларни мос иш ўринлари билан таъминлаш чоралари ҳам кўрсатилган.

- Ходимларининг сони 20 дан ортиқ бўлган корхона, муассаса ва ташкилотларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронларни ишга жойлаштириш учун махсус иш ўринлари ажратиши ва захирада сақлаши лозим, - дейди вилоят бандлик бошқармаси ишсизларни ишга жойлаштириш шуъбаси мудири Жуманазар Бозоров. - Мазкур тартибни бузганлар жаримага тортилади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар уйда ишловчи, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи ногиронларга мазкур фаолият учун яшашга мўлжалланмаган жойлар берилишида, хом ашё олиши ва маҳсулот сотишида зарур ёрдам кўрсатади. Жумладан, жорий йилда вилоятимизда ногиронларни ишга жойлаштириш учун 75 иш ўрни банд қилинган.

Кўриниб турибдики, қонунчиликка биноан, ногиронлик ишга жойлаша олмасликка сабаб бўла олмайди, қайтага улар учун кўплаб имтиёзлар яратилиши зарур. Бироқ амалда бунинг тескариси. Маълумотларга кўра, жорий йилда жисмоний имконияти чекланган фуқаролар учун Қарши шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, "Дунё-М" акциядорлик жамияти, Қарши вагон депоси биттадан, Қарши темир йўл станцияси 2 та иш ўрни ажратиши белгиланган, аммо ушбу вазифа бажарилмаган. Давлатимиз томонидан имконияти чекланганларни ишга жойлаштириш, ўқишга қабул қилиш, касб-ҳунар ўргатиш ва уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш вазифалари изчил амалга оширилаётган бир пайтда ушбу ташкилотларнинг айни масалага панжа орасидан қараб келаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?!

Эсда тутиш даркор, "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Қонун 7-моддаси ҳамда Меҳнат кодексининг 68-моддасига кўра, давлат ногиронлар, шунингдек, ногирон болалари бор ёлғиз ота, ёлғиз оналарни ишга жойлаштиришда қўшимча кафолатлар билан таъминлаши даркор. Бироқ қонунга риоя қилиш, ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётганлар ҳам кўпки, айнан улар сабаб жисмоний имконияти чекланган бўлишига қарамай, ишлайман, ўз ўрнимни топаман, деган кишилар, айрим ҳолларда аксинча, ҳаётдан узилиб қолаяпти.

Шоҳиста БОЗОРОВА