Таълим 30.07.2019 121

КИРИШ ТЕСТ СИНОВЛАРИ БОШЛАНДИ

Абитуриент-2019

Кеча мамлакатимиз пойтахти ва яна 12 та шаҳарда 2019/2020 ўқув йилида юртимиздаги олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари бошланди.

Давлат тест маркази тарқатган маълумотларга кўра, тест синовларини ўтказиш учун республика бўйича 66 та катта сиғимдаги бино, шу жумладан, вилоятимизда Қарши ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг енгил атлетика манежи ва 2 та спорт зали ҳамда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг 2 та спорт зали тайёрланди.

- Белгиланган тартибда йирик кондиционерлар, кузатув камералари, тўлқинни тўсувчи қурилмалар, катта соатлар, видеопроекторлар ва овоз кучайтиргичлар билан жиҳозланган бу бешта бинонинг умумий сиғими бир вақтнинг ўзида 3210 нафар абитуриентнинг тест топшириши учун мўлжалланган, - дейди Давлат тест марказининг вилоят бўлими раҳбари Бектош Шодиев.

- Тест синовлари кунига икки сменада ўтказилаяпти. Биринчи смена соат 08:00 да, иккинчи смена соат 15:00 да бошланади. 29 июль куни биринчи навбатда тест топшириш учун 3037 нафар, иккинчи сменада 3163 нафар абитуриент келган, яъни тест синовларида иштирок этиши лозим бўлган 6420 нафар абитуриентдан 220 нафари номаълум сабабларга кўра бу жараёнда қатнашмаган.

Абитуриентларнинг ота-оналари ва жамоатчилик вакиллари кириш тест синовларини онлайн тарзда кузатиб боришлари учун мактаб-интернат ва институт яқинидаги ҳудудларда қулай ва соя-салқин жойлар ҳозирланиб, катта мониторлар ўрнатилган. Шунингдек, интернет тармоғида test2019.uz сайти орқали тест жараёнларини онлайн кузатиш имконияти яратилган.

Вилоятимизда республика олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари топширадиган абитуриентлар умумий сони 87 минг 174 нафарни ташкил этгани боис Қарши шаҳрида бу жараён 11 августга қадар (шу кун  ҳам қўшиб ҳисобланади) давом этади.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.