Таълим 27.06.2017 1369

КИТОБ – БИЛИМ, МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ МАНБАИ

Ёшлар ва мутолаа

КИТОБ – БИЛИМ, МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ МАНБАИ

Ўзбекистон ХДП вилоят кенгашининг “Истиқбол” ёшлар қаноти Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, “Кеш” ва “Сандувоч” газеталари таҳририяти, “Ўзгеобурғунефтгаз” акционерлик компанияси бошланғич партия ташкилоти ҳамда касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида Шаҳрисабз туманидаги Беруний номли болалар оромгоҳида “Китоб – билим, маънавият ва маърифат манбаи” номли тадбир ўтказди.

Тадбирда инсоният кашф этган энг буюк ихтиро -  китоб, унинг инсонни улуғлайдиган, унда маънавият ва маърифат асосларини шакллантирадиган, уни комил инсон қилиб тарбиялайдиган восита эканлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши мазмун-моҳияти борасида сўз борди.  Шунингдек, оромгоҳ дам олувчилари мутолаа маданияти, китобни танлаб-саралаб ўқиш борасидаги тавсияларни ҳам тинглашди.

– Ҳозир техника асри таъсири натижасида интернет, электрон манбалар бирмунча китоб ўрнини эгаллашга ҳаракат қилаётган бўлса-да, китоб ўзига хос жозибаси, кучини ҳамон сақлаб қолмоқда, – дейди “Ўзгеобурғунефтгаз” акционерлик жамияти касаба уюшмаси қўмита раиси ўринбосари Жамшид Самадов. – Ёшларимизни, фарзандларимизни мутолаага ошно, китобнинг ҳақиқий мухлиси этиб тарбиялаш эса бизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари - Ўроз Ҳайдар, Али Ниёз, Турди Ҳайдар, Ҳафиза Эгамбердиева, Нилуфар Умарова, Жаббор Халилов ўз ижод намуналаридан ўқиб бердилар. Вилоят Қўғирчоқ театри ижодий жамоаси томонидан намойиш этилган “Эзгулик маликаси” номли спектакль эса тадбирга янада ўзгача шукуҳ бағишлаб, ёшларга бир олам таассурот улашди.

Азиза ҚЎЗИБОЕВА,

 

Ўзбекистон ХДП вилоят  кенгаши сектор мудири