Сўнгги янгиликлар 02.04.2019 303

КИТОБ - ТАРБИЯНИНГ ЭНГ ТАЪСИРЧАН ВОСИТАСИ

Вилоят ахборот-ресурс марказида 2 апрель - Халқаро болалар китоби куни муносабати билан  Фарзандимга китоб совға қиламан” мавзусидаги тадбир ва китоблар кўргазмаси ташкил этилди.

Вилоят ахборот-ресурс маркази, вилоят қўғирчоқ театри, қатор таълим муассасалари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар, маҳалла фаоллари, ота-оналар, ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Очиқ эшиклар куни тарзида ташкил этилган учрашувда  болажонлар адабиёт оламига саёҳат қилишди. Вилоят ахборот-ресурс марказида яратилган имкониятлар, дарслик ва бадиий адабиётлар, маълумотлар базаси, электрон ресурслар билан танишишди. Ўғил-қизларимизнинг етук инсонлар бўлиб камолга етиши, ўзига муносиб касб танлашида оиладаги китобсеварлик муҳитининг аҳамияти, болаларни китоб ўқишга ўргатишда ота-онанинг ўрни хусусида сўз борди.

- Китоб - тарбиянинг энг таъсирчан воситаси, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Бекзод Жўраев. – Мутолаага ошно тутинган боладан ёмонлик чиқмайди. Фарзанларимиздаги китобга меҳр эса, аввало, оилада камол топади. Ота-оналар фарзандига намуна, ўрнак бўлиши лозим.

Ўқувчи-ёшларнинг китоб ҳақидаги шеърлари, қўшиқлари, саҳна чиқишлари, жозибали рақслари тадбирга янада файз киритди. 

Марказда бадиий китоблар кўргазма-савдоси ҳам ташкил этилиб, унда ота-оналар қизиқарли китоблар сотиб олиб, фарзандларига совға қилишди. 

                     С.АЛЛАЁРОВА