Иқтисодиёт 30.04.2019 149

КЛАСТЕРДА МАТО ТЎҚИШ ЎЗЛАШТИРИЛДИ,

Енгил саноат

КЛАСТЕРДА МАТО ТЎҚИШ ЎЗЛАШТИРИЛДИ,

энди навбат тайёр кийим-кечакка

Шу йилдан Қарши шаҳридаги "Sulton tex group" хусусий корхонаси кластер шаклида ишлай бошлади. Тадбиркорлик субъектига Қарши туманидан 15 минг гектар экин майдони ажратилган. Энди қайта ишлаш учун зарур пахта хом ашёсини биржадан сотиб олмайди. Корхонага ажратилган ҳудуддаги фермерлар билан тўғридан-тўғри шартнома қилиб ҳосил етиштиради.

Жараёнда учинчи томон, яъни давлат тузилмаси умуман иштирок этмайди ҳисоби. Маҳсулот сифати учун ишлаб чиқарувчи ҳам, деҳқон ҳам бирдек жавобгар ва манфаатдор. Шу тарзда фаолият кўрсатиб, жорий йил ҳисобидан 50 минг тонна "оқ олтин" жамғариш мўлжал қилинган.

Албатта, бу салмоқли рақам, йил давомида бир кластер барқарор ишлашига етарли хом ашё захираси мавжуд бўлади, дегани. Аммо уни чуқур қайта ишлашни самарали ташкил этиш бошқа бир масала. Корхона бу вазифани қандай уддалайди, шунга имконият ва салоҳияти борми, деган савол ўртага чиқади. Ахир кластер ишлаб чиқаришнинг барча циклларини қамраб олган бўлиши керак.

Аҳамиятлиси, бундан роппа-роса бир йил муқаддам "Sulton tex group" хусусий корхонасида пахта толасига ишлов бериш қуввати йўлга қўйилганди. Йилига 7 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш имконига эга йигирув цехи ишга туширилди. Бунинг учун 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ сарфланди, 200 нафардан зиёд ёшнинг бандлиги таъминланди. Тадбиркорлик субъекти мутасаддилари шу билан чекланиб қолмаслиги, навбатдаги истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаётгани ҳақида маълум қилганди ўшанда.

Бу галги танишув чоғида ушбу ташаббус доирасида кўзга кўринарли ишлар қилинганига гувоҳ бўлдик. 2019 йил февралдан мазкур текстиль мажмуасида замонавий технологиялар асосида мато тўқишга киришилган. Соҳада 10 йилдан ортиқ тажриба тўплаган ёш мутахассис, цех бошлиғи Учқун Жалиловнинг айтишича, бу ускуналар энергиятежамкор ва сўнгги намунадаги бўлиб, рақобатбардош маҳсулот тайёрлашга тўла имкон беради. Бу ерда 4 сменада иш ташкил этилган бўлиб, 20 нафар ёш йигит-қиз меҳнат қилмоқда. Дастгоҳдаги махсус дастур ёрдамида тайёрланажак маҳсулот турини 10 хилга етказиш мумкин. Бундан ташқари, ёқа ва свитер тўқувчи аппаратлар ҳам олиб келинган. Мато сифати махсус ускуна воситада текшириб борилади. Ҳозир "супрем", "интерлок", "ривана" деб номланувчи матоларга талаб юқори экан.

Корхонада янги линия йўлга қўйилгани боис ип-калаванинг бир қисми ички эҳтиёж учун йўналтирилибди.

- Бултур хорижга қиймати 12 миллион АҚШ долларига тенг ип-калава экспорт қилдик, - дейди корхона бош директори  Нурбек Эргашев. - Жорий йил биринчи чорагида эса бу кўрсаткич қарийб 4 миллион АҚШ долларига етди. Туркия, Босния ва Герцеговина, Польша, Эрон мамлакатлари асосий харидор бўлишди. Бора-бора ярим тайёр маҳсулотни хорижга сотиш кўлами камайиши тайин. Чунки хом ашёни чуқур қайта ишлаш учун илк қадамни ташладик. Германия, Италия ва Корея технологияларидан фойдаланиб, трикотаж матоси тўқиш ташкил этилди. Ҳозирда 17 та тўқув дастгоҳи ўрнатилган. Яна 13 та шундай ускуна келтирилади.   Айни пайтда матони ички бозорга бераяпмиз. Кластер қошида тикувчилик фабрикаси ишга тушса, бунга асло ҳожат қолмайди. Тўлиқ тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришга ўтамиз.

Тадбиркорнинг қайд этишича, яқин орада бу лойиҳа ҳам ҳаётга тўлиқ татбиқ этилади. Янги фабрикани жиҳозлаш ишлари якунланиш арафасида. Қувват фаолият кўрсата бошлагач, 700 га яқин киши доимий иш ўрнига эга бўлади. Келгусида бу ерда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, унинг асосий қисмини экспортга йўналтириш мақсад қилинган.

- Булар кластер доирасида амалга ошиши белгиланган лойиҳаларнинг бир қисми, холос, - дейди Нурбек Эргашев. - Хом ашёни етиштириш, унга бирламчи ишлов бериш бўйича ҳам режалар қилганмиз. Яқинда корхонамиз қошида машина-трактор паркини ташкил этдик. Ушбу паркимиз хориждан келтирилган техника воситалари, жумладан, 10 дона пахта териш трактори билан бойиди. Бу йил 3 минг гектарда парваришланадиган пахта ҳосилини қўл меҳнатисиз териб олишни мақсад қилганмиз. Зараркунандаларга қарши воситалар тайёрловчи биолаборатория ташкил этдик. Бундан ташқари, шу йил кузда пахта тозалаш ва ёғ-мой заводларини қуриб ишга туширамиз. Уларда ҳам яна юзлаб иш ўринлари яратилади. Шундагина қамровни тўлиқ олиш имконига эга бўламиз.

Суҳбатимиз давомида ойдинлашдики, кластер ташкил этиш ташаббуси билан чиқишдан аввал ишбилармон пахтачилик ва текстиль саноатида етакчи саналган АҚШ ва Туркия мамлакатлари тажрибаси билан обдан танишган. Шундан сўнггина қатъий қарорга келган. Бу тизимда ишлаш анча қулай ва самарали бўлишини таъкидлайди у. Ушбу тармоққа йўналтирилган сармоя 4-5 йилда ўзини оқлаши кутилмоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз аграр секторида оммалашаётган кластер шакли бир қанча ижобий натижаларни беради, дея уқтиради мутахассислар. Аввало, қишлоқ хўжалигининг бу тармоғига давлатнинг аралашуви кескин қисқаради, фақат солиқларни ундириш билан чекланади. Жараённинг бевосита иштирокчилари эса барча самарали ресурсларни ишга солиб, кичик бир имкониятдан ҳам юқори самара чиқаришдан манфаатдорлик сезади, борини бериб ишлайди. Шунда маҳсулдорлик ошади. Бугунги бозор иқтисодиёти ҳам шуни талаб этади аслида.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

 Суратларда: Корхона фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.