Жараён 23.08.2019 141

КОЛЛЕЖ ЎҚУВЧИСИ РЕСПУБЛИКАДА ЭНГ ЯХШИ ОШПАЗ СИФАТИДА ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

Танлов

Қарши тумани сервис ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси  Жамшид Муродов "Энг фаол ёш ишчи касб эгаси" танловининг республика босқичида "Ошпазлик" номинацияси бўйича 2-ўринни қўлга киритиб, диплом ва қимматбаҳо  совғалар билан тақдирланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Ёшлар иттифоқи ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этган ушбу танловдан  ёшларнинг халқаро стандартлар асосида касблар эгаллаши, касбий маҳоратини оширишга кенг имконият яратиш, қобилиятлиларни рағбатлантириш мақсади кўзланган.

Унда  16 ёшдан  25 ёшгача бўлган ходимлар ҳамда касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари иштироки кўзда тутилган.

- Танловда бизнинг йўналишда ҳудудий босқичларда 1-ўринни эгаллаган 13 нафар иштирокчи қатнашди, - дейди Жамшид Муродов. - Дастлабки босқич назарий қисмдан иборат бўлди. Бунда ўзимиз танлаган билетлар бўйича берилган саволларга жавоб бердик. Сўнгра барча иштирокчиларга бир хил амалий машғулот — миллий таомимиз - ош пишириш вазифаси юклатилди. Жараённи малакали мутахассислар кузатиб борди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан мен тайёрлаган ош  юқори баҳоланганида ўзимга бўлган ишонч янада ортди.

Ш.БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.