Таълим 21.06.2019 224

КОРРУПЦИЯ - АДОЛАТ КУШАНДАСИ

Иншолар танлови

Қарши қурилиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчилари ўртасида "Биз, ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт!" шиори остида "Коррупция - адолат кушандаси" мавзусида иншолар танлови ўтказилди.

Республика ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимидаги барча ўқув муассасаларида Касб-ҳунар таълими марказининг буйруғига биноан ташкил этилган бу танлов ёшларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги билимларини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, коррупцион ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун жазо муқаррар эканлигини чуқур англатиш каби мақсадларга қаратилган.

- Катта ҳаётга қадам қўяётган ўқувчилар келажакда коррупция билан боғлиқ ҳолатларга дуч келишлари мумкин, - дейди коллежнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор  ўринбосари Дилноза Саломова. - Шундан келиб чиқиб, ёшлар иншоларда коррупциянинг жамият равнақига таъсири ҳақида ўз фикрларини баён этиб, яна бир карра  маҳаллийчилик, таниш-билишлик, порахўрлик каби коррупцион иллатларга муносабатларини билдиришди.

Якунда коллежнинг 567 нафар битирувчиси орасидан энг яхши иншо ёзган Мадина Холиқова, Кумуш Хошимжонова, Мафтуна Омонова танлов ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқлар ва эсдалик   совғалари билан тақдирланишди.

Танлов доирасида ўқувчи-ёшларнинг коррупцияга қарши кураш мавзусидаги ижодий ишлари ҳам намойиш этилди.

СОЖИДА