Маънавият 19.03.2019 193

КУН ҲАМАЛГА КИРДИ...

КУН ҲАМАЛГА КИРДИ...

Наврўз шунчаки бир байрам эмас. У миллатнинг тарихи, фалсафаси, бадиияти ва санъати, маданияти, мифологик ва дунёвий қараши, илмий тафаккурини ўзида мужассам этган улуғ айёмдир. Ушбу қадимий ва навқирон байрам ҳақида алломаларимиз қимматли маълумотлар қолдирган.

Жумладан, Маҳмуд Кошғарийнинг  "Девону луғотит турк" ("Туркий сўзлар девони") китобида қиш билан ёзнинг ўзаро баҳслари баён қилинган, баҳор ва мучалларга оид муҳим маълумотлар бор.  Наврўзга бағишланган халқ қўшиқларидан намуналар келтирилган. Асардаги "Қиш ва ёз мунозараси" икки сўзамол, истеъдодли ижрочи томонидан бир-бирига зид тимсолларда гавдаланади. Қиш Ёзга қарши бақириб-чақириб сўз бошлайди:

Одамлар ва қорамоллар

Мендан қувват олади,

Касаллик камаяди.

Одамлар чиниқади...

Сенда кўпаяр чаёнлар:

Пашшалару илонлар.

Минглаб, туманлаб,

Думларини гажак қилиб изғишар.

Ёз Қишга шундай жавоб беради:

(Сенда) балчиқ ҳамма ёқни қоплайди,

Юпун кишилар заҳмат чекади.

Бармоқлари совуқ қотиб,

Оғиз ели билан (пуфлаб) иситадилар.

Саъва сендан қочади,

Менда тинар қалдирғоч,

Булбуллар сайрар менда

Нару мода жуфтлашур...

Қиш ва Ёз шу тариқа бир-бири билан мунозара қилиб, ўз фазилатини айтиб мақтанади, ғанимининг ёмон хислатларини фош этиб, уни енгишга ҳаракат қилади. Аждодларимизнинг мана шундай тасаввурларидан Ёз палласининг боши ҳисобланмиш Баҳорга алоҳида меҳр кўзи билан қараш ва унинг биринчи кунини беҳад шавқ-завқ, хурсандчилик билан қарши олиш одатга айланган.

Бунга ҳамоҳанг шоир ва мутафаккир Абулқосим Фирдавсийнинг  "Шоҳнома" асарида ҳам Эрон ва Турон халқларининг қарийб 4 минг йиллик ўтмиши, қадриятлари, қаҳрамонликлари мадҳ этилган, ватанпарварлик, инсонпарварлик, меҳнатсеварлик, тинчликсеварлик, эзгулик, олижаноблик, ҳалоллик ва мардлик ғоялари олға сурилиб, Наврўз хусусида ҳам сўз юритилган.

Абу Райҳон Беруний "Қадим халқлардан қолган ёдгорликлар" асарида ёзишича, ушбу байрамнинг нишонланиш сабаблари турли халқларда турли хил афсоналар билан боғланган. Масалан, қадимги Эрон афсоналарида қуёш билан фаришталар шу куни яратилгани ва ушбу кун ҳаётнинг биринчи куни ҳисоблангани учун подшоҳлар ҳам бу кунни улуғлагани, форс афсунгарлари "Наврўз куни тонг отганда биров гап гапиришдан олдин уч қошиқ асал ялаб, уч бўлак мум тутатса, бу кўп касалликларга шифо бўлади" деб ҳисоблашгани қайд этилган.

Асарда яна шундай нодир фикрларни ўқиш мумкин: "Наврўз кунида бир соат (пайт) бор, шу соатда фируз (яъни, бахт) фалаки руҳларни махлуқотни яратишга ҳайдайди… У куннинг энг саодатли соатлари Қуёш соатларидир. Унинг тонгида ёруғлик имкони борича (ерга) яқинлашади, одамлар унга қараш билан ўзларини бахтли санайдилар".

Рабғузий эса баҳор байтида Наврўзнинг бўй-бастини ботиний ва зоҳирий маъноларда ифода этади.

Кун ҳамалга кирди эрса келди олам наврўзи,

Кечди баҳман замҳарир қиш қолмади қори бузи,

Кун келу минг кўрки ортиб тирилур ўлмиш жаҳон,

Тонг бадизлаб нақши бирла безанур бу ер юзи.

Алишер Навоий бу байрам ҳақида гапирар экан, "Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсин наврўз", дейди. "Садди Искандарий" достонида ушбу байрам ҳақида яна шундай битиклар бор:

Ки бу сур эрур олам афрўз ҳам,

Хусусан эрур фасли Наврўз ҳам…

Наврўз ҳақида афсоналарнинг бирида ушбу айём кунида давлат қуши учирилиб, у кимнинг бошига қўнса, ўшани шоҳ этиб сайлаганлари ҳақида сўз юритилади. Аслида бу давлатчилик ҳақидаги қарашларнинг илк куртаклари эди. Бу юртда, бу тупроқда Амир Темур давлати каби улкан салтанат ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Бунинг замини жуда олис замонларга, аждодларимиз ўз қадриятларини улуғлаб, уни Наврўз деб аталган қомусий бир тизимга сола бошлаган даврларга бориб тақалади.

Наврўз шу билан якун топмайди, балки табиатга ҳамоҳанг равишда уйғонаётган инсон қалби ҳам яшнатишга, бунёдкорликка мойил бўлади. Кўнгилда чин маънодаги ёруғлик лаҳзалари, байрам ҳисси яшайди. Наврўз кўнгилга яқин айём. Зеро, ҳар қандай миллат, дин ёки ирққа мансуб бўлмасин инсонларни жипсликка, бирдамликка чақираверади.              

Дилбар ХАЛИЛОВА,

Қарши давлат университети доценти