Жамият 06.09.2019 78

"ЛАДА ЛАРГУС" ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Назорат ва натижа

Амалдаги тартибга кўра, мамлакатимизга чет эл фуқаролари томонидан чет давлатда рўйхатдан ўтган автотранспорт воситаларини имтиёзли вақтинча олиб кириш белгиланган. Албатта, бу маълум муддатга (1 календарь йил муддат ичида 90 кунгача) божхона томонидан расмийлаштирилган мажбуриятномалар асосида амалга оширилади. Бу борада белгиланган тартибга риоя қилмаганларга нисбатан эса тегишли жазо чоралари кўрилади.

Куни кеча вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан мана шундай ҳуқуқбузарлик ҳолати кузатилди. Аниқланишича, фуқаро Жавлон Аширов (исм-фамилия ўзгартирилган) Россияда чет эл фуқароси номига расмийлаштирилган "Лада Ларгус" русумли автотранспорт воситасини 2019 йил 14 август кунида қайтариб олиб чиқиш мажбурияти билан вақтинча олиб кирган. Бироқ муддат ўтган бўлишига қарамай машинани олиб чиқиш чораларини кўрмаган. Шу сабабли унга нисбатан белгиланган тартибда баённома расмийлаштирилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

Айтиш жоиз, вилоят божхоначилари томонидан ўз вақтида олиб чиқилмаган ҳамда чет давлатида рўйхатдан ўтган қидирувдаги автотранспорт воситалари бўйича 4 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган.

Н.ХЎЖАЕВ