Маънавият 23.08.2019 183

ЛАНГАР ОТА - СИРУ СИНОАТЛАР МАКОНИ

Китобингизни ўқидим

Ён-атрофимизда қадим ўтмишга эга обидалар, қадамжолар жуда кўп. Уларнинг ҳар бири улкан тарихий ва илмий аҳамиятга эга, сиру синоатларга жуда бой. Қамаши туманидаги Лангар ота зиёратгоҳи ҳам ана шундай масканлардан биридир.

Лангар ота зиёратгоҳи ҳақида илк бор 1987 йилнинг ёзида раҳматли устозим, профессор Тўра Нафасовдан эшитгандим.

Ўша йили ҳозирги Қарши давлат университети томонидан халқ шеваларини ўрганиш мақсадида экспедицияга чиқиб, Қамаши туманининг Кўкбулоқ қишлоғидаги бир мактабга жойлашдик. Ишимиз ҳар куни маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашиш асносида уларнинг тилидаги ўзига хос атамаларни тўплаш, янги ривоят ва эртакларни ёзиб олиш, жой номларининг мазмуни, келиб чиқиш тарихини ўрганиш эди. Қишлоқ одамлари орасида бизни ўзига яқин олиб, дарду ташвишларини баҳам кўрадиган, кўнглидагиларни тўкиб соладиганлар ҳам бўларди.

Шу қишлоқлик бир кишининг айтишича, узоқ йиллар касал бўлиб, бормаган шифокору табиби  қолмабди. Умидлари сўниб, тақдирга  тан берган бир пайтда, отаси "Болам, чиқмаган жондан умид. Ўзимизнинг Лангар отани ҳам бир зиёрат қилиб келайлик", дебди.

Улар Лангар ота масканига бир неча марта бориб, у ерни зиёрат қилишибди. Орадан кўп ўтмай, бемор йигит соғайиб, оёққа туриб кетибди.

Амалиёт охирлаб, ҳисоботларни топшираётган вақтимизда мана шу ҳикояни ҳам домлага айтиб бердим. Устоз ҳар доимгидек мийиғида кулиб қўйгач, "Эртага тонгда сизларни бир жойга олиб бораман, барвақт туриб тайёрланинглар", деб қолди.

Устоз айтган жой Лангар ота зиёратгоҳи экан. Бизни олиб борган машина тепаликка чиқа олмагани сабабли йўл бошида тушириб қолдирди. Пиёда тепаликка чиқиб, табиатнинг гўзал тароватидан баҳра оларканмиз, ҳайрат ва қувончдан дилимиз шундай яйрардики, буни сўз билан таърифлаб бўлмасди.

Лангар ота мақбараси эса энг баланд тепаликда бўлиб, атрофини пистазор ўраб турар, бу ҳам унга ўзгача салобат бағишларди. Нақадар гўзал! Ўзимизни шунчалар енгил, руҳиятимизда ҳам ўзимиз тушуна олмайдиган ажиб бир ўзгариш сезардик.

Мақбарага кирдик. Дуодан сўнг домламиз мақбара ким томонидан қурилгани, бу ерда мангу ором топган шайхларнинг кароматлари ҳақида мароқ билан сўзлаб, деворлардаги араб имлосида ёзилган битикларнинг  маъносини тушунтириб берди. Бу зиёратгоҳ тарихини ўрганиш ва асрамоқ лозимлигини уқтираркан, "Кўрдингларми, ана шундай улуғ жойларимиз бор. Фақат бошқаларга айтиб юрманглар-а", деб қўйган эди. Бу гапнинг маъносини барчамиз бирдек тушундик. Чунки ўша йиллари миллий тарихимиз, қадриятларимизни ўзида мужассам этган бундай обидалар, зиёратгоҳларга мустабид тузум томонидан эскилик сарқити деб қаралар, уни тарғиб этишнинг охири яхшилик билан тугамаслиги ҳам мумкин эди. Шундай қилиб биз амалиётдан бир олам таассурот билан қайтдик, домла тайинлаганидек,  Лангар ота ҳақида ҳеч кимга ҳеч нарса демадик. Сўраганларга "Тоққа чиқдик, маза қилиб дам олдик", деб қўяқолдик.

Мана, мустақиллигимиз шарофати билан халқимиз тарихи, муқаддас қадамжолар, миллий қадриятларимизни ўрганиш янги поғонага кўтарилиб, асрлар мобайнида яшириниб ётган, беркитилган сиру асрорлар, афсонаю асотирлар ҳақида янги-янги маълумотлар оммага тақдим этилаяпти.

Яқинда қўлимга қамашилик ижодкорлар - Турсунбой Боймиров, Шуҳрат Рустамов ҳамда Темирпўлат Тиллаев ҳаммуаллифлигидаги "Лангар ота - тарих кўзгусида" деб номланган китоб тушиб қолди.

Асарда Лангар ота мақбараси ва масжидини ободонлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда, зиёратгоҳ атрофидаги қишлоқлар, даралар, булоқларнинг тарихи, номланиши, улар  ҳақида халқ тилида яшаб келаётган афсона ва ривоятлар баён этилган. Бу ерда мангу қўним топган улуғ зотлар, муборак хирқа, Катта Лангар Қуръони ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотлар келтирилган.

Бир сўз билан айтганда, китобни ўқиган ўқувчининг Лангар ота зиёратгоҳини бориб кўришга бўлган иштиёқи янада ошиши табиий. Чунки китоб зиёратчи ва сайёҳлар учун ажойиб қўлланма вазифасини бажариши билан бирга кишида Ватанимиз тарихининг илдизларига бориб туташган табаррук қадамжоларни зиёрат қилишга қизиқиш ва ҳавас уйғотади.

 

Рисолат  ЖУМАНАЗАРОВА,

 

Қамаши туманидаги 42-мактаб ўқитувчиси