Маънавият 18.12.2018 110

ЛАНГАР ОТА ЗИЁРАТГОҲИ

Қашқадарё қадамжолари

ЛАНГАР ОТА ЗИЁРАТГОҲИ

ёхуд тарихнинг тилсиз тилсимлари

Мамлакатимиз бўйлаб Лангар номи билан аталадиган жой номлари кўп. Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши ва Чироқчи туманларидаги, Сурхондарёнинг Сариосиёси,  Навоийнинг Хатирчиси, Фарғонанинг Фарғона, Тўрақўрғон ва Қувасидаги шу ном билан аталувчи манзилгоҳлар бунга мисол.

Шу ўринда "Лангар" атамаси ҳақида икки оғиз сўз.

Турли манбаларда турлича ёзиладиган "лангар" атамаси кўпроқ  мувозанатни сақлаш, ҳаракатни бир маромда тутиб туришни англатади. Баъзи ривоятларда ислом динида сўфи ва дарвешлар лангар ташлаш орқали жойлашадиган ерларини аниқлашгани, бошқасида Лангар - муқаддас мозор сифатида ҳам қўлланилиши айтилади. Кемаларнинг маълум вақт тўхтаб туришига ёрдам берадиган вазни оғир илмоқсимон темир буюм ҳам лангар дейилади. Шунингдек, карвон йўлларининг одамлар нисбатан кўпроқ тўхтаб ўтадиган, қисман яшайдиган баландликдаги жойларга нисбатан ҳам айтилади. Бундай ерларда улуғ алломалар макон топиб, диний ва  дунёвий илмларни ташвиқ қилиш баробарида аҳоли ўртасидаги барқарорлик, тинчлик, ҳамжиҳатликнинг мувозанатда туришига хизмат қилган.

Қамаши тумани Қизилтепа қишлоғидан 25-30 километр олисликда, Ҳисор тоғ тизмалари оралиғида жойлашган Лангар ота зиёратгоҳи қадимий хонақоҳ-мақбаралар сирасига киради. 1520-йилларда бунёд этилган, ўрта асрлар Марказий Осиё меъморчилигининг ноёб намунаси бўлган ушбу мажмуада тасаввуф таълимотининг йирик вакиллари абадий қўним топган.

Лангар ота мақбараси бунёд этилгунига қадар унинг ўрнида аввал ҳам қандайдир дахма мавжуд бўлган. Унинг бунёд этилиши шайх Абул Ҳасан Ишқийнинг ўғли шайх Муҳаммад Содиқ номи билан боғланади. Мақбаранинг ичида бешта қабр бўлиб, улардан учтаси ўз ўлчами ва қўйилган ёдгорлик тошлари билан алоҳида ажралиб туради. Тошлар сиртига моҳирлик билан араб имлосида ёзувлар битилган. Мақбара ичидаги қабрларнинг жойлашиши ҳам ўзига хос. Шайхлар хонадонига мансуб бўлмаса-да, ижтимоий мавқеи билан юқори лавозимлардан бирини эгаллаган Амирбек Содиқ ибн Баҳодирнинг қабри шайх Муҳаммад Содиқ қабрининг жануб томонида, яъни унинг оёқ учида жойлашган.

Қадимшунос олим Абдисобир Райимқуловнинг қайд этишича, Лангар ота мақбарасига тасаввуф таълимотининг ишқия тариқати шайхлари Абул Ҳасан Ишқий, унинг ўғли шайхзода Муҳаммад Содиқ ва невараси Абул Ҳасан Охунд дафн этилган. Шунингдек, ўрта аср муаррихи Ибн Хавқал мазкур қишлоқ ҳудуди қадимда Кеш вилоятига бўйсунувчи Сиям туманига қарашли бўлгани, туманнинг номи, айниқса, милодий 776 йилдан сўнг жуда машҳур бўлгани ҳақида ёзади. Абу Райҳон  Берунийнинг қайд қилишича, Сиям тумани ва унга яқин жойларда сохта пайғамбар Маздак ғоялари тарқалган.

Далиллардан Лангар қишлоғи тарихи узоқ асрларга бориб тақалиши маълум бўлади. Бу ерда олиб борилган археологик қазишма ишлари пайтида Сомонийлар даврига оид ғиштлар топилгани бу манзилгоҳ ушбу сулола    ҳукмронлиги даврида ҳам фаолият кўрсатганини исботлайди.

XIV-XVI асрларга келиб бу ҳудуд ислом дини ривожига катта ҳисса қўшган илм марказларидан бирига айланганини бу ерга олис юртлардан келган илмга ташна кишилар тасаввуф алломаларидан сабоқ олишганида кўриш мумкин. Шунингдек, 1889 йили Бухоро амирлигининг шарқий ҳудудларида ҳарбий ҳаракатлар олиб борган полковник Бельявскийнинг Лангар қишлоғидаги тарихий обидалар ҳақида ёзиб қолдирган хотиралари, рус ҳарбий муҳандиси Б.Кастальскийнинг илмийликка яқин баҳо бергани қимматли. У Термиз шаҳридан қайтаётган пайтда Лангар қишлоғига кириб ўтади ва бу ердаги обидалар билан танишиб, уларни суратга ҳам олади. Мазкур фотосуратлар 1888 йили Тошкент шаҳрида ўтказилган биринчи Туркистон фотокўргазмасида намойиш этилади ва томошабинлар эътиборини қозонади. Бундан ташқари, рассом Б.Литвинов, археолог С.Кабанов, М.Массон Лангар қишлоғида жойлашган тарихий обидалар, қадимий ёдгорликлар билан танишиб, улардаги ёзувларни ўқийди ва Лангар шайхларининг ҳаётига оид кўплаб маълумотлар тўплайди.

Шуниси қувонарлики, мақбара, айрим ўзгаришларни ҳисобга олмаса, ўзининг қадимий кўринишини сақлаб қолган.

Мақбаранинг  шимолий томонида чамаси 400-500 метр масофадаги алоҳида баландликда яна бир тарихий иншоот сақланиб қолган. Масжид эканлиги айтиладиган ушбу обида ҳамда мақбаранинг сатҳи ва баландлиги бир-бирига мос тушиши ўша давр меъморларининг юксак маҳоратидан дарак беради. Масжидда арабий ёзувнинг кўфий усулида битилган қадимий Қуръон нусхаси сақланган. Ушбу муқаддас китоб жайрон терисига битилган бўлиб, унинг ҳозирда ўн уч варағи сақланиб қолган, холос. Ушбу китоб устида тадқиқот олиб борган Санкт-Петербург шаҳридаги Шарқшунослик институти профессори Ризвоннинг аниқлашича, Лангар масжидидаги Қуръоннинг бошқа варақлари турли сабабларга кўра хорижий мамлакатларга олиб кетилган. Профессор Ризвон катта машаққатлар билан Лангар Қуръонининг етишмайдиган варақларини турли мамлакатлардан топишга эришган ва уларнинг фотонусхаларини олган, сўнг яхлит ҳолатга келтириб, Лангар масжидига совға қилган.

Манбалар асосида Сожида тайёрлади.