Тиббиёт 31.05.2019 224

ЎЛИМГА ЭЛТУВЧИ "ЛАЗЗАТ"

31 май - Бутунжаҳон тамаки чекишга қарши курашиш куни

Инсон саломатлиги учун ўта хавфли эканлиги аллақачон исботланганига қарамасдан, башарият ҳамон воз кечолмаётган иллат  бу кашандаликдир. Буюк аллома Абу Али ибн Сино ёзганидек, "Агар чанг ва ғубор бўлмаганида эди, инсон минг йил яшарди...". Тамаки тутуни таркибида эса нафақат чанг ва ғубор, балки сизу биз тасаввур қилолмайдиган неча минглаб заҳарли моддалар мавжуд.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда кашандаликка қарши кураш олиб борса-да, бу иллатни батамом бартараф этишнинг имкони бўлмаяпти. Масалан, сайёрамизнинг экологик софлигини таъминлаш, чекиш билан боғлиқ хасталиклар ва ўлимни камайтириш, келгуси авлодни ҳар томонлама соғлом ҳамда баркамол этиб вояга етказиш мақсадида ҳар йили 31 май - Бутунжаҳон тамаки чекишга қарши курашиш куни сифатида нишонлаб келинади. Шу куни бутун дунёда чекишнинг салбий оқибатларини кўрсатиш, башариятни бу иллатдан воз кечишга чақириш, кашандалик билан боғлиқ хасталикларни камайтиришга йўналтирилган тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали шифокори Соҳиб ШОДИЕВ билан суҳбатимиз шу хусусда.

Ўпка саратонига чалинганларнинг 96 фоизи чекувчилар

- Тамаки давоси йўқ бўлган 14 та касалликнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.  Жумладан, ўпка саратонига чалинганларнинг 96 фоизи айнан кашандалар ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, бронхларда пайдо бўладиган касалликларнинг 92 фоизини, оёқ томирлари деворининг қалинлашиб, торайиб, қон ўтмай қолиши натижасида содир бўладиган оёқ панжалари қорасон касаллигининг 95 фоизини, ошқозон ости бези ракининг 72 фоизини, қовуқ ракининг 70 фоизини келтириб чиқаради. Бундан ташқари, тамаки чекиш юрак инфаркти, мияга қон қуйилиши, ўпка сили касалликларининг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади.

Нафас олиш аъзоларига зарари

- Тамаки тутуни нафас йўлларидан кўп йиллар давомида ўтаверганидан бурун, халқум, ҳиқилдоқ, трахея, бронх ва бронхиолалар шиллиқ пардаларида яллиғланишлар вужудга келади. Аниқланишича, бир дона тамаки охиригача чекилганида 5 литр тутун ҳосил бўларкан. Унинг бир сантиметрида 6000 дона қорақурум, 6000 дона қора мой томчиси бўлар экан. Буларни 5 литрга кўпайтирса, миллиард-миллиард қорақурум ва қора мой томчилари мавжуд экани маълум бўлади.

Кашанда бир дона тамакини ўртача ҳисобда 15 марта тортиб, тутунини ўпкасига ютади. Агар у бир кунда 20 дона тамаки чекса, у ҳолда бир йилда 109 минг 500 марта ўпкасига тутун ютиб, нафас олишни таъминлайдиган асосий аъзони заҳарлайди!

Чекмайдиган "кашанда"

- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг саратонни ўрганиш халқаро агентлиги томонидан олиб борилган изланишларда чекмайдиган "кашанда"лар фаол кашандалар организми қабул қилаётган барча канцероген моддалардан зарарланиши исботланди. Сигарет тутунидаги 4 мингдан зиёд зарарли кимёвий бирикмалар, жумладан, 69 хил хавфли канцерогенлар инсон саломатлигига жиддий таҳдид солади. Айниқса, кучли таъсир кўрсатувчи аммиак, ацетон, азот ва углерод оксидлари, фенол, N-нитрозамин, 4-аминобифенил сингари моддалар барчага бирдек зарар келтиради. Гарчи чекувчи ичига тортаётган ва атрофдагилар нафас олаётган тутунда бир хил зарарли моддалар мавжуд бўлса ҳам, уларнинг концентрацияси турлича таъсир кучига эга. Янги изланишлардан маълум бўлишича, бир қанча канцерогенлар таъсири чекувчига қараганда унинг тутунидан "баҳра" олаётган кишиларда кучлироқ кузатилар экан. Бунинг сабаби оддий кишилар организми чекувчиларга қараганда кашандаликнинг салбий оқибатларига руҳан тайёр бўлмагани билан изоҳланмоқда.

Оддий фильтр табиатда йўқолишига 10 йил кетади

- Тамаки етиштириш ва унинг истеъмоли туфайли табиат ҳам жиддий зарарланмоқда. Бир дона сигарет чекилганда, атроф-муҳитга тарқаладиган заҳарли газларни қўяверинг, унинг оддий фильтри тамомила йўқ бўлиб кетиши учун ҳам 10 йил кетар экан. Ваҳоланки, ҳар йили ана шу фильтрларнинг 770 минг тоннаси чиқинди сифатида йиғилади. Улардан эса ҳавога 845 минг тонна ацетат моддаси тарқалади. Бу чиқиндининг аксарияти дарёларга ташланиши оқибатида сув ва сувости олами улкан зиён кўради. Бинобарин, мазкур чиқиндилар соҳил бўйларини энг кўп ифлослантирадиган омилга айланмоқда. Уларни тозалаш эса жаҳон иқтисодиётига бир неча миллиард АҚШ долларига тушаётир. Яхшилаб ўчирилмаган сигарет қолдиқлари туфайли юз берадиган ёнғинлар ҳам катта муаммога айланган...

Юқорида айтилганлардан хулоса қилсак, чекиш нафақат умр заволи, балки ўзимиз ўтирган шохга ўзимиз болта уришимиз билан тенг иллатдир. Лоақал бир кун чекмасак ҳам қанчалар улкан фойда бўлишини тасаввур қилиб кўринг-а... Шундай экан, ундан қанча тез қутулсак, ўз соғлиғимиз ва атрофимиздагиларнинг саломатлигини яхшилашга, табиат мусаффолигини таъминлашга шунча катта ҳисса қўшган бўламиз. Бунинг учун эса ҳар бир чекувчидан мустаҳкам ирода, қатъий интилиш талаб этилади, холос.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.