Жараён 30.07.2019 127

"ЛОЧИН" БОЛАЛАР ОРОМГОҲИ: 45 ЙИЛЛИК УЛУҒВОР ПАРВОЗ

Болаларга беринг дунёни

Сўлим табиат, зилол булоқ суви, мусаффо ҳаво - буларнинг барчаси денгиз сатҳидан 1000 метр баландликда, Ҳисор тоғлари бағрида жойлашган Шаҳрисабз тумани Мироқи шаҳарчасидаги "Шўртан газ - кимё мажмуаси" масъулияти чекланган жамиятига қарашли "Лочин" оромгоҳида мужассам.

Жорий йил унинг ташкил этилганига 45 йил тўлди. Қарийб ярим    асрдан буён болажонларни ўз бағрига чорлаб келаётган бу ажойиб масканда айни дамда ҳам мактаб ўқувчилари ёзги таътилни саргузаштларга бой таассуротлар билан ўтказиб, мириқиб дам олишмоқда. 

Соат 20:00. Барча дам олувчилар оромгоҳ майдонида жам бўлишган. Мардонавор руҳда давлатимиз мадҳияси янгради. Ўзбекистон байроғи кўтарилди. Катта экранда оромгоҳ ўтмиши акс эттирилган видеоролик намойиш этилгач, саҳнада замонавий ва миллий рақслар шоуси бошланиб кетди. Болажонларнинг шодон кулгиси бутун Мироқи бўйлаб янгради... Бу йилги мавсумнинг 4-навбати очилиши ҳамда "Лочин"нинг 45 йиллик юбилейига бағишланган тантанали маросим мана шундай кўтаринки руҳда бошланди.

Оромгоҳда дам олувчилар учун яратилган шароитлардан нафақат қашқадарёлик ёшлар, балки Оролбўйи минтақасидан келган болажонлар ҳам баҳраманд бўлишмоқда. Юбилей тадбирида мароқли ҳордиқ чиқариш учун ушбу масканга жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан келган 500 нафар болажон ҳам иштирок этди.

 

- Бу оромгоҳга илк бор келган бўлсам-да, таассуротларим олам-олам, - дейди Қорақалпоғистон   Республикаси Қўнғирот туманилик 12 ёшли Феруза Бахтиёрова. - Худди мўъжизалар мамлакатига тушиб қолгандайман. Тожмаҳал, Колизей, Эйфель минораси, Артемида ибодатхонаси, Регистон майдони, Шаҳрисабздаги Оқсарой каби обидаларни фақат телевизорда кўрганман. Бугун бу жаҳон мўъжизаларининг ҳақиқийсини кўргандек бўлдим. Кичрайтирилган кўринишдаги нусхалари бўлса ҳам, жуда чиройли ясалган ва оромгоҳга зеб бериб турибди. Келганимизга бир кун бўлди. Узоқ йўл босиб ўтган бўлсак-да, чарчаганимиз умуман сезилмади. Концерт дастури ҳам ажойиб.

 

"Лочин" оромгоҳи 1974 йилда "Қаршиқурилиш" ("Қаршистрой") бирлашмаси томонидан барпо этилиб, кейинчалик "Пахтасаноат" АЖ тасарруфига ўтган. 2004 йилда эса "Шўртан газ-кимё мажмуаси" масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий типда қайта қурилиб, ҳозирги кунга қадар кўплаб ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Оромгоҳда бир қанча тўгараклар ва спорт секциялари фаолият юритмоқда. Замонавий футбол, волейбол ва баскетбол майдончалари, теннис столлари болажонлар ихтиёрида. Мунтазам равишда шахмат ва шашка, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича беллашувларнинг ўтказиб турилиши ёш авлод вакилларининг уларга бўлган қизиқишини янада оширмоқда.

- Оромгоҳда моҳир қўллар, ёш мусаввирлар, ҳайкалтарошлик, миллий ва замонавий рақс, гилам тўқиш, ёш ихтирочилар тўгараклари фаолияти менга жуда маъқул бўлди, - дейди хоразмлик 14 ёшли Гулбадан Собирова. - Бўш вақтларимда улардаги машғулотларга албатта қатнашаман. Мана шундай хушманзара табиат қўйнида жойлашган оромгоҳда кўп дўстлар орттириб, мазза қилиб дам олаётганимдан, биз учун яратилган шароитлардан бениҳоя хурсандман.

Дарҳақиқат, оромгоҳда болажонларни мароқли ҳордиқ чиқариши ва билимини мустаҳкамлаши учун амалга оширилган қулайликлар таҳсинга лойиқ.

- Бу ерда турли кўринишдаги 11 та сув ҳавзаси мавжуд бўлиб, сузиш спортига қизиқувчилар учун айни муддао, - дейди тўгарак раҳбари Мақсуджон Мейлиев.  - Ҳар бир навбат давомида спартакиада ўтказилади ва энг чаққон, эпчил ғолиблар фахрий ёрлиқ ва медаллар билан мукофотланади. Бундан ташқари, дам олувчилар 3,5 минг китоб фондига эга бўлган кутубхонага исталган вақтларида келиб, мутолаа қилиш учун ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдонлари, илмий-маърифий нашрларни олишлари мумкин. Улар учун мўлжалланган шинам ётоқхоналаримиз замонавий ювиниш ва санитария хоналари билан таъминланган. Шунингдек, малакали шифокорлар фаолият кўрсатадиган, барча қулайликларга эга тиббиёт маркази ҳам мавжуд. Хуллас, оромгоҳга ёзги мавсумнинг 5 навбати давомида дам олишга келувчи 5 минг нафар бола қизиқиши ва ёшидан қатъий назар ўз севган машғулоти билан бемалол шуғуллана олиш имконияти яратилган.

Очилиш маросими ва юбилей оқшоми юқори руҳда давом этди. Замонавий ва миллий рақслар, осмон узра ярақлаган мушаклар учқуни, майдон марказида ловуллаб аланга олган гулхан барчага ўзгача завқ улашди.

45 йил. Шу давр давомида қанчадан-қанча болажонлар дам олиб, вақтларини мазмунли ўтказишган бу ерда. Вақт ўтади, болалар бир кун улғаяди, лекин оромгоҳда ўтказилган саргузаштларга бой лаҳзалар инсон хотирасида бир умрга муҳрланиб қолади. "Лочин" болажонлар қалбида мана шундай ўчмас из қолдиришда давом этади.

Ўлмас БАРОТОВ

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.