Жараён 20.09.2019 174

ЛОЙИҲАЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ МАСАЛАСИ ИЖОБИЙ ҲАЛ ҚИЛИНДИ

Очиқ мулоқот

Куни кеча Деҳқонобод туманида республика Марказий банки ва тижорат банклари раҳбарияти томонидан ташкил этилган очиқ мулоқотда ҳудудда фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари, хусусан, “Ҳунарманд” уюшмаси бир нечта аъзосининг истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш масаласи ижобий ҳал қилинди.

 Уюшманинг туман бўлими раҳбари Чориёр Ражабоев таҳририятимизга маълум қилганидек, аҳоли ва тадбиркорлар иштирок этган бу учрашувда қишлоқ жойларида ҳунармандчилик билан шуғулланиб келаётган хотин-қизлар имтиёзли кредит олиш учун банкка ҳужжатлар топширганлиги, аммо маблағ ажратиш масаласи номаълум сабабларга кўра чўзилиб келаётганлигини таъкидлашган. “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларининг бу эътирозлари асосли эканлиги аниқлангач, тегишли банк филиали раҳбарига топшириқ берилди ва шу куннинг ўзида тадбиркор аёллар ҳисоб рақамларига кредит маблағлари ўтказиб берилди.

 -Миллий либослар ва бошқа ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган  якка тартибдаги тадбиркорларимиз Ҳалима Дўланова 22 миллион сўм, Наргиза Шоҳдорова 35 миллион сўм, Райхон Хўжақулова эса 60 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар олишди, - дейди “Ҳунарманд” уюшмаси туман бўлими раҳбари Ч.Ражабоев. – Ушбу маблағ эвазига ҳар бири бизнесини ривожлантириш учун зарур асбоб-ускуналар сотиб олиб, маҳсулотларининг тури ва ҳажмини ошириш ниятида. Аҳамиятлиси, шунинг ҳисобидан бу ҳунармандларнинг шогирдлари, яъни иш билан банд ва доимий даромадга эга бўлган ёшлар сони ҳам кўпаяди.

 Умуман олганда, Деҳқонобод туманидаги очиқ мулоқот мамлакатимиз Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони доирасида ўтказилиб, унда соҳага доир янги қонун ва қонуности ҳужжатларининг моҳияти, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги аҳамияти хусусида атрофлича тушунтиришлар берилди.

 -Ўрганилган мурожаатлар асосан жойлардаги тижорат банклари филиаллари ходимлари томонидан аҳоли ва тадбиркорларга етарлича тушунтиришлар берилмагани ҳамда ўз мижозлари билан мулоқот ўрнатилмагани натижасида келиб чиққани аён бўлди, - дея маълум қилинмоқда республика Марказий банки сайтида. - Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни қисқа муддатларда ҳал этилишини тегишли банк филиаллари раҳбарлари шахсан ўз зиммаларига олдилар... Келиб тушган ҳамда қўшимча ўрганиш талаб этиладиган ҳар бир мурожаатнинг белгиланган тартибда кўриб чиқилиши ва мантиқий якунига етказилиши қатъий назоратга олинди.

 

Ўз мухбиримиз

 Суратлар cbu.uz сайтидан олинди