Жамият 08.03.2019 275

"МЎЪТАБАР АЁЛ" КЎКРАК НИШОНИ ЎЗ ЭГАЛАРИГА ТОПШИРИЛДИ

Эътибор ва эътироф

"МЎЪТАБАР АЁЛ" КЎКРАК НИШОНИ ЎЗ ЭГАЛАРИГА ТОПШИРИЛДИ

8 Март - Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ҳамда ташаббускорлик кўрсатган, самарали меҳнати билан оилалар фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ҳамда болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ҳамда истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибрат кўрсатган хотин-қизларга илк бор "Мўътабар аёл" кўкрак нишони топширилди. 290 нафар аёл Президент фармони билан таъсис этилган мазкур кўкрак нишони соҳибига айланди. Мукофотланганларга нишон билан бирга энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ҳам берилди.

Эътиборлиси, тақдирланганлар орасида вилоятимиздан ҳам 17 нафар аёл бор.

- Заводимизда 200 нафарга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда, - дейди "Деҳқонобод калий заводи" масъулияти чекланган жамиятининг бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси Зебинисо Салимова. - Улар учун заводимизда барча қулайликлар яратилган. Масалан, уч ёшгача фарзанди бор аёлларга иш вақти қисқартирилган. Боқувчисини йўқотган ёлғиз оналар имтиёзли равишда намунали уй-жой билан таъминланган. Уларга касаба уюшма қўмитаси томонидан бир йилда икки марта моддий ёрдам кўрсатилади. Ёш оилалар учун оилавий ётоқхоналар қурилиб, ўша ернинг ўзида шинамгина кутубхона ташкил этилган. Шартнома асосида олий ўқув юртларида таҳсил олаётган чин етим қизларнинг контракт пуллари завод томонидан тўлаб берилаяпти. 2016 йилда "Энг намунали хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти" кўрик-танловининг республика босқичида биринчи ўринни қўлга киритдик. Тоғлар бағрида қад ростлаган бу заводда ишлаётганимдан, оз бўлса-да, унинг ривожига ўз ҳиссамни қўшаётганимдан шодман. Меҳнатларим самарасини "Мўътабар аёл" кўкрак нишонининг илк соҳибалари қаторида ўзимни кўрганимда яна бир бор ҳис қилдим.

Ш.БОЗОРОВА