Сўнгги янгиликлар 29.12.2018 176

МЎЪЖИЗАКОР ЯНГИ ЙИЛ

"Президент арчаси"

МЎЪЖИЗАКОР ЯНГИ ЙИЛ

"Президент арчаси" тантаналари болажонларнинг севимли байрамидир. Чунки ҳар йили кўтаринки руҳда ташкил этиладиган тадбирларда туҳфа этиладиган Президент совғаси орзиққан дилларни жамиятдан мустаҳкам ўрин эгаллашга ундайди, ҳамиша меҳр-эътибор оғушида эканликларидан мамнун қилади.

Айни жиҳат вилоят мусиқали драма театрида бугун бўлиб ўтаётган "Мўъжизакор Янги йил" деб номланган театрлашган байрам томошасида ҳам ўз аксини топди. Тадбирга Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари, болалар мактаб-интернатлари тарбияланувчилари, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиб, юртимиз озодлиги ва тинчлиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фарзандлари ва бошқа болалар таклиф этилди.

Тадбирни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев табрик сўзи билан очиб, эртамиз эгалари пухта ўқиб-ўрганиб, юксак марраларни забт этишлари лозимлигини таъкидлади. Шундан сўнг болажонларга Президент совғалари улашилди.

Маълумки, 2019 йил арафасида юртимизда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, Меҳрибонлик ва Мурувват уйларида тарбияланаётган ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум болаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 11 турдаги ўқув қуроллари ва 17 хил ширинликдан иборат совғалар тайёрланди. Ана шундай совғалардан 960 таси вилоятимизга юборилди.

Қизиқарли саргузаштларга бой воқеалар, куй-қўшиқлар, рақсларни ўзида жамлаган саҳна кўриниши асносида кичкинтойларга аҳиллик, ҳамжиҳатлик, меҳнатсеварлик, одоб ва билим инсонга зийнат бағишловчи фазилатлар экани кўрсатиб берилди.

Байрам шукуҳи барча ҳудудларда ҳукмрон. Севимли эртак, мультфильм қаҳрамонлари, Қорбобо ва Қорқиз иштирокида арча атрофида ижро этилаётган қўшиқ ва рақслар, театрлашган  томошалар болалар учун, айниқса, эсда қоларли бўлаяпти. Болажонлар қувончидан масрур дилларда эса бир тилак: Янги йил янада баракали, янада омадли келсин!

Н.ХЎЖАЕВ