Жараён 12.04.2019 219

МАҲАЛЛА МАЪМУРИЙ БИНОСИ ЙЎҚЛИГИ ФАОЛИЯТ САМАРАДОРЛИГИГА НЕЧОҒЛИК ТАЪСИР КЎРСАТАДИ?

Муносабат

Маҳалла - улкан дорилфунун, ноёб, дунёда ўхшаши йўқ тузилма. Шу боис ушбу тизим тобора такомиллаштириб борилмоқда. Эътибор қиладиган бўлсак, авваллари фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига бир-икки вазифа юкланган бўлса, бугунги кунда мазкур институт 30 дан ортиқ йўналишни қамраб олган. Ҳудудлар фаровонлиги дейсизми, турмуш ободлигими, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлашми, оилалар жипслигини таъминлашу, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашми, аҳолининг тадбиркор ва ишбилармон бўлишими, барча-барчасида маҳалла тузилмасининг ўз ўрни, аҳамияти бор.

Шу маънода давлатимиз раҳбарининг 2019 йил  2 апрелдаги "Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони кўпчилик томонидан катта мамнунлик билан қабул қилингани бежиз эмас. Чунки унда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини ошириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни белгилаб берди.

Хусусан, мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича "маҳалла - сектор - Халқ қабулхонаси - маҳалла" принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилинди.

Ҳеч кимга сир эмас, айрим ҳудудларда йиғин маъмурий бинолари йўқлиги ёки зарур шароитлар яратилмагани оқибатида маҳалла фаоллари, фуқаролар кўплаб қийинчиликларга дуч келаётганди. Бу вақт сарфига, айрим ҳолларда эътирозларга сабаб бўлгани ҳам бор гап.

Айни пайтда вилоятимизда 767 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлса, уларнинг катта қисми турли ташкилотлар биносида фаолият олиб боради. Яъни ўз маъмурий биносига эга эмас. Энди фармон ижроси доирасида барча маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан фойдаланиб келинаётган давлат мулки бўлган бинолар бириктирилган ер майдонлари билан хатловдан ўтказилиб, улар белгиланган тартибда фуқаролар йиғинларига мулк ҳуқуқи билан берилади. Шунингдек, туманлар ва шаҳарлар марказларида "Маҳалла маркази" мажмуалари ва фуқаролар йиғинлари бинолари намунавий лойиҳалар асосида қурилади.

Ёшлар - келажагимиз, эртанги куннинг ҳал қилувчи кучи. Бироқ ишсиз юрган, юмуш излаб хорижга кетган, турли бузғунчи оқимларга қўшилиб қолган ёшлар ҳам афсуски бор. Фармонда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Айни пайтда вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, шунингдек, бўш турган биноларнинг ҳолатини ўрганиб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ёшларга имконият яратиб берилаяпти. Маҳаллаларда чорвачилик, паррандачилик, томорқадан фойдаланиш борасида катта тажрибага эга оилалар жуда кўп. Улар айрим хонадонлар ва ёшларни оталиққа олиб, ўз тажрибаларини ўргатмоқдалар.

Умуман олганда, фармон ҳамда у билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг амалга ошиши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасидаги ишларни самарали бажариш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Омон ХУШМУРОДОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари