Сўнгги янгиликлар 27.12.2018 58

МАҲАЛЛА - МЕНИНГ ТАҚДИРИМДА

Кўрик-танлов

МАҲАЛЛА - МЕНИНГ ТАҚДИРИМДА

Қарши шаҳрида "Маҳалла - менинг тақдиримда" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан бирга ташкил этган тадбирда қуйи босқичларда юқори натижа қайд этган 15 жамоа 3 шарт бўйича ўзаро беллашди.

Дастлаб иштирокчилар ўз маҳалласи тарихи, ёшларнинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб вояга етишида маҳалланинг ўрни, "оила-маҳалла-таълим муассасаси" ҳамкорлигининг аҳамияти бўйича билимини синовдан ўтказган бўлса, кейин маҳалла фаолияти, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда маънавий-маърифий ислоҳотлар бўйича саволларга жавоб беришди. Охирги шартда ҳар бир жамоадан бир иштирокчи "Маҳалла - менинг тақдиримда" мавзусида иншо ёзди.

- Кўрик-танлов низомига кўра, умумтаълим мактабларининг 9-синф ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг 1 ва 2-босқич ўқувчиларидан иборат жамоалар ҳам шакллантирилди, - дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши бош мутахассиси Алишер Аҳмедов. - Танловга тайёргарлик кўриш ва иштирок этиш жараёнида ёшлар маҳалла тузилмаси ва унинг аҳамияти хусусидаги билимларини янада бойитишди.

Якуний натижаларга кўра, Косон туманидаги Мудин маҳалласининг "Паландара" жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди. Иккинчи ва учинчи ўринларга Қарши тумани Навбаҳор маҳалласининг  "Навбаҳор" ва Қарши шаҳри Маҳаллот маҳалласининг "Президент ворислари" жамоалари муносиб кўрилди.

Ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ш.КАРИМОВА