Спорт 24.07.2018 416

МАҲАЛЛА ПОЛВОНЛАРИ КУЧ СИНАШДИ

Кураш

МАҲАЛЛА ПОЛВОНЛАРИ КУЧ СИНАШДИ

Қарши шаҳрида 2002–2004 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида “Маҳалламиз паҳлавонлари” кураш мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.

Маълумки, мамлакатимизда ҳалоллик, бағрикенглик ва инсонпарварлик фазилатларини ўзида мужассам этган миллий курашни янада ривожлантириш, ёш авлоднинг жисмонан бақувват, мустаҳкам иродали, юксак интеллектуал салоҳиятли инсонлар бўлиб улғайиши йўлида барча шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мунтазам равишда ўтказиб келинаётган “Маҳалламиз паҳлавонлари”, “Футболимиз келажаги”, “Биз ақл-идрокли оилалармиз”, “Отам, онам ва мен – спортчи оила”, “Маҳалламиз теннисчилари”, “Маҳалламиз бадминтончилари” каби мусобақалар бу борада муҳим аҳамият касб этаяпти.

“Маҳалламиз паҳлавонлари” мусобақасининг бу йилги вилоят босқичи ҳам қизғин курашларга бой бўлди. Унда мусобақанинг туман (шаҳар) босқичида юқори натижа қайд этган ёш полвонлар - ўғил болалар 46, 50 ва 55 килограмм, қиз болалар эса 44, 48 ва 52 килограмм вазн тоифаларида ўзаро куч синашишди.

Мусобақа якунига кўра, ўғил болалар ўртасида 46 килограмм вазн тоифасида Ғузор тумани Тинчлик маҳалласи вакили Ойбек Болтаев 1-ўринни қўлга киритди. 50 килограмм вазн тоифасида эса ғолиблик Косон тумани Нартибаланд маҳалласилик Анзур Абдуллаевга насиб этди. Шунингдек, 55 килограмм вазн тоифасида Ғузорнинг Жарариқ маҳалласи полвони – Мирзоҳид Жумаев ғалаба қозонди.

Қизлар ўртасида кечган баҳслар ҳам жуда шиддатли ва қизиқарли тус олди. Жумладан, 44 килограмм вазн тоифасида Косон тумани Гувалак маҳалласилик Сарвиноз Норқулова барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупага кўтарилган бўлса, 48 килограмм вазн тоифасида ғолиблик Яккабоғ тумани Жайчи маҳалласилик Гулҳаё Жўраевага насиб этди. 52 килограммгача бўлган қизлар ўртасида ҳам Яккабоғнинг Эсат маҳалласилик Барчиной Бўриева ғалаба қозонди.

Fолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Ж.БОЙМУРОДОВ