Сўнгги янгиликлар 01.08.2019 97

МАҲАЛЛА РАИСЛАРИГА ШЕЪРХОНЛИК НЕГА КЕРАК?

Танлов

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда халқимизнинг маънавий-адабий меросидан бохабар ва шеъриятга ошно бўлган, ижодкор маҳалла раисларини аниқлаш ва рағбатлантириш, бу орқали маҳаллаларда китобхонлик муҳитни шакллантириш мақсадида “Шеъриятга ошно киши асло кам бўлмайди!” шиори остида шеърхонлик танлови ўтказилмоқда. Ушбу тадбир Муборак туманида ҳам юқори савияда ташкил этилди.

Дастлаб иштирокчилар мумтоз адабиёт вакиллари Яссавий, Лутфий, Навоий, Бобур, Машраб, Бердақ, Фурқат, Нодирабегим, Увайсий ҳаёти ва ижоди ҳақидаги саволларга жавоб бериб, улар ижодидан намуналар ўқишган бўлса, сўнг ўзлари хоҳлаган  мавзуда адабий қарашларини намойиш этишди.

Якунда  Муборак маҳалла фуқаролар йиғини раиси Толиб Авезов ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди.

- Адабиётга, санъатга қизиқишим одамлар билан ишлашда ҳам қўл келмоқда, - дейди Толиб Авезов. - Айниқса, жанжалли вазиятларда, муросасизликка дуч келганимда икки томонни яхши гап, ширин сўз, ҳикматли жумлалар орқали муросага келтиришга,  муаммоларни босиқлик билан ҳал этади уринаман. Бу, албатта, фойда бераяпти.  

Худди шундай тадбир вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлиб ўтмоқда.

Шоҳиста БОЗОРОВА