Сиёсат 01.02.2017 846

МАҲАЛЛА САЙЛОВЛАРИ ОШКОРАЛИК ВА ТЕНГ САЙЛОВ ҲУҚУҚИ МУҲИТИДА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

МАҲАЛЛА САЙЛОВЛАРИ ОШКОРАЛИК ВА ТЕНГ САЙЛОВ ҲУҚУҚИ МУҲИТИДА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Юртимиз маҳаллаларида жорий йилнинг май-июнь ойларида бўлиб ўтган сайловларда 9 минг 764 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 105 минг 471 нафар маслаҳатчиси сайланди.

Бу ҳақда сўз борганда, бевосита Қашқадарё вилоятига тааллуқли факт ва рақамларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, бугунги кунда вилоятда жами фуқаролар йиғинлари сони 660 та бўлиб, шундан 148 таси - қишлоқ фуқаролар йиғини, 4 таси - шаҳар фуқаролар йиғини ва 508 таси - маҳалла фуқаролар йиғини ҳисобланади.

Қашқа воҳасида сайланган 660 нафар фуқаролар йиғини раисидан 607 нафари, яъни 92 фоизи олий маълумотга эга, 53 нафари (8 фоизи) - ўрта маълумотлидир. Сайланган аёллар сони 23 нафар бўлиб, бу 3,5 фоизни ташкил этмоқда.

Мутахассислиги бўйича олиб қараганда, Қашқадарё вилояти  миқёсида сайланган раисларнинг 153 нафари, яъни 23,2 фоизи - ўқитувчилар, 150 нафари (22,7 фоизи) - муҳандислар, 147 нафари (22,3 фоизи) - бошқа мутахассисликларга мансубдир. Сайланганларнинг 34 нафари туман, шаҳар ва вилоят Кенгашлари депутатлари экани ҳам жуда муҳим ижобий кўрсаткичдир. 

Энг муҳими, сайлов асносида тўрт марта Қашқадарё  вилоятида бўлиб, жойларда мазкур муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир муқобиллик, ошкоралик ва қонунийлик тамойилларига риоя этган ҳолда ташкил этилганига бевосита гувоҳ бўлдик. Бунда, авваламбор, соҳага доир мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилгани муҳим аҳамият касб этди.

Бинобарин, ҳозирги кунда маҳаллалар фаолиятини ҳуқуқий кафолатлашга қаратилган элликдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд ва улар мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда. Ушбу қонунларнинг ҳаётимизга чуқур жорий этилиши туфайли истиқлол йилларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг ривожига катта ҳисса қўшмоқда.

Айниқса, истиқлол шарофати билан давлатчилигимиз тарихида биринчи марта "маҳалла" тушунчаси Асосий қонунимизга киритилиб, мазкур тизимнинг жамият бошқарувидаги ўрни ва конституциявий мақоми қатъий белгилаб қўйилгани ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисида Президентимиз томонидан баён этилган "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси"га мувофиқ, бир қатор янги қонунларнинг қабул қилиниши ва амалга оширилиши фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, маҳаллалар фаолият кўрсатадиган ҳуқуқий майдонни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Хусусан, "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши, ҳеч шубҳасиз, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги роли ва аҳамиятини янада оширди ҳамда маҳалладек қадимий ва ноёб миллий институтнинг ҳозиргача тўлиқ фойдаланилмаган салоҳиятидан кенг миқёсда самарали фойдаланиш учун қулай имконият яратди.

Мазкур янги таҳрирдаги Қонун асосида бу йил иккинчи маротаба (биринчиси - 2013 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида) фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови бўлиб ўтди. Бу жараёнда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайлови тизимини янада такомиллаштириш, раислар ва уларнинг маслаҳатчилари энг муносиб фуқаролар ичидан сайланишини таъминлашга қаратилган муҳим қоидалар амалда яна бир бор синовдан ўтказилди.

Яна бир муҳим жиҳат: сайловлар яширин овоз бериш орқали амалга оширилди. Бу, ўз навбатида, ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий жараённинг демократик тамойилларга мувофиқ равишда ва қонунийлик асосида ўтишида муҳим омил бўлди. Бинобарин, сайловнинг бу шакли фуқароларга сайлаш ва сайланиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқаришга хизмат қилди.

Сайловларнинг ташкилий-амалий нуқтаи назардан юксак савияда ўтказилгани бу борадаги ютуқларнинг яна бир муҳим омили ҳисобланади.

Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги қарори билан Сенат Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси тузилгани, шунингдек, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир  тадбирлар режаси тасдиқланганини қайд этиш даркор.

Ушбу режага мувофиқ, аҳоли ўртасида соҳага оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга жиддий эътибор қаратилди. 

Жумладан, тегишли ҳудудда доимий яшайдиган фуқароларнинг фикрларини ҳисобга олган ҳолда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган энг муносиб фуқароларнинг сайланишини таъминлаш бўйича жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Сайловнинг қонун талаблари доирасида ташкил этилишида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил қилиш ва ўтказишга кўмаклашиш бўйича тузилган комиссиялар ҳамда 9 минг 764 та фуқаролар йиғинидаги ишчи гуруҳлар муҳим ўрин тутди, албатта.

Олий Мажлис Сенати Кенгаши Комиссияси томонидан "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи ҳудудий, туман ва шаҳарлар комиссиялари ҳамда ишчи гуруҳлари аъзолари учун соҳага оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳамда сайловни ташкил қилиш ва ўтказиш тартибини тушунтириш бўйича 1 минг 600 та семинар ва давра суҳбатлари ўтказилгани алоҳида ўрин тутади. Шу жумладан, мазкур жараённи оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш мақсадида журналистлар учун ўқув-семинарлар ташкил этилди.

Истиқлол йилларида ушбу сайловни ташкил этиш бўйича бой миллий тажриба орттирилди. Айни чоғда, Ўзбекистоннинг маҳалла институти ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги амалий тажрибаси хорижда кенг эътироф этилмоқда.

Маҳалла тизими самарадорлигини янада ошириш ва бу борадаги юртимиз тажрибасини дунё миқёсида тарғиб этишда барча маҳаллалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фонди бўлим ва бўлинмалари, шу жумладан,  Фонднинг Қашқадарё вилоят бўлими, вилоятдан Олий Мажлисга сайланган сенаторлар ва депутатлар, маҳаллий Кенгашлар ноиблари ҳам фаол иштирок этди.

Хулоса қилиб айтганда, бу галги фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнлари чуқурлашиб бораётган, сифат жиҳатидан янги ижтимоий-иқтисодий шароитда бўлиб ўтди.

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси аъзоси