Таълим 21.05.2019 88

МАҲАЛЛАДА ЯНГИ БОҒЧА

Таълим

Бугунги кунда давлат-хусусий шерикчилиги муносабатлари жадал ривожланаётган соҳалардан бири шубҳасиз мактабгача таълим тизимидир.

Мамлакатимизда айни жабҳада хусусий сектор иштироки қўллаб-қувватланаётгани бунга кенг шароит ҳозирламоқда. Самараси эса таълимнинг мазкур босқичида сифат ўзгариши юз бераётгани, рақобат кучаётганида кўзга ташланади. Асосийси, мактабгача ёшдаги болаларнинг боғчага қамраб олиниши даражаси сезиларли ошди. Бундан кўпроқ ота-оналар хурсанд.

Қарши шаҳридаги Қиличбек қўрғонча маҳалласида ҳам янги мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. Яқинда маҳаллий тадбиркор - Шуҳрат Қувонов саъй-ҳаракати билан ҳудудда "Асилабегим" давлат-хусусий шерикчилик асосидаги 100 ўринга мўлжалланган боғча иш бошлади.

- Тўлақонли фаолиятни йўлга қўйиш учун тижорат банкидан 500 миллион сўм кредит олдик, - дейди ишбилармон. - Натижада интеллектуал ва жисмоний етук болаларни тарбиялаш учун барча шароитга эга янги боғчани қуриб фойдаланишга топширдик. 15 нафар малакали мутахассисни  доимий  меҳнат билан банд этдик. Муҳими, хизматимизга талаб юқори, барча ўринларга болалар аллақачон қабул қилинган.

Дарҳақиқат, ўғил-қизларни мактабга барвақт тайёрлаш, дунёқарашини ўстириш, уларга ҳаёт ҳақидаги бошланғич билимларни беришда боғчанинг ўрни салмоқли. Шу боис юртимизда мазкур соҳани янги босқичга кўтариш, таълим сифатини дунё стандартлари даражасига етказишга устувор аҳамият қаратилмоқда.

М.ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.