Жараён 06.08.2019 157

МАҲАЛЛИЙ РАҲБАРЛАРНИНГ МУЛК ОБЪЕКТЛАРНИ БУЗИШ ҲУҚУҚИ ЧЕКЛАНДИ

Мулк ҳуқуқи ҳимояси

Маълумки, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш борасидаги муносабатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган "Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги Низом" асосида тартибга солинарди.

Бундан ташқари, Президентнинг 2018 йил 1 августдаги "Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида 2018 йил 1 сентябрдан, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилиши, ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг  бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши кўзда тутилган.

Аммо кейинги вақтда амалиётда бу талабларга амал қилмаслик ҳолатлари кўп кузатилаётгани сабабли бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида 2019 йилнинг 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойиши қабул қилинди.

Унга асосан, 2019 йил 5 августдан бошлаб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари уч босқичда амалга ошириладиган бўлди. Биринчи босқичда ҳокимлар томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Иккинчи  босқичда Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича хулосалар тайёрланади. Учинчи босқичда материаллар Бош вазирга кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.

Мазкур фармойиш билан ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини хатловдан ўтказиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар таркиби, хатловдан ўтказишга кўмаклашиш учун ҳудудларга бириктириладиган масъуллар рўйхати, хатловдан ўтказиш ҳамда уларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланди.

Хатловдан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳига қуйидаги вазифалар юклатилди.

 Биринчидан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарларни жойларга чиққан ҳолда хатловдан ўтказиб, уларнинг қонунчиликка мувофиқ бозор қиймати асосида ҳаққоний ва адолатли миқдорини белгилаш.

Иккинчидан, етказилган зарарларни қоплашнинг аниқ манбаларини белгилаш, агар зарар мансабдор шахснинг ноқонуний қарори қабул қилиниши оқибатида етказилган бўлса - мазкур мансабдор шахслардан регресс тартибида ундириб олиш.

Учинчидан, айбдор мансабдор шахсларга жавобгарлик чоралари кўриш ҳамда қонун ҳужжатлари нормаларини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қарор қабул қилинадиган бўлди.

Биринчидан, давлат дастурлари, йирик инвестиция ва бошқа лойиҳаларни ҳудуддаги кўпчилик аҳолининг фикрини инобатга олган ҳолда амалга ошириш.

Иккинчидан, ер участкалари олиб қўйилишида уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг мулкдорлари билан очиқ муҳокамалар ўтказган ҳолда эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан, фойдаланилмаётган объектлар билан банд бўлган ер участкаларини танлаб олиш.

Учинчидан, ҳокимлар томонидан ер участкаларини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиш учун ушбу ҳудудда жойлашган турар ва нотурар кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг розилигини олиш ҳамда ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш бўйича ёзма келишув тузиш.

Булардан ташқари, ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги муносабати билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш юзасидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқиладиган бўлди. Мазкур фармойиш ер участкаларини олиб қўйиш ва мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш тартибини белгиловчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилингунига қадар амал қилади.

Мақсад жисмоний ва юридик шахсларнинг турар ҳамда нотурар жойларини асоссиз бузишнинг олдини олиш, уларга етказилган зарарларни ўз вақтида қоплашга қаратилган.

А.ОМОНОВ