Сўнгги янгиликлар 05.12.2018 70

МАҚОМ САНЪАТИ БАРҲАЁТДИР

Илмий-амалий конференция

МАҚОМ САНЪАТИ БАРҲАЁТДИР

Қарши маданият ва аҳоли дам олиш марказида "Мақом санъати барҳаётдир" номли илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Вилоят маданият бошқармаси ҳамда Қарши маданият ва туризм коллежи ҳамкорлигида ташкил этилган илмий-амалий тадбирда вилоятимиздаги адабиётшунос, санъатшунос олимлар, ўқитувчи ва ўқувчи ёшлар, санъатсевар мухлислар иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 ноябрда қабул  қилинган "Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2018 йил 6 апрелда қабул қилинган "Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида"ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган конференцияда халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъатининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари ҳақида сўз борди. 

Тадбир давомида вилоят мақомчилар ансамбли бадиий раҳбари Ёдгор Бозоров, Қарши давлат университети адабиётшунослик кафедраси мудири, филология фанлари доктори Нафас Шодмоновнинг мақом санъатининг бугунги ривожи ҳақидаги маърузалари барча учун қизиқарли бўлди. Шунингдек, ушбу миллий меросимизни ёш авлод тафаккурига сингдириш ҳамда халқаро майдонда тарғиб этишда ёш авлод вакилларининг ўрни беқиёс эканлиги ҳам таъкидланди.

 Анжуман якунида иштирокчилар мақом қўшиқларидан баҳраманд бўлишди. 

                                                  С.АЛЛАЁРОВА