Жараён 23.04.2019 208

МАҲОРАТ, ШИЖОАТ ВА ЖАСОРАТ БАҲСИ

Қарши шаҳрида ёнғин ўчириш амалий спорти бўйича "Динамо" жисмоний тарбия ва спорт жамияти чемпионатининг республика босқичи ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ёнғин      хавфсизлиги бошқармалари ҳамда объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бошқармаларининг терма жамоалари иштирок этди.

Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Долли Аллаев, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Равшан Жўраев, вилоят ЁХБ бошлиғи, подполковник Фарҳод Мирзаев ва бошқалар сўзга чиқиб, ёнғин хавфсизлиги хизматининг аҳамияти, масъулияти, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари хусусида сўз юритди. Жамоаларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Шундан сўнг чемпионатнинг асосий баҳслари Қарши шаҳридаги "Геолог" ҳамда "Динамо" спорт мажмуаларида ўтказилди.

- Тегишли низомга кўра, чемпионат дастлаб шаҳар (туман)лар, вилоятлар кесимида ташкил этилиб, энг сара 17 та жамоа республика босқичига етиб келди, - дейди вилоят ЁХБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари, подполковник Фарҳод Қувватов. - Улар 4х100 метрли ёнғин ўчирувчилар эстафетаси, 100 метрга тўсиқлар оша югуриш, ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасининг 4-қаватига кўтарилиш ҳамда ёнғин ўчириш автомобили воситасида жанговар ёйилиш каби ёнғин ўчириш амалий спорт турлари бўйича куч синашди.

Жамоаларнинг маҳорат, шижоат ва жасорат бобида кўрсатган натижалари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Якуний натижаларга кўра, тўртта шарт бўйича энг юқори балл жамғарган Бухоро вилоят ЁХБ жамоаси мутлақ ғолибликни қўлга киритган бўлса, иккинчи ўрин Ёнғин хавфсизлиги институти терма жамоасига насиб этди. Вилоятимиз ўт ўчирувчилари эса кучли учликни якунлаб берди.

Ғолиб ва совриндор жамоаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ