Таълим 13.10.2018 186

МАҚСАД - МАЛАКАЛИ МУТАХАССИС ТАЙЁРЛАШ

Бандлик

МАҚСАД -  МАЛАКАЛИ МУТАХАССИС ТАЙЁРЛАШ

Маълумки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда  Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) иштирокида “Ўзбекистонда касб-ҳунарга ўқитиш имкониятларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаолияти йўлга қўйилган эди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш бугун кечаётган ислоҳотларнинг устувор мақсади саналади. Улар ўзларига муносиб иш ўрнига эга бўлиши учун эса аввало маълум бир ҳунарни  пухта эгаллаши, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлиб етишиши, бир сўз билан айтганда, мутахассис сифатида бугунги замон шиддати ва рақобатига дош бера олиши лозим.

Аслида, мамлакатимизда касб-ҳунар коллежлари фаолияти йўлга қўйилишида ҳам ана шу мақсад назарда тутилганди. Бироқ, ушбу муассасаларда малакали ўқитувчиларнинг етишмаслиги, дарслар асосан назарий томонлама ташкил этилгани, ўқувчилар етарли даражада ишлаб чиқариш ёки сервис хизмат кўрсатиш малакасига эга бўлмаслиги натижасида  кутилган самара чиқмади.

KOICA билан ҳамкорликда мамлакатимизда қўйилган касб-ҳунарга ўқитиш марказлари эса бу борада жуда катта имкониятларга эга. Уларда ўқувчилар ўзи танлаган касб бўйича нафақат назарий билимга эга бўлади, балки энг замонавий технологияларни мустақил ишлатиб, амалий кўникма ҳосил қилади. Шаҳрисабз шаҳридаги ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти билан танишиш асносида бунга яна бир маротаба амин бўлдик.

- Муассасада энг аввало ўқувчиларнинг амалий кўникма ҳосил қилишига катта эътибор қаратилади, - дейди марказ директори Фазлиддин Ражабов. – Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилган. Айтиб ўтишим жоиз, марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун KOICA томонидан 8,5 миллион долларлик грант ажратилиб, бу маблағ эвазига энг замонавий асбоб-ускуналар, хусусан, 20 дона пайвандлаш жиҳози, 10 дона токарлик цехи, 35 дона тикув машинаси, 10 дона ип йигирув ускунаси, компьютер технологияси йўналиши учун 3 комплект ўқув хонаси жиҳозлари, шунингдек, бошқа услубий қўлланмаларни харид қилиш режалаштирилган эди. Айни кунга қадар, барчаси амалга ошди ва ўқувчилар улар ёрдамида амалий иш олиб бормоқда. Ип йигирув технологияси эса яқин кунлар ичида ўрнатиб бўлинади.

Марказда ўқув-амалиёт хоналарини замонавий технологиялар, ўқув-услубий қўлланмалар билан жиҳозлаш билан бир қаторда юксак малакали ўқитувчиларни жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис муассасада мавжуд бешта йўналишнинг ҳар бири учун 3 нафардан, жами 15 нафар мутахассис танлаб олиниб, Жанубий Кореяда малака ошириб қайтишди. Бундан ташқари, айни вақтда марказда ҳар бир йўналиш бўйича бир нафардан Жанубий кореялик мутахассис фаолият олиб бормоқда. Улар уч ой давомида шу ерда ишлаб, маҳаллий мутахассисларга, ўқувчиларга янги технологиялардан фойдаланиш сир-асрорларини тўлиқ ўргатади.

- Ўзим Шаҳрисабз туманининг Чоршанбе қишлоғиданман, - дейди металлга ишлов бериш йўналиши ўқувчиси Жўрабек Мисиров. – Коллежни тугатгач, иш топа олмай келаётган эдим. Тўғриси, қўлимда бирор ҳунарим ҳам йўқ эди. Шу боис мазкур марказга ҳунар ўрганиш учун келдим. Бу ерда металлни кесиш, эритиш, пайвандлаш ёки қайта ишлаш учун керак бўладиган барча жиҳозлар бор. Улардан фойдаланиб, амалий иш ўрганмоқдамиз. Бу ишни профессионал даражада бажарадиган мутахассисга ҳамма жойда иш топилади. Шахсан ўзим, шу касбни пухта ўрганиб, қишлоғимиздаги автомобилларга техник хизмат кўрсатадиган шохобчалардан бирига ишга кирмоқчиман.

Марказда ўқувчиларнинг касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаши, назарий ва амалий кўникмага эга бўлиши, шу билан бир қаторда, ўқиш даврида яшаши учун барча шарт-шароитлар яратилган. 50 ўринли ётоқхона, кутубхона улар хизматида. Ўқувчилар бепул таълим олиш, ҳунар эгаллаш билан бир қаторда, уларга давлат томонидан энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида ишсизлик нафақаси берилади.

Албатта, яратилган бундай шароит ва имкониятлар юқори малакали, кенг дунёқарашга эга мутахассисларни тайёрлаш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишларнинг кўламини намоён этади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: марказ фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.