Жамият 12.02.2019 282

МАҚСАД МАНТИҚЛИ БЎЛИШИ КЕРАК ЭМАСМИ?

Фотонигоҳ

МАҚСАД МАНТИҚЛИ БЎЛИШИ КЕРАК ЭМАСМИ?

Ҳар гал Қарши шаҳридаги аҳоли эскидан "гилам бозор" деб атаб келадиган манзил ёнидан ўтарканман, бино юзини қоплаган баннердаги "ТАЪЛИМ ИЛМ БИЛИМ" сўзлари нима маъно англатиши ва қандай вазифа бажараётганига қизиқаман. Дейлик, "Билим - ақл чироғи" ёки "Ўқиган ўзар" мазмунидаги битиклар кишиларни аниқ мақсад сари бошлаши турган гап, бироқ деярли бир маъно берадиган таълим, илм ва билим деган учта сўзни ҳеч гапдан-ҳеч гап йўқ, улкан ҳарфларда ёзиб, аҳоли гавжум нуқтага осиб қўйишдан муддао нима бўлиши мумкин?

Тўғри, лавҳада ёмон гап ёзилмаган, таълимсиз, билимсиз киши узоққа бормайди, лекин буни янада таъсирчан услубда ифода этганга нима етсин!? Ахир шиор деганлари кўпга таъсир кўрсатадиган, кўпни юксак мақсад сари бошлайдиган чиройли сўзлар тизмаси-ку. Бу ердаги лавҳа худди кутубхона тепасига "ОВҚАТ ТАОМ ЕГУЛИК" деб ўзаро синоним сўзларни ёзиб қўйган билан бир. Эси бор одам бундай қилмайди. Тўғрими?..

 

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.