Иқтисодиёт 16.07.2019 171

МАҲСУЛОТ ИШЛАБ ЧИҚАРГАНЛАР ҚҚС ТЎЛАБ, ИМПОРТ ҚИЛУВЧИЛАР ОЗОД БЎЛИШИ ҚАНЧАЛИК ТЎҒРИ?

Давра суҳбати

Вилоят божхона бошқармаси тасарруфидаги "Талимаржон" ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Нишон туманида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 июндаги "Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони мазмун-моҳияти бўйича фикрлашилди. Ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорлик ва соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш, мамлакатнинг  экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва рағбатлантириш ҳамда ички бозорни сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга йўналтирилган солиққа тортиш ва божхона-тариф тизимини тартибга солиш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ишлар хусусида маълумот берилди.

Ўз навбатида, иқтисодиётнинг айрим секторларида тадбиркорлик субъектларига сезиларли миқдорда имтиёз ва преференциялар берилганини ҳисобга олган ҳолда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг амалдаги тартибида мавжуд номутаносибликлар барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш имкониятини бермаётгани таъкидланди.

- Бугунги кунда ўзимизда маҳсулот ишлаб чиқарганлар қўшилган қиймат солиғи  тўлаяпти, лекин импорт қилганлар ундан озод, - дейди вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Фарҳод Мирзаев. - Масалан, кўмир ишлаб чиқарувчиларни оладиган бўлсак, республикамизда "Ангрен-кўмир", "Шарғункўмир", "Бойсункўмир" ва бошқа бир қанча ташкилотлар кўмир ишлаб чиқаради ва бунинг учун қўшилган қиймат солиғи  тўлайди. Четдан олиб келинадиган кўмир маҳсулотлари эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январдаги қарори билан божхона тўловларидан озод қилинган. Ички бозорми ёки ташқи, ҳаммага бир хил шароит яратиш учун импорт қилувчилардан ҳам божхона тўловлари тўлаш бўйича имтиёзлар олиб ташланаяпти. Бу билан юқорида айтиб ўтилганидек, ишлаб чиқарувчилар ўртасида адолатли рақобат тамойилларини жорий этиш таъминланади.

Учрашув давомида тадбиркорларни қизиқтирган қатор масалалар бўйича атрофлича тушунтиришлар берилди.

Н.ХЎЖАЕВ