Қишлоқ хўжалиги 03.05.2019 178

МАЙ ОЙИНИНГ МУҲИМ ТАДБИРЛАРИ

Мутахассис маслаҳати

Бу йил баҳорнинг серёғин келиши, ерда намликнинг юқорилиги деҳқонларимиз учун жуда кўп имкониятлар тақдим этди. Лекин ёғингарчилик кучли ва доимий бўлган кезларда бир қатор экинлар, хусусан, ғўза парвариши алоҳида эътибор талаб этади.  Шу боис, бундай пайтда ғўзани ундириб олиш ва парваришлаш учун бир қатор агротехник талабларга амал қилиш лозим. Қуйида уларнинг энг асосийлари ҳақида фикр юритамиз.

Чигит униб чиқмаган бўлса...

Кузатишларимиздан маълум бўлмоқдаки, айрим фермерларимиз аллақачон ғўзани яганалаш ишларини тугатган бўлса, ерда намликнинг юқорилиги боис ҳали чигит экиб улгурмаган ёки экилган чигити тўлиқ униб чиқмаган фермерлар ҳам йўқ эмас.

Улар албатта, энди ғўза экишни ёки қайта экишни бошлайди. Бироқ, май ойининг дастлабки ярмида экилган чигит муддатидан кечиккан, иккинчи ярмида экилгани эса анча кечки ҳисобланади. Шунинг учун   энди чигит қадаётган фермерлар иложи борича эртапишар навлардан фойдаланиши лозим.

Эртапишар навлар ўртача 100-110 кунда тайёр бўлади. Демак, айни пайтда эртапишар навлар экилса, август ойи ўрталаридан ғўза кўсаклари очилишни бошлайди. Бу ҳосилни йиғиб олиш учун мақбул муддат ҳисобланади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган Қашқадарё вилоятида 2019 йил ҳосили учун ғўзанинг районлаштирилган ва истиқболли навларини жойлаштириш режасига мувофиқ, бу йил вилоятимизда ғўзанинг "Бухоро-102", "Наманган-77", "Порлоқ-4", "Бухоро-6", "Бухоро-8", "Ишонч", "Ўнқўрғон-2", "Наманган-102", "Бухоро-10", "АН-419" навларидан фойдаланилмоқда. Улар орасида "Бухоро-102", "Наманган-77" ҳамда "Порлоқ-4" навлари анъанавий равишда фойдаланиб келинаётган эртапишар навлардир.

Яганалаш - муҳим иш

Яганалаш ғўза парваришидаги энг муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Боиси, ўсимликдан юқори ва сифатли ҳосил олиш учун тупроқнинг унумдорлик даражасини инобатга олган ҳолда кўчат қалинлигини қолдириш муҳим аҳамиятга эгадир.

Мисол учун, тупроқ унумдорлиги паст бўлса, имкон даражасида кўпроқ кўчат қолдириш керак. Боиси, бундай майдонда ғўза кўп шох боғлаб, яъни тарвақайлаб кетмайди ва бир-бирига халақит қилмайди. Аксинча, тупроқ унумдорлиги юқори бўлган майдонларда ғўза туп сонини кам қолдириш керак. Агар бундай майдонда туп сони кўп бўлса, ўсимликнинг вегетатив массаси ошиб кетиши натижасида ҳосил салмоғи ва сифати пасайиши исботланган.

Яганалаш қачон ўтказилиши керак?

Одатда кўпчилик экилган чигит тўлиқ униб чиққанидан сўнг яганалаш тадбирларини ўтказади. Бироқ бу ишни бошлашда ҳам тупроқ шароити, ғўза     навларининг морфологик белгилари ва биологик хусусиятларини инобатга олиш лозим.

Яганалашнинг энг мақбул муддати ғўза ниҳолларида 1-2 чин барг пайдо бўлган вақт ҳисобланади. Тадбирни ана шу пайтда бошлаш ва тез тугатиш керак. Боиси, яганалаш 3-5 кунга кечиктириб ўтказилса, пахта ҳосили 2-3 центнерга, 4-5 чин барг чиқарганда тугалланса, 4-5 центнерга камайиши аниқланган. Энг асосийси, яганалаш кеч ўтказилса, ниҳоллар илдизлари бир-бири билан бирикиб кетиши натижасида яганалаш пайтида қолган ниҳоллар илдизи ҳам шикастланади. Натижада тупроқдаги касаллик замбуруғлари ўсимликни зарарлаб, ғўзанинг сув ва озуқадан фойдаланиш кўрсаткичи камайиши ҳисобига    15-20 фоизгача кам ҳосил олинади.

Айниқса, жорий йилги серёғин мавсумда сўрувчи ҳашаротларнинг фаол хуружларини инобатга олиб, албатта, ўсимликлар чин барг чиқаргандан кейин саралаш ишларини бошлаш керак. Яганалашда ҳар бир ишчига  биринчи навбатда сўрувчи ҳашаротлар таъсирида кўпроқ зарарланган ўсимликларни юлиб ташлашни уқтириш лозим.

Яганалашдан 7-8 кун ўтгандан сўнг кўчат қалинлиги яна бир бор текширилиб, қалин колган, кейин унган ниҳоллар юлиб ташланиб, тўлиқ гектар ҳосил қилинади. Ғўзани яганалашда ўлчов таёқчаларидан фойдаланиб, бир гектар учун мўлжалланган кўчат сонини аниқ қолдиришга эришиш мумкин.

Қанча кўчат қолдирилиши керак?

Вилоятнинг Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларидаги унумдорлиги юқори бўлган тупроқларда "Наманган-77", "Бухоро-102" ва "ЎзПИТИ-2601" ғўза навларини ҳар бир гектарга 100-110 минг туп кўчат қолдириш учун қатор оралиғи 60 сантиметрли эгатларда ҳар бир метрда 6-7 тадан ўсимлик қолдириш керак.

Тупроқ унумдорлиги нисбатан паст бўлган Ғузор, Чироқчи, Қарши, Нишон, Косон ва Касби туманларида эса ўрта толали "Бухоро-6" ва "Бухоро-8" ғўза навларида 100-110 минг кўчат қолдириш учун қатор оралиғи 60 сантиметрли эгатларда ҳар бир погонометрда 6-7 та, қатор оралиғи 90 сантиметрли эгатларда эса 9-10 тадан ўсимлик қолдириш лозим.

Шунингдек, тупроқ унумдорлиги жуда паст бўлган қумли, механик таркиби енгил бўлган, чигит 90 сантиметр кенгликда экиладиган Нишон, Касби, Миришкор, Муборак ва Косон туманларида "Бухоро-6", "Бухоро-8" ва "Порлоқ-4" ғўза навларини 110-120 минг (бир погонометрда 10-11 ўсимлик), "ЎзПИТИ-2601" ва "Бухоро-102" ғўза навлари кўчат қалинлигини 120-130 минг (ҳар бир погонометрда 11-12 та ўсимлик) қолдириш талаб этилади.  

Чигит қўш қаторлаб экилган далаларда эса кўчат қалинлиги 130-135 минг (бир погонометр қўш қаторда 12-13 та ўсимлик)ни ташкил этиши лозим. Бунда кўсаклар 8-10 кунга эрта очилади ва кўчат ҳисобига 5-6 центнергача қўшимча пахта ҳосили олинади.

Биринчи ишлов сифатли ўтказилиши муҳим

Ғўза қатор орасига дастлабки ишлов ғўза ниҳолларининг 75-80 фоизи униб чиқиб, қатори кўрингандан бошланади.

Биринчи ишловдаёқ тупроқ сифатли ишланса, униб чиқмаган 20-25 фоиз чигитнинг униши тезлашади, тупроқ майин, донадор бўлиб, ўсимликнинг илдиз тизими тез ривожланади.

Ишлов бериш чуқурлиги шундай танланиши керакки, бундан ёш ниҳоллар шикастланмаслиги, жойидан қўзғалмаслиги ва тупроқ билан кўмилмаслиги керак.

Бу йил баҳорги об-ҳавонинг салқин ва серёғин келганини инобатга олиб, биринчи ва иккинчи ишловда ғўза қатор ораларидаги тупроқнинг ортиқча намлигини йўқотиш учун культиваторнинг ишчи органларини "очиқ" ишлов беришга мослаштириш керак. Яъни, ғўзанинг илдиз тизими яхши ривожланишини таъминлаш ва ортиқча намни камайтириш мақсадида биринчи ва иккинчи ишлов орасида эгат ўртаси чуқур юмшатилганда, ўсимликларнинг иссиқликдан фойдаланиш самарадорлиги ошади.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши эртанги ҳосилдорлик салмоғини белгиловчи энг муҳим жиҳатлардир.

И.РАҲМАТОВ, 

қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор

Ш.ДЖУМАЕВ,

қишлоқ хўжалиги фанлари доктори