Тиббиёт 26.07.2019 180

"МАЙДА ТЕКИНХЎРЛАР" САБАБ

Саломатлик

"МАЙДА ТЕКИНХЎРЛАР" САБАБ

одам меҳнат қобилияти пасайиб, болалар ривожланишдан орқада қолади, хотира сустлашиб,  уйқу бузилади

Ҳозирги кунда гижжа касаллиги дунёда тарқалиши бўйича нафас йўллари касалликларидан кейин иккинчи ўринда туради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунёда ҳар тўрт кишидан бири гельминтоз (гижжа)лар билан касалланган. Бугунги кунда одамлар, ҳайвонлар  ва ўсимликлар ҳисобига яшовчи паразитларнинг 15 мингдан зиёд тури маълум. Шулардан аскарида ва острица гижжалари инсонларда кўпроқ учрайди. Гижжалар ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари ҳамда даволаш усуллари хусусида вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази паразитолог-шифокори Азиз ҲАСАНОВ билан суҳбатлашдик.

ГИЖЖАЛАР - ЎЗИ НИМА?

- Одам ва ҳайвонларнинг аъзо ва тўқималари ҳисобига яшовчи майда чувалчанглар - гижжа (гельминт)лар келтириб чиқарадиган касалликлар гельминтозлар дейилади. Гижжа касаллиги инсониятга жуда қадим замонлардан маълум бўлиб, Абу Али ибн Сино гижжалар иштаҳа бузилиши, тана ҳарорати  кўтарилиши, мия фаолияти, юрак соҳасидаги нохуш сезги ва ичак  фаолияти бузилиши каби оғир ва хавфли ҳолатлар (симптомлар)ни келтириб чиқаришини айтиб берган.

ҚАНДАЙ НАМОЁН БЎЛАДИ?

- Эътибор берсангиз, кўпинча болаларда тирноқ тишлаш одати бўлади. Бунга бефарқ бўлмаслик керак. Чунки қўл ювилган тақдирда ҳам тирноқда қолган инфекциялар нафақат гижжа, балки ичак инфекциялари, ҳатто гепатит А касаллигини ҳам келтириб чиқарувчи омилдир. Гижжаларнинг  хили, сони ва қайси органда паразитлик қилишига қараб касаллик турлича кечади. Ҳар бир паразитнинг ўзи "яхши кўриб" яшайдиган аъзоси бўлади ва шу аъзони у маълум даражада шикастлайди. Умумий белгилари - ҳолсизланиш, камқонлик, жиззакилик, кўнгил айниши, ич кетиши, бош айланиши, доимий чарчоқ, вазн йўқотишдир. Терида тошмаларнинг пайдо бўлиши паразитларнинг токсинлари ҳисобига юз беради. Гижжа ичакда бўлса, ич кетади ёки қотади, кўнгил айнийди. Жигарда бўлса, кўз оқи ва бадан сарғаяди, шиш пайдо бўлади, терига ҳар хил доғлар тушади. Ўпкага жойлашган паразитлар иситма чиқариб, йўтал пайдо қилиши мумкин. Шунингдек, "майда текинхўрлар" туфайли одамнинг меҳнат қобилияти пасаяди, болалар ривожланишдан орқада қолади, хотира пасайиб, уйқу бузилади, ҳатто тиш ғичирлатиш одатга айланади.

ЮҚИШ ЙЎЛЛАРИ

- Гижжалар турига қараб ҳар хил усулларда юқиши мумкин. Масалан, лямбля - ўзидан ўзи одам организмида кўпаяди. Иштаҳа бўғилиши, эрталаб нонушта қилишга қийналиш, болаларда инжиқлик, жиззакилик, ўз-ўзидан ич кетиши ва қотиши - унинг асосий аломатидир.

Лямбля, асосан, оғиз бўшлиғига ифлосланган таом ёки егулик орқали тушади. Уни даволаш учун кўпинча клизма қилишади. Ҳолбуки,  бу усул уни йўқотишда ёрдам бермайди. Чунки клизма лямбля ўрнашган жойгача етиб бормайди. Лямбля ўт йўлларида, ўн икки бармоқли ичакда паразитлик қилади. Биз таом тановул қилганимизда, овқат ҳазм бўлиши учун ошқозондан кейин ўн икки бармоқли ичакка ўтади. Лямбля ўн икки бармоқли ичакда одам организми учун зарур витаминлар, минераллар, калий, кальцийлар билан озиқланади. У қайнатилмаган сув ва ичимликлардан юқиши мумкин. Шу боис ичимлик суви билан боғлиқ муаммоли жойларда кўп учрайди.

Острица организмга жойлашгач, 4-6 соат ичида касаллик қўзғатади.  Аксарият ҳолларда болаларнинг бир майдончада ўйнаши, битта тувак, идиш-товоқдан фойдаланиш уни юқтиришга йўлдир. Острица, асосан, ўн икки бармоқли ичак ҳамда йўғон ичакда жойлашиб, ўрмалаб ҳаракатланади ва тухум қўяди. Сўнг ўша соҳада қичишиш юзага келади. Ушбу гельминтлар 1-1,5 ой ҳаёт кечиради.

Аскарида эса кўп ҳолларда тозаланмаган маҳсулотлар ҳамда ҳашаротлардан тарқалиб, ошқозон, меъда ости бези, жигар, ўт қопи йўлларида ҳаракатланиши мумкин. Аскаридоз паразитлари билан касалланган болаларда нейродермит, астма, экзема, пневмония каби хасталиклар учраши мумкин. Аскариданинг ҳаёт цикли бир неча йилларга етади.

Бола организми курашиш қобилияти пастлиги боис паразит бемалол кўпаяди. Аскарида ювилмаган мева ва сабзавотлар ҳамда кўкатлар орқали инсон организмига тушади. Кўпинча зарарланиш болаларнинг ҳайвонлар билан мулоқотида, улар ахлати тушган тупроқ ва қумларда ўйнаганда ҳам кузатилиши мумкин. Шу сабабли болалар кўчада ўйнаб келганидан сўнг қўлларини ювишини назорат қилиш керак.

Шунингдек, гижжалар организмдаги витаминлар, углеводлар, оқсил ва минерал моддаларни сўриб олади, организмда камқонлик (анемия) ва витаминлар етишмаслиги (авитаминоз) келиб чиқади. Жуда кўп касалликларни, жумладан, тутқаноқ, паришонхотирлик, терига оқ доғлар тушиши,  бронхит, бронхиал астма, дерматит, бронхопневмония ва бошқаларни келтириб чиқаради. Бунинг оқибатида организм иммунитети пасайиб, ўткир касалликлар сурункали шаклга ўтиб кетади. Организм касалликка чалинувчан ва мойил бўлиб қолади.

ДАВОЛАШ МУМКИНМИ?

- Касаллик ҳар бир одамда ўзига хос кечади, шуни ҳисобга олган ҳолда, даволаниш муолажасини олишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш керак. Агарда паразитлар борлигига гумон қилинса, биринчи навбатда нажас анализи бир неча кун оралиғида 3 марта олинади. Гельминтлар ҳамда умумий таҳлил учун қон анализи қилинади. Шунингдек, ички аъзолар ультратовуш текширувидан ва рентгенографиядан ўтказилади. Йилида икки марта шифокор кўригидан ўтиб, гигиена ва тозаликка эътибор қаратсангиз, паразитлар сизни безовта қилмайди.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.