Жараён 22.09.2018 96

МАЙДАЁБУДА КЎПЛАБ МУАММОЛАР ҲАЛ ЭТИЛДИ

Сайёр қабул

МАЙДАЁБУДА КЎПЛАБ МУАММОЛАР ҲАЛ ЭТИЛДИ

Косон туманидаги Майдаёбу маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ишчи гуруҳи, вилоят ва туман халқ қабулхонаси раҳбарлари, вилоят ва туман даражасидаги ташкилот ва идораларнинг масъул ходимлари, сектор раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ташкил этилди.

Маълумки, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва самарали усулларини жорий этиш бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланган. Шунга монанд, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида жойларда ўтказилаётган учрашув ва очиқ мулоқотларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, чекка, олис бир қишлоққа Президент администрацияси вакиллари, тегишли раҳбарларнинг келиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиши, уларни қийнаб келаётган муаммоларни тинглаб, буни ҳал этиш чораларини кўриши аслини олганда жаҳон тажрибасида жуда камдан-кам учрайдиган воқелик. Аҳамиятлиси, бу сўнгги йилларда мамлакатимизда барча даражадаги раҳбарларнинг одатий иш услубига айланиб улгурди. Президентимиз томонидан “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган қатъий тамойил бугун ҳаётимизда тўла-тўкис ўз аксини топмоқда. Буни Косон туманининг олис қишлоқларидан бири – Майдаёбуда ўтказилган сайёр қабул ҳам яна бир маротаба тасдиқлаб берди.

Шу куни маҳалла фуқаролари ўзини қийнаб келаётган муаммоларни очиқ-ойдин баён этишди. Шахсий, оилавий муаммолар билан бир қаторда, кўпчиликни қийнаб келаётган, маҳалла аҳолиси учун умумий бўлган муаммолар ҳам ўртага ташланди. Фақат муаммолар эмас, умумманфаатига хизмат қиладиган таклифлар ҳам билдирилди.

Сайёр қабулда мурожаат қилган аксарият фуқаролар электр таъминотидаги узилишлардан норози бўлишди. Бунга сабаб эса қувват етишмаслиги эмас, балки қишлоқдаги электр тизимининг анча эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолгани, тез-тез авария ҳолатлари содир бўлиб туриши экан. 

Бу ҳолат дарҳол эътиборга олиниб, яроқсиз эски ёғоч устунлар янги темир-бетон устунларга алмаштириладиган, ҳаво кабеллари янгиланадиган бўлди. Таъминот корхоналари раҳбарларига ишни шу куннинг ўзидаёқ бошлаш бўйича қатъий топшириқ берилиб, ижроси назоратга олинди.

Бундан ташқари, аҳоли томонидан уй-жойларига кадастр ҳужжатини олиш бўйича қилинган мурожаатлар ҳам кўпчиликни ташкил этди. Қишлоқдаги аксарият уй-жойларнинг ҳеч қандай ҳужжати мавжуд эмас. Чунки бу ерда аҳоли азалдан яшаб келган. Қўни-қўшни, қариндош-уруғлар сенинг жойинг, менинг жойим қилмасдан, бўш турган жойларга уй-жой қуриб, кўчиб чиқаверган. Ҳеч қандай ҳужжат ҳақида бош қотирмаган.

Шу боис кадастр масаласи билан боғлиқ барча мурожаатлар умумлаштирилиб, аниқ муддат ичида ҳал этиш бўйича масъул раҳбарларга топшириқ берилди ва ижроси устидан назорат ўрнатилди.

Шунингдек, аҳоли томонидан иш билан бандлик,  тадбиркорлик, қишлоқнинг ички йўлларини таъмирлаш ва шу каби масалалар билан боғлиқ қатор мурожаатлар бўлди. Муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилди, айримлари бўйича тегишли йўл хариталари ишлаб чиқиш, муаммони қисқа муддатда тизимли равишда ҳал этиш бўйича масъуллар белгиланиб, уларга аниқ топшириқлар берилди.

Тадбир давомида маҳалла аҳолиси ўндан ортиқ касалликлар бўйича чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ҳам ўтказилди. Бунда тиббий муолажа талаб қиладиган касаллиги бор 102 нафар фуқарога амбулатор ёки стационар тартибда даволаниш учун тегишли тиббиёт муассасаларига йўлланмалар берилди.

Косон тумани ҳокимлиги ва туман газ таъминоти корхонаси томонидан кам таъминланган аҳоли вакилларига газ плита ва маиший газ баллонлар тарқатилди.

Шу куни маҳалла аҳлини йиллар давомида қийнаб келаётган кўплаб муаммолар амалий ҳал этилди. Бу кун қишлоқдошларнинг ҳаётга бўлган ишончини, амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини янада оширган, халқ ва раҳбарлар муштараклигини таъминлаган кун сифатида ёдида қоладиган бўлди. Кечга бориб, вилоятимиз санъат усталари томонидан қишлоқда ўтказилган концерт дастури эса бу шукуҳни янада оширди.

С.НАСИЛЛАЕВА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Косон

туман Халқ қабулхонаси иш юритувчиси