Жараён 12.03.2019 133

МАКТАБ БИТИРУВЧИЛАРИ "ВАТАНПАРВАРЛАР БОҒИ"ДА САЙР ҚИЛИШДИ

МАКТАБ БИТИРУВЧИЛАРИ "ВАТАНПАРВАРЛАР БОҒИ"ДА САЙР ҚИЛИШДИ

Маълумки, Қарши шаҳридаги "Ватанпарварлар боғи" Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган бўлиб, бу маскан бугун ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида шонли тарихимиз, буюк аждодларимизга нисбатан фахр ва ифтихор туйғуларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Айни пайтда вилоятимиз аҳолиси, меҳмонлари, айниқса ёшлар бу боғга келиб, юртимиз тарихига оид кўплаб маълумотлар билан танишишга иштиёқманд.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда бошқа қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида "Амир Темурнинг ҳарбий юришлари ва жаҳон ҳарб санъатига қўшган ҳиссаси" деб номланган тадбирда ҳам Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи, Ғузор, Деҳқонобод, Косон ҳамда Қарши туманларидаги ўрта мактабларнинг битирувчи синфларида таҳсил олаётган 850 нафар ўқувчи қатнашди.

Ўқувчиларга Қарши давлат университети профессори Санжар Чориев, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ўроз Ҳайдар,   Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассислари томонидан Амир Темурнинг  жасорати, ҳарбий юришлари, давлатчилик  бошқаруви ва бунёдкорлик ишлари ҳақида кенг маълумот берилди.

Тадбирда буюк бобокалонимиз ҳақида шеърлар, қўшиқлар янгради.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ